Янги Ўзбекистоннинг мафкураси — эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси
УЧИНЧИ РЕНЕССАНС ВА МАЪНАВИЙ-МАЪРИФИЙ УЙҒОНИШ
“Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси — бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси — аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият”.
Ушбу фикрларни Президентимиз маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича жорий йил 19 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирди. Давлатимиз раҳбари мазкур йиғилишда сўзлаган нутқнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти шу кунларда кенг жамоатчилик орасида қизғин муҳокама қилинмоқда.
Ренессанс ва маънавият: тарихий ўзаро узвийлик
Биз буюк тарих, буюк давлат, буюк маданият яратган, дунё тамаддуни ривожига улкан ҳисса қўшган, адолатни қадрлайдиган халқ фарзандларимиз. Шонли тарих шоҳидки, IХ-ХII асрларда минтақамизда юз берган ва Мусулмон Ренессанси деб номланган Биринчи Шарқ Уйғониш даврида ҳам, бутун дунёда Темурийлар даври Ренессанси дея эътироф этилган ХIV-ХVI асрлардаги Иккинчи Шарқ Уйғониш даврида ҳам жамиятда эътиқод — мустаҳкам, маънавият — кучли, инсонлар дунёқарашида маънавият — устувор, давлатчилик тузумида маънавият ва маърифат — етакчи бўлган.
Шарқнинг бутун инсоният тарихидаги нодир ижтимоий ҳодиса бўлган ҳар икки Ренессанси буюк аждодларимизнинг илм-маърифат ва кучли эътиқод, диний бағрикенглик ва инсонпарварлик борасидаги эзгу ғоялари билан йўғрилган эди. Бу ғоялар бизнинг давримизда, Ўзбекистон мустақиллиги йилларида алоҳида, янада теран маъно-мазмун касб этиб бормоқда.
Ҳар икки Ренессанс даврида илму ижод билан машғул бўлган буюк аждодларимиз ва улуғ алломаларимиз ўзларининг юксак маънавияти, собит эътиқоди, ҳавас қилса арзигулик миллий ғурур ва фахр-ифтихор туйғулари, миллий ҳамда умуминсоний қадриятларга йўғрилган гўзал ва ноёб фазилатлари билан алоҳида ажралиб турган.
Севимли шоиримиз Абдулла Ориповнинг машҳур “Ўзбекистон” қасидасида эътироф этилганидек:
“Темур тиғи етмаган жойни
Қалам билан олди Алишер”.
Темурийлар даври Ренессансининг ёрқин намояндаси бўлмиш давлат арбоби, буюк аллома, улуғ шоир ва мутафаккир аждодимиз Алишер Навоийнинг олиймақом маънавияти юртимиз асрлар оша тараққий топиши ҳамда миллатимиз қадр-қиммати олам аро юксалиши борасида буюк соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг моҳирона давлатчилик фаолияти ва ҳарбий жасоратидан сира кам бўлмаган даражада улуғвор ўрин тутади.
Президентимиз ёшларни ватанпарварлик, миллий ифтихор руҳида тарбиялаш, бунинг учун тарихни яхши ўргатиш, бу йўналишдаги илмий-тадқиқотларни кенгайтириш муҳимлигини алоҳида таъкидлади ва қатор устувор вазифаларни белгилаб берди.
Тошкент шаҳридаги “Ғалаба боғи” мажмуасини халқимиз, айниқса, ёшлар учун ҳарбий тарих ва аждодларимиз қаҳрамонлигини ўрганиш бўйича илмий марказга айлантириш, Ўзбекистонда тарих фанини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш, ўзбек тилининг давлат тили мақомини кучайтириш, юртимизда ва хорижда уни ўрганиш бўйича замонавий технологияларни жорий этиш шулар жумласидандир.
Президентимиз қайд этганидек, “Миллий тарихни миллий руҳ билан яратиш керак. Акс ҳолда унинг тарбиявий таъсири бўлмайди. Биз ёшларимизни тарихдан сабоқ олиш, хулоса чиқаришга ўргатишимиз, уларни тарих илми, тарихий тафаккур билан қуроллантиришимиз зарур”.
Бинобарин, ана шу саъй-ҳаракатларимиз самараси сифатида юзага чиқадиган маънавий-маърифий Уйғониш биз бунёд этишга киришган Учинчи Ренессанс учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади. Янада аниқ қилиб айтганда, ҳар қандай Ренессанснинг муҳим асосини маънавий-маърифий уйғониш ташкил этади.
Таъкидлаш керакки, давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида, Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига байрам табригида, шунингдек, Ўзбекистон ёшларининг биринчи форуми ҳамда Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишларида маънавият йўналишидаги долзарб вазифаларни, маънавий-маърифий янги Уйғонишнинг илмий-назарий ва методологик асосини яратиб берди.
Янги Ўзбекистоннинг инсонпарвар мафкураси
Президентимиз таъкидлаганидек, “Биз яратаётган янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади”. Мафкура, аввало, фикр тарбияси, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбияси, деганидир. Бу қадриятлар эса халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига таянади.
Бугунги кунда дунёда кескин кураш ва рақобат ҳукм сурмоқда, манфаатлар тўқнашуви кундан-кун кучаймоқда. Айниқса, глобаллашув жараёнлари инсоният учун беқиёс янги имкониятлар билан бирга кутилмаган муаммоларни ҳам келтириб чиқараётганига асло бефарқ қараб бўлмайди.
Чунки айни шу глобал миқёсли жараёнларда миллий ўзлик ва маънавий қадриятларга қарши таҳдид ва хатарлар тобора кучайиб бормоқда. Айни чоғда, фақат ўзини ўйлаш, меҳнатга, оилага енгил қараш, истеъмолчилик кайфияти турли йўллар билан одамлар, айниқса, ёшлар онгига устомонлик билан сингдирилаётгани ҳам сир эмас.
Афсуски, бугунги болаларимизни ота-она, боғча, мактаб ёки институт эмас, аксарият ҳолларда қўлидаги телефон “тарбияламоқда”. Президентимиз куюниб қайд этганидек, “Миллий маънавиятимизга мутлақо бегона бўлган зарарли ғоялар, тушунча ва қарашлар чегарани бузмасдан, билдирмасдан, таъбир жоиз бўлса, “чақирилмаган меҳмон” бўлиб хонадонимизга, жамиятимизга, энг ёмони, мурғак болаларимизнинг покиза қалби ва юрагига кириб келмоқда”.
Президентимиз бундай таҳликали вазиятда лоқайдлик ва бепарволик энг катта хавф эканини уқтирар экан, соҳада айрим камчиликлар мавжудлигига эътибор қаратди.
Авваламбор, бугун учраётган ижтимоий муаммоларни камайтириш учун нуронийлар тарбияси, жамоатчилик назорати етишмаяпти. Қолаверса, ижтимоий-маънавий муҳитни илмий асосда таҳлил қилишни даврнинг ўзи талаб этмоқда.
Жамиятимизда маънавий-маърифий ишлар айни шундай асосда йўлга қўйилмагани учун ҳам кутилган натижани бермаяпти. Бунга биргина мисол. Олий суднинг Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармаси маълум қилишича, 2020 йилда судланган шахсларнинг 10 мингдан ортиғини ёшлар ташкил қилган.
Агар ўтган йили Ўзбекистонда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 38 минг 149 нафар шахсга нисбатан 30 минг 284 та иш кўриб чиқилгани назарда тутилса, судланган шахсларнинг деярли учдан бири навқирон фуқаромиз эканини англаш қийин эмас.
Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари Республика Маънавият ва маърифат маркази ишини танқидий ўрганиб чиқиш, фаолиятини тубдан такомиллаштиришни, ушбу марказнинг “Маънавият тарғиботчиси” ўқув муассасаси негизида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтини ташкил этиш ва Марказ барча ҳудудий кенгашлар, вазирлик, идора ва ташкилотларнинг маънавий-маърифий фаолиятини мувофиқлаштириб бориши зарурлиги тўғрисида амалий таклифларни илгари сурди.
Бунинг натижасида, биринчи навбатда, мамлакатимизда маънавий-маърифий ишларни сифат ва мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтариш имконияти туғилади. Зеро, бу янги Ўзбекистондаги шиддатли янгиланишларнинг долзарб талабидир.
Шу билан бирга, ҳозирги пайтда маънавият тарғиботи билан шуғулланаётган ўнлаб ташкилотларнинг фаолияти аниқ мувофиқлаштирилмагани туфайли кузатилаётган бир-бирини такрорлаш ҳолатларига барҳам берилади.
Маънавият индикаторлари нима?
“Савол туғилади: мана, иқтисодий камбағалликни қисқартириш бўйича катта ишларни бошладик. Лекин маънавий қашшоқликни қандай қисқартирамиз? Фикр қарамлигидан қандай қутуламиз? Ислоҳотларимиз учун зарур бўлган маблағ ва инвестицияларни қийинчилик билан бўлсаям топяпмиз, аммо маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш учун руҳий ресурсни қаердан топамиз”.
Президентимиз худди шу саволларни кун тартибига қўйди. Янада муҳими, давлатимиз раҳбарининг бу борадаги фикрларида маънавиятнинг ўзига хос индикаторлари, яъни маънавият даражасини белгилаш мезонлари қандай бўлишига доир чуқур тушунчалар ўз аксини топди.
Маънавият даражасини белгиловчи мезонлар борми?
Биринчи мезон — маънавият ва ҳуқуқ. Маънавиятни юксалтириш соҳасидаги барча саъй-ҳаракатларни ҳуқуқий майдонда амалга ошириш лозим. Хусусан, ёшлар онгу тафаккурини ҳимоя қилиш учун бевосита қонунчилик асосида иш кўришимиз керак.
Маънавий тарбия ва таълимни бир-биридан ажратиб бўлмайди. “Бешикдан то қабргача илм изла” ҳадиси ҳам яхлит узлуксиз маънавий тарбия ва таълим тизимини яратиш зарурлигини кўрсатиб турибди.
Токи маънавий тарбия билан маънавий-ҳуқуқий тарбиянинг ўзаро узвийлиги таъминлансин. Бу ҳақда фикр юритганда, кейинги йилларда ушбу соҳани янгилаш мақсадида қатор қонун ва қарорлар қабул қилинганини қайд этиш лозим.
Кейинги тўрт йилда Республика Маънавият ва маърифат кенгаши раиси Президент экани белгилаб қўйилиши ва кенгашнинг ҳудудий бўлимларига масъуллик ҳокимлар зиммасига юклатилиши қатъий ҳуқуқ майдонида амалга оширилди. Қонуний асосда жорий этилган ушбу ўзгаришлар маънавий-маърифий ишларни давлат сиёсатида янада юксак ўринга кўтарди.
Ўз навбатида, соҳа қонунчилигини янада ривожлантириш — давр талабидир. Давлат раҳбари қайд этганидек, “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш керак. Лекин Ватан, халқ тақдири ўртада турганда, керак бўлса, қонун ҳам ўз кучини кўрсатиши шарт”.
Иккинчи мезон — маънавият институтлари тизимини ривожлантириш. Бу ўринда, жумладан, Республика Маънавият ва маърифат маркази фаолиятини тубдан такомиллаштириш назарда тутилмоқда. Президентимиз қайд этганидек, ушбу марказ ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг моддий-техник таъминоти кескин кучайтирилади, унинг фаолияти илмий тадқиқот ва тарғибот-ташвиқот йўналишларида қайта ташкил қилинади.
Улар фаолиятини “Янги Ўзбекистон — Учинчи Ренессанс сари” ғояси асосида миллий инсон капиталини ривожлантиришга қаратиш лозим бўлади.
Учинчи мезон — маънавият тарғиботчиларини тарбиялаш, маънавият таълими тизимини шакллантириш. Бу борадаги асосий вазифа мамлакатимиз ҳаётининг турли соҳаларида фаолият юритаётган ҳар бир мутахассис юксак маънавиятли шахс, содда қилиб айтганда, лафзли инсон бўлишига эришишдир.
Шу мақсад йўлида:
- жорий йилдан маънавият ва маърифат соҳаси ихтисосликлари фанлар классификаторига киритилиб, бу йўналиш бўйича етук кадрлар тайёрлаш ишлари бошланади;
- мактабгача таълим муассасаларига жажжи ўғил-қизларимизни болалигиданоқ билимли ва фазилатли этиб тарбиялаш учун методик ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилади;
- мактаблар, ўрта махсус ва олий таълим даргоҳларида мавжуд штат бирликлари доирасида ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор лавозими жорий этилади;
- ҳар бир маҳаллага “Бир зиёли — бир маҳаллага маънавий ҳомий” тамойили асосида профессор-ўқитувчи ва таниқли зиёлилар бириктирилади;
- Тошкент шаҳар нуронийларининг тарбияси оғир, ишсиз ёшларга кўмаклашиш бўйича ташаббуси кенг татбиқ қилинади;
- ҳудудлар марказида намунавий лойиҳа асосида Маънавият ва маърифат масканлари барпо этилиб, маҳаллий бюджетлар ҳисобидан соҳага қўшимча штатлар ажратилади.
Тўртинчи мезон — маънавият тарғиботи ишлари мониторинги. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, ижтимоий-маънавий муҳитни илмий асосда таҳлил қилишни даврнинг ўзи талаб этмоқда.
Айниқса, бугун ҳаёт янгича фикрлаш ва ишлаш ҳамда миллий “ақл марказлари”ни шакллантиришни талаб этмоқда. Атрофимиздаги барча сиёсий-ижтимоий жараёнларни чуқур тушуниб, таъсирчан тилда етказиб берадиган таҳлилчи ва экспертларимиз жуда кам, деди Президентимиз.
Бундай вазиятда жамиятимизни маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш борасидаги илмий-амалий тадқиқотларни тубдан қайта кўриб чиқиш зарур. Нега деганда, давлат раҳбари доимо такрорлаб келаётганидек, “илмга асосланмаган соҳанинг келажаги бўлмайди”.
Шу нуқтаи назардан, Маънавият ва маърифат, “Тараққиёт стратегияси”, Ислом цивилизацияси марказлари, ижтимоий-гуманитар йўналишдаги тадқиқот институтларини ҳақиқий “ақл марказлари”га айлантириш вазифаси кун тартибига қўйилди.
Бешинчи мезон — маънавият ва жаҳон ҳамжамияти. Глобаллашиб бораётган бугунги дунёда терроризм, экстремизм, трансмиллий ва кибержиноятчилик, одам савдоси, наркотрафик каби таҳдидлар хавфи ортиб, ҳатто баъзи ҳудудларда атайин беқарорлик ва норозилик кайфиятлари тобора авж олдирилмоқда. Шундай қалтис ҳамда мураккаб шароитда ҳар биримиз ҳушёр ва огоҳ бўлиб, халқимизнинг тинчлиги, мамлакатимиз манфаатларини ўйлаб яшашимиз фарзу қарздир.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, айни вақтда дунёнинг жуда кўп минтақаларида инсоний қадриятлар емирилмоқда. Ҳатто иқтисодий тараққиёти юксалаётган аксарият мамлакатларда ҳам маънавият инқирозга юз тутмоқда.
Айниқса, пандемия шароитида айрим ўлкаларда бетоқатлик, тажовузкорлик кайфиятлари кучайиб бораётгани ачинарлидир. Бугун дунёда содир бўлаётган шу каби ташвишли воқеликларнинг барчаси Ўзбекистон Президенти ҳақ эканини, яъни иқтисодий ва маънавий юксалиш уйғунлигини таъминлаш зарурлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Янги Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича янги халқаро шартномалар қабул қилиниши ташаббуси билан чиқмоқда. Бундай ташаббусларнинг амалий ифодасини, жумладан, 2018 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси қабул қилингани, шунингдек, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенцияси лойиҳаси ишлаб чиқилгани мисолида кўриш мумкин. Президентимиз 75-сессиядаги нутқида мазкур ҳужжатни қабул қилиш заруратига халқаро ҳамжамият эътиборини яна бир бор қаратди.
Маънавий-маърифий соҳада халқаро ҳамкорликни изчил ривожлантириш йўлида мамлакатимиз ана шундай ташаббускор одимларини дадил давом эттириши лозим. Хусусан, турли хуружларга қарши курашиш борасида миллий маънавиятимизнинг ўзига хос хусусиятлари билан халқаро ҳамжамиятни изчил таништириб боришда хорижий давлатлардаги элчихоналаримиз имкониятларини ишга солиш айни муддаодир.
Зеро, Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида таъкидлаганидек, “Биз хавфсизлик ва барқарор тараққиёт йўлидаги умумий хатарларга қарши янгича ёндашувлар асосида ва яқин ҳамкорликда ишлашимиз зарур”.
Шундай экан, албатта, ўзбек халқининг юксак маънавиятини, бой миллий маданий, тарихий, маърифий меросини, хусусан, китобат ва хаттотлик, мусиқа ва рақс, кино ва театр санъати, меъморлик ва ҳунармандчилик, заргарлик ва кандакорлик, пазандалик ва қандолатпазлик бобидаги маҳоратини дунёга кенг ҳамда изчил тарғиб қилиш тақозо этилади.
Маънавият ва миллат
Президентимиз таъкидлаганидек, билимли одам — эътиқодли бўлади. Маънавият вакцинасини ҳар бир миллатнинг ўзи яратади. Бугунги маънавий қашшоқлик — адолатли ҳақиқатдир.
Ҳақиқатан ҳам, иқтисодиёт ва маънавият уйғунлигига эришмоғимиз шарт. Ҳозирги кунда иқтисодий камбағалликни тугатиш чораларини кўряпмиз, лекин маънавий қашшоқликка барҳам бериш борасидаги натижаларимиз билан ҳали мақтана олмаймиз.
Одатда пахта даласидаги ғўзалар ё боғдаги меваларга қурт ёки ғаллага занг тушса, унга қарши курашишга дарров отланамиз. Бироқ миллий маънавиятга зиён етказадиган “қурт”ларга нисбатан негадир кўпинча бепарвомиз.
Бу борада, бир томондан, илм-фанга таянган ҳолда, иккинчи томондан, “Гап — кам, иш — кўп” деган ақидага амал қилган ҳолда иш олиб боришимиз керак. Яъни иқтисодий ва маънавий тараққиётнинг узвийлигига эришиш лозим. Маънавият ҳур ва эркин бўлишини таъминлашимиз даркор.
Бунинг учун, аввало, сўз ва ижод эркинлиги омили улкан аҳамият касб этади. Шу билан бирга, ўзбек ва жаҳон адабиёти сара намуналарини мунтазам ўқиб-ўрганиш, китобхонлик ва мутолаа маданияти кўмагида миллий маънавият ва маърифатни юксалтириш ниҳоятда муҳим.
Шунинг учун мамлакатимизда миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, жамиятда адабиёт ва китобхонликни янада ривожлантириш мақсадида “Ижод” жамоат фонди негизида Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилаётгани эътиборга сазовор.
Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз таъкидлаганидек, “Агар кимдир, маънавият масаласи — бу фақат Маънавият маркази ёки тегишли вазирлик ва идораларнинг иши, деб ўйласа, хато қилади. Буларнинг барчаси олдимизда турган энг асосий, энг муҳим вазифалардан биридир”.
Aкмал Саидов,
академик
("Янги Ўзбекистон" газетаси, 2021 йил 26 январь)
- Қўшилди: 26.01.2021
- Кўришлар: 4780
- Чоп этиш