Танзила Норбоева: Минтақамиз келажаги болалар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишимизга боғлиқ

Тошкент шаҳрида ўтказилаётган Марказий Осиё давлатлари Болалар омбудсманларининг биринчи халқаро форумида Сенат Раиси Танзила Норбоева болалар ҳуқуқларини таъминлаш ва уларнинг баркамол ривожланиши ҳар қандай жамият барқарор тараққиётининг асосий пойдевори эканини таъкидлади.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди. “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Таълим тўғрисида”, “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.

Парламентда Болалар ҳуқуқлари бўйича вакилнинг мустақил институти фаолият олиб боради, у ҳар йили болаларнинг аҳволи ва қонунчилик ҳолати тўғрисида ҳисобот тақдим этади.

Кенг кўламли институционал ислоҳот амалга оширилмоқда. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди, болалар ҳуқуқлари бўйича ҳудудий вакиллар фаолияти йўлга қўйилди. Бош вазир ва ҳокимлар раҳбарлигида болалар ишлари бўйича комиссиялар жойларда фаолият кўрсатмоқда.

– Минтақамиз келажаги бевосита болалар ҳуқуқларини қанчалик самарали ҳимоя қила олишимизга, уларнинг ҳар томонлама таълим-тарбия олиши ва саломатлиги учун шароит яратиб беришимизга боғлиқ, – деди Т.Норбоева. – Шу боис, форум доирасида нафақат миллий тажриба, балки қўшма ташаббус ва саъй-ҳаракатлар муҳокама этилаётгани алоҳида аҳамиятга эга. Айтиб ўтиш керакки, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ўртасидаги маслаҳат учрашувлари ҳамкорликнинг самарали платформасига айланди. Ушбу жараён асосида Парламентлараро форум, Етакчи аёллар мулоқоти, Ёшлар мулоқоти, шунингдек, минтақавий долзарб вазифаларни ҳал этишга қаратилган қатор тузилмалар ташкил этилди. Шу маънода, Болалар ҳуқуқлари бўйича вакилларнинг минтақавий платформаси яратилгани муҳим қадамдир.  

Ушбу платформа бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида конструктив тажриба алмашиш, умумий муаммоларни самарали ҳал этиш, минтақавий ва трансмиллий таҳдид ҳамда чақириқларга қарши курашишда ягона ёндашувларни ишлаб чиқишга, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари болалар омбудсманлари институтлари салоҳиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Н.Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech