Сенатда Ўзбекистоннинг устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни яхшиланиши тўғрисидаги миллий маъруза муҳокама қилинди

Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасининг устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни яхшиланиши тўғрисидаги миллий маъруза кўриб чиқилди.

Сенаторлар мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш, инвестициявий жозибадорлигини ошириш ҳамда давлат бошқаруви самарадорлигини баҳолашда муҳим аҳамият касб этадиган устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги мавқеини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишларни атрофлича муҳокама қилди.

Иқтисодиёт ва молия ҳамда Адлия вазирликлари мутасаддилари томонидан ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий соҳалардаги кўрсаткичлар бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан батафсил маълумот берилди.

Маърузада таъкидланганидек, 2024 йилда мамлакат учун устувор деб белгиланган 20 та халқаро рейтинг ва индекслардан 10 тасида Ўзбекистоннинг кўрсаткичлари яхшиланди, 2 тасида ҳолат ўзгармасдан қолди, 2 таси бўйича эса натижалар ҳали эълон қилинмаган.

Ушбу натижалар давлат органлари, жамоатчилик ва фуқаролик жамияти институтларининг мувофиқлаштирилган ҳамкорлиги, аниқ индикаторлар асосида амалга оширилган ислоҳотлар самараси экани таъкидланди. Жумладан, “Электрон ҳукуматни ривожлантириш индекси”да Ўзбекистон 6 поғонага юқорилаб, 193 давлат орасида 63-ўринни эгаллади. Мамлакат “юқори”дан “жуда юқори” тоифага ўтган 17 давлат қаторига кирди.

“Аёллар, бизнес ва қонун” индексида 48 поғонага сакраш ҳисобига 190 мамлакат ичида 91-ўрин, 82,5 балл кўрсаткич қайд этилди. Сўзга чиққанлар бундай кўрсаткич гендер тенглиги, аёллар ҳуқуқлари ва имкониятларини таъминлаш борасида амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотларнинг натижасидир.

Иқтисодий эркинлик индексида ҳам 6 поғонага ўсиш қайд этилди ёки Ўзбекистон 103-ўринни эгаллади. Шунга қарамасдан, Давлат бюджети ва давлат қарзига оид кўрсаткичлар ҳали ҳам изчил ислоҳотларни давом эттириш талаб этилмоқда.

Муҳокама давомида таъкидланганидек, сўнгги йилларда халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашнинг миллий тизими яратилган ва шу тариқа парламент назорати кучайтирилди. Ҳар йили тайёрланадиган миллий маърузада давлат органлари фаолияти, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлиги ва қонунчиликни такомиллаштириш зарурати юзасидан холис ва таҳлилий маълумотлар тақдим этилмоқда.

Шу билан бирга, Миллий маъруза таҳлиллари айрим рейтинг ва индексларда пасайиш ҳолатларини ҳам кўрсатди. Хусусан, айрим соҳалардаги коррупция ҳолатлари, қонунларга риоя этишдаги муаммолар, матбуот эркинлигига оид камчиликлар мамлакатимизнинг рейтинглардаги мавқеига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида Олий Мажлис Сенати томонидан тегишли қарор қабул қилинди. Унда соҳалар бўйича аниқ тавсиялар ишлаб чиқиш, масъул идоралар фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назоратини кучайтириш, масъулиятни ошириш ҳамда рейтинг кўрсаткичларига салбий таъсир этувчи омилларни бартараф этиш бўйича истиқболга мўлжалланган қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech