“Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши кутилмоқда.
Мазкур қонун билан Жиноят кодексининг бир қатор моддаларига қўшимча ва ўзгартиш киритилмоқда. Жумладан, ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган ўта оғир бўлмаган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган, деб ҳисобланиши белгиланмоқда.
Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида шу ҳақда гап борди.

Қонунда вояга етмаганларга нисбатан озодликни чеклашнинг ҳамда озодликдан маҳрум қилишнинг энг кам муддати олти ойдан бир ойгача қисқартирилиши назарда тутилмоқда.
Ушбу қонун вояга етмаганларнинг жиноий жавобгарлигини янада либераллаштиришга хизмат қилади ва ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахсга ҳаётини судланганлик тамғасидан холи тарзда давом эттириши учун шароит яратади.
Кун тартибига кўра, Вазирлар Маҳкамасига вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун алимент ундириш ва тўлаш тизимини такомиллаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан юбориладиган парламент сўрови лойиҳаси кўриб чиқилди.
Мажлисда тегишли қарор қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА
- Қўшилди: 19.06.2025
- Кўришлар: 204
- Чоп этиш