“Montsame” ахборот агентлиги саҳифаларида давлатимиз раҳбарининг ушбу мамлакатга ташрифи батафсил ёритилмоқда.
Нашр маълум қилишича, Давлат саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух тор доирада ва расмий делегациялар иштирокида музокаралар ўтказган.
– Мўғулистон Марказий Осиё давлатлари, хусусан Ўзбекистон билан дўстона алоқани мустаҳкамлаш, барча соҳаларда ҳамкорлик кўламини кенгайтириш тарафдори экани таъкидланди, – деб ёзади муаллиф. – Президентларнинг бир йил ичида амалга оширган ўзаро давлат ташрифлари икки халқ дўстлигини янада мустаҳкамлашига ишонч билдирилди.
Ўзбекистон етакчисининг икки томонлама муносабатлар тарихидаги Мўғулистонга мазкур илк ташрифи кўп қиррали алоқаларни ривожлантиришда янги босқични бошлаб бериши алоҳида қайд этилди. Президентимиз мезбон томонни яқинлашиб келаётган Халқ инқилоби куни билан ҳам табриклади.
Мулоқот давомида муносабатларни янада ривожлантиришга доир долзарб масалалар кўриб чиқилган.
ЎзА
- Қўшилди: 25.06.2025
- Кўришлар: 444
- Чоп этиш