Япониянинг Хиросима шаҳрида атом бомбаси портлаши оқибатида ҳалок бўлганларни хотирлаш маросими бўлиб ўтди. Ушбу фожианинг 80 йиллигига бағишланган тадбир йирик телеканаллар ва Интернет орқали тўғридан-тўғри эфирга берилди.
Мэр Казуми Мацуи барчани ядро қуролига қарши “фуқаролик жамияти консенсуси”ни яратишга чақирди:
– Биз, фуқаролар таслим бўлмаслигимиз керак, – деди юқори мартабали мулозим. – Ҳақиқий тинчликка эришиш учун ядро қуролини йўқ қилиш истагини фуқаролик жамияти консенсусига айлантиришимиз лозим. Бунинг учун кейинги давр юкини зиммасига оладиган ёш авлод ҳарбий харажат, хавфсизлик ва ядро қуроли муаммоси ўз келажагига ғайри инсоний якун олиб келиши мумкин бўлган воситалар эканлигини англаб етиши шарт.
Маросимда Япония сиёсатчилари, 120 га яқин хорижий давлат ва вилоятлардан элчилар, вакиллар, шунингдек атом бомбаси даҳшатини бошидан кечирган шаҳар аҳолиси, уларнинг оила аъзолари иштирок этди.
1945 йил 6 августда портлаш ўчоғига айланган жойда қурбонлар хотирасига Тинчлик боғи барпо этилган. Бу манзилда ҳалок бўлганлар жасади ёқиб юборилган. Ҳозир фожианинг барча рамзий қурбонлари учун оммавий қабр мавжуд. Махсус ёдгорликда “Тинч ухланг, бу хато такрорланмайди” деган ёзув бор.
Мемориал боғ ва музейда ўша машъум кунларга оид ҳужжатлар, экспонатлар сақланади. Атом қуролига эга барча мамлакатлар тилида аудио қўлланмалар мавжуд.
С.Раҳимов, ЎзА
- Қўшилди: 06.08.2025
- Кўришлар: 166
- Чоп этиш