Яшил тикланиш етакчилари: 10 йилда ўрмон майдонини энг кўп оширган давлатлар

Ўрмонлар сайёранинг «яшил ўпкаси» сифатида карбонат ангидридни ўзига ютади ва кислород ажратади. Бундан ташқари, улар ўзига хос экотизимлар ва сув айланиши циклларини шакллантириб, минглаб километр узоқликдаги ҳудудларга ҳам таъсир кўрсатади. Охирги ўнлаб йиллар ичида Амазония миллионлаб гектар ўрмонларни йўқотган бир пайтда, қатор давлатлар фаол равишда ўрмонларни қайта тиклаш дастурларини амалга оширмоқда.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) маълумотларига асосланган янги инфографика 2015 йилдан бери қайси мамлакатлар ўрмон майдонлари ўсиши бўйича етакчи эканини кўрсатади.

1970-йиллардан бери Хитой «Улуғ яшил девор» ташаббуси доирасида минглаб, ҳатто миллионлаб дарахтлар экиб келмоқда. Бу дастур Гоби ва Такла-Макон чўллари қумларининг шаҳарлар сари сурилиб боришини тўхтатиш учун ишлаб чиқилган. Лойиҳа 2050 йилгача якунланиши режалаштирилган бўлса-да, айрим минтақаларда дарахтларнинг яшаб қолиш даражаси пастлиги каби омилларни ўз ичига олган ҳолда, ундаги натижалар бир хил эмас. Шу билан бирга, 2015 йилдан бери мамлакатда ўрмон майдонларининг соф ўсиши 1,7 миллион гектарни ташкил этди.

 

Россия ўн йиллик даврда 942 минг гектарлик ўсиш билан жаҳонда иккинчи ўринни эгаллайди. Бу тенденцияга 2018 йилдан бошлаб йўлга қўйилган, ўрмон майдонлари ўсишини тезлаштиришга қаратилган миллий сиёсий чора-тадбирлар ҳисса қўшмоқда.

Фото: Visual Capitalist

Ҳиндистон ҳам ўрмонларни тиклаш бўйича катта миллий мақсадларни амалга оширмоқда. Иқлим бўйича ўз мажбуриятлари доирасида мамлакат 2030 йилгача 26 миллион гектар ўрмонни тиклашни режалаштирган. 2015 йилдан буён бу ерда ўрмон қопламининг соф ўсиши 191 минг гектарни ташкил этди, бу дунё бўйича учинчи кўрсаткич ҳисобланади.

Kun.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech