Европада ўқитувчилар уй сотиб олиши қанчалик осон?

“Euronews” кўҳна қитъада ўқитувчи 100 м² уй сотиб олиш учун неча ой ишлаши кераклигини ҳисоблаб чиқди. Мазкур таҳлил умумий ўрта таълим ўқитувчиларининг қонун ҳужжатларида белгиланган иш ҳақига асосланган ва ипотека фоиз ставкасини акс эттирмаган.

2023 йил ўтказилган сўров натижасига кўра, Буюк Британияда уй-жой масаласи одамлар ўқитувчилик фаолиятини танлашига сезиларли таъсир кўрсатади. Яъни, аҳолининг 57 фоизи мураббий маоши билан уй олиш имконсиз, деб ҳисоблайди.

Европанинг 24 давлати орасида Ирландия уй сотиб олмоқчи бўлган ўқитувчилар учун энг мақбул танлов ҳисобланади. Бу давлатда 100 квадрат метрлик мулк қуйи ўрта таълим ўқитувчилари маошининг 106 баробарига тенг. Яна бир неча мамлакатда ўқитувчи 10 йиллик маошини жамғариш орқали турар-жой сотиб олиши мумкин.

Айни муддат Испанияда 112 ой, Нидерландияда 114, Бельгияда 120, Люксембургда 145, Германияда 157, Португалияда 162, Англияда 175 ой. Бошқача айтганда, бу ўқитувчининг 15-20 йиллик иш ҳақи, дегани.

Италиялик ўқитувчи бунинг учун 191 ой меҳнат қилиши керак, кейинги ўринларда Норвегия (192) ва Австрия (203 ой). Францияда бу кўрсаткич 230 ойга тўғри келади.

Таълим кишиси уй харид қилишда энг кўп қийналадиган мамлакат Венгрия: 35 йил, яъни 443 ойлик тинимсиз меҳнат. Словакия (398 ой) ва Чехия (383 ой)да ҳам аҳвол яхшимас.

Сўнгги йилларда Европанинг жуда мамлакатида муаллим маоши инфляция туфайли яшаш нархига мос келмаяпти. 2015-2023 йиллар оралиғида ўрта мактаб ўқитувчиларининг ҳақиқий иш ҳақи 22 мамлакатдан 10 тасида пасайган.
Ўқитувчилик – шарафли касб. Шундай бўлса-да, ушбу соҳада ишлайдиган шахслар молиявий жиҳатдан етарли таъминланмаслиги, шубҳасиз таълим сифатига салбий таъсир қилади.

Мусулмон Зиё, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech