Женевада БМТнинг атроф-муҳитни пластик чиқиндидан ҳимоя қилиш бўйича конференцияси бўлиб ўтмоқда, деб хабар берган Euronews.
Европада елим маҳсулотларнинг тўртдан уч қисми асосан қадоқланмайдиган қурилиш, мебель, тўқимачилик ва маиший электроника каби йўналишларда ишлатилади. Ғарбий Европада йиллик ўртача ишлатиш киши бошига тахминан 150 кг. Бу белгиланган меъёрдан икки баробар кўп, дегани. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти маълумотига кўра, 2040 йилга бориб кўҳна қитъа бўйича елим идишдан фойдаланиш 101,2 миллион тоннага етади.
Айни кунларда Женевада бўлиб ўтаётган БМТ конференциясида дунё мамлакатлари пластик ифлосланиш, жумладан денгизга шундай чиқинди ташланишига қарши курашишга қаратилган келишув муҳокама қилинмоқда. Мавзунинг асосий жиҳатлари сифатида бир марталик идиш ишлаб чиқаришни қисқартириш, пластмассада учрайдиган энг зарарли кимёвий моддаларни тақиқлаш, елим маҳсулотларни лойиҳалаш бўйича универсал йўриқнома ишлаб чиқиш ва бундай ташаббусларни молиялаштириш эътироф этилган.
Бир гуруҳ нефть қазиб олувчи давлатлар, жумладан Россия ва Саудия Арабистони бу таклифларга қарши чиқмоқда. Яъни, ишлаб чиқаришни қисқартириш эмас, балки чиқинди билан боғлиқ муаммони ҳал қилиш ва зарарли маҳсулотларни қайта ишлашга қаратилган саъй-ҳаракатни кучайтиришни маслаҳат бермоқда. Ҳар йили дунё бўйича 460 миллион тонна пластик маҳсулот ишлаб чиқарилади ва бу миқдорнинг 81 фоизи бир йилдан камроқ вақт ичида чиқиндига айланади. Ташландиқнинг эса атиги 9 фоизи қайта ишланади, бешдан бири табиатга ирғитилса, қолган ярми чиқиндихонани банд қилади.
Европада чиқиндига чиққан елим маҳсулотларнинг атиги 10 фоизигина қайта ишланаркан. 2040 йилга бориб қайта ишланмаган пластик чиқинди 47 фоиз, атроф-муҳитга елим идиш тарқалиши эса икки баробар кўпайиши башорат қилинмоқда.
Айни кунларда Европа Иттифоқи ҳудудида пластик чиқинди атроф-муҳитга қасддан чиқарилиши 9 фоиз кўпайган. Қуруқликдан тушадиган денгиз чиқиндисининг қарийб 85 фоизи пластик идиш. Бу сув жониворлари ва денгиздан озиқланадиган инсон саломатлиги учун хавф туғдиради. Атроф-муҳитни ифлослантиришдан ташқари, пластик маҳсулот ишлаб чиқарувчилар иқлим ўзгаришига ҳам сезиларли даражада салбий таъсир ўтказмоқда.
ЕИда пластик ишлаб чиқариш билан боғлиқ йиллик чиқинди миқдори тахминан 13,4 миллион тонна карбонат ангидрид ажратади. Бу биргина пластик ишлаб чиқаришнинг табиатга келтираётган зарари...
Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА
- Қўшилди: 15.08.2025
- Кўришлар: 13
- Чоп этиш