Ёлғон маълумот – коронавирусдан ҳам кўра хавфли (Ўн учинчи мақола)

Олий Мажлис Сенатининг яқинда бўлиб ўтган ўнинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун маъқулланди. Мазкур Қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик белгилаш тўғрисида янги моддалар киритилгани долзарб ва муҳимдир.

Бу ҳақда сўз борганда, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва ЮНЕСКО каби ҳукуматлараро ташкилотлар томонидан очилган бир қатор веб-сайтларда пандемия ҳақидаги ишончли ахборотлар жойлаштириб борилаётганига қарамай, коронавирус ҳақида ёлғон ахборотлар тарқалиши билан боғлиқ ташвишли ҳолат жаҳон миқёсида ниҳоятда кенг тус олганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Шунинг учун халқаро ҳамжамият COVID-19 ҳақидаги ёлғон маълумот вируснинг ўзидан ҳам кўра хавфли эканига қайта-қайта эътибор қаратиб, барчага расмий манбалардан фойдаланишни тавсия этди.

БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш таъкидлаганидек, бутун дунё нафақат коронавирусга қарши, балки  COVID-19 ҳақида нотўғри ахборот кўпайишига қарши ҳам курашмоқда. Бош котибнинг фикрича, мамлакатлар мунтазам расмий маълумотларни эълон қилиб боришлари зарур. Чунки ҳозирги вақтда пандемияга қарши энг яхши қурол  –  бу ишончли ахборотдир.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш 2020 йил 14 апрель куни халқаро жамоатчиликни COVID-19 билан боғлиқ дезинформация, яъни ёлғон ахборотлар тўлқинига тўсиқ қўйишга чақирди. БМТ Бош котиби бу борада янги ташаббусни илгари сурди: Интернетдаги миш-мишу уйдирмаларга қарши илмий ва асосли далилларни тақдим этиш керак.

Антониу Гутерриш ўз видеомурожаатида ҳозирги кунда дунё аҳли Иккинчи жаҳон урушидан кейинги давр мобайнида кузатилмаган ўта жиддий инқирозни келтириб чиқарган COVID-19 пандемиясига қарши курашиш учун жипслашганини қайд этди. «Аммо бугун биз яна бир хавфли эпидемия – уйдирма ахборотлар эпидемиясига дуч келиб турибмиз», – деб таъкидлади у.  

БМТ Бош котиби таъбири билан айтганда, бугун ҳамма жойда турли маслаҳатгўйлару эмчилар кўпайиб кетди. Бундайлар томонидан тавсия этилаётган ҳар хил "дори-малҳамлар" пировардида инсон соғлигига тузалмас зиён-заҳмат етказиши мумкин.

Ҳаво тўлқинларида ҳам очиқдан-очиқ ёлғон маълумотлар тарқатилмоқда. Интернет тармоқлари касалга қарши қайтариқ қилиш, афсун ўқиш ва шу каби сафсаталарга тўлиб-тошган. Фитна, нафрат, алоҳида инсонлар ва бутун бошли гуруҳларни ноҳақ айблаш ва қоралаш ҳолатлари тобора авж олмоқда.

«Бутун дунё мана шу хасталикка қарши курашиш йўлида ҳам бирлашиши даркор. Бу касалликнинг энг мақбул давоси – ишончдир», – деди. Илм-фанга, масъул институтларга, инсонлар ўртасида ўзаро ишонч жуда муҳимдир.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ижтимоий тармоқлардаги жамоатчиликни янглиштирадиган уюм-уюм мақола ва муносабатлар орасидан аниқ далилларни уйдирмалардан ажратиб, алоҳида саралаб тақдим этаётган журналистларнинг хизматини эътироф этди.

Шу билан бирга, унинг фикрича, ижтимоий тармоқларга эгалик қилувчи компаниялар COVID-19 пандемияси билан боғлиқ адоватли ва зарарли баёнотларга янада қатъиятлироқ қарши туришлари зарур.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мустақил, профессионал журналистика инқироз ҳақида аниқ, ҳаққоний далилларга асосланган ахборотларни тарқатиш орқали ҳар хил ёлғон-яшиқларни фош этишда етакчи роль ўйнаши мумкин.

Матбуот эркинлиги қадрли неъмат эканига ҳеч қандай шубҳа бўлиши мумкин эмас ва ҳар қачон – айниқса, ҳозирги қалтис даврда ушбу неъматни топтамаслик, аксинча, имкон қадар асраб-авайлаш тақозо этилади.

Давлат ташкилотлари эса фуқароларнинг ишончини қозониши учун, биринчидан, ўз фаолиятига ўта масъулият билан ёндашиши, иккинчидан, ишончли ахборотга таяниши тақозо этилади. Бош котибнинг таъкидлашича, ҳозирги инқирозни енгиб ўтишда ўзаро ҳурмат ва инсон ҳуқуқларига амал қилиш мезонлари барчамиз учун йўлчи юлдуз вазифасини ўташи лозим. 

Антониу Гутерриш БМТнинг янги ташаббусини эълон қилар экан, бундан буён "Интернетни аниқ далиллар ва илмий асосланган маълумотларга тўлдириб ташлаш"га чақирди. Шундагина «дезинформация тўлқини»га бас келса бўлади.

БМТ Бош котиби уйдирма ва ёлғон ахборотга нисбатан «оғу» таърифини қўллади. Дарҳақиқат, оғу билан ёлғон ахборотнинг салбий таъсири ўхшашдир. Иккаласи ҳам инсоннинг соғлигига путур етказиши, ҳатто ҳаётига зомин бўлиши мумкин.

Мамлакатимизда, 2020 йил 15 апрель ҳолатига кўра, карантин қоидаларига амал қилмаслик бўйича 42 минг 782 та ҳуқуқбузарлик аниқланган бўлса, ушбу ҳуқуқбузарликларнинг атиги 10 таси ижтимоий тармоқларда ваҳима чиқарувчи ёки асоссиз маълумотлар тарқатиш билан боғлиқдир.

Аммо, COVID-19 ҳақидаги нотўғри ва чалғитувчи маълумотлар коронавирусдан ҳам хавфли экани эътиборга олинса, бундай ҳуқуқбузарликнинг асоратлари қанчалик жиддийлигини англаш қийин эмас.

COVID-19 ҳақидаги нотўғри ва чалғитувчи маълумотлар коронавирусдан ҳам хавфли эканини эътиборга олган ҳолда, илғор халқаро тажриба ва хорижий амалиётга таяниб, Ўзбекистонда ҳам сохта ахборотларга раддиялар учун мўлжалланган бир қатор янги Интернет сайтлари, жумладан, «Antifake.uz» деб номланган Telegram канали ташкил этилди.

«Antifake.uz» каналида асосан ижтимоий тармоқларда тарқалаётган коронавирус билан боғлиқ "фейк" хабарлар ҳақида доимий равишда маълумот бериб борилмоқда. Бундай ташаббуслар Интернетда тарқатиладиган ҳар хил миш-мишларни фош этиш, шунингдек ёлғон ва нохолис ахборотларга қарши курашиш учун жуда муҳимдир.

Айни чоғда, порнографик, зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотлар кишининг хулқ-атворига салбий таъсир этиб, ёш авлоднинг ахлоқий ва ҳуқуқий онги бузилишига сабаб бўлишини ҳам унутмаслик керак. Афсуски, ушбу маҳсулотларни ОАВ, телекоммуникация ёки Интернет тармоқлари орқали тарқатиш ҳоллари тобора кўпаймоқда.

Шу жиҳатдан, порнографик, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотларни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, уни реклама қилиш, тарқатиш ҳамда ОАВ, телекоммуникация ёки Интернет тармоқларига жойлаштириш учун ҳам жавобгарлик белгиланди. Ўз навбатида, бу борадаги ҳуқуқбузарлик учун жазо чораси ҳам кучайтирилди.

Энг муҳими, халқ билан мулоқот, одамларнинг орзу-интилишлари, дарду ташвишлари билан яшаш давлат сиёсати даражасига кўтарилаётган бугунги кунда ҳар бир оммавий ахборот воситаси чинакам мулоқот майдончасига, эркин фикр минбарига айланиш учун астойдил интилмоқда.

Бинобарин, бу борада юксак натижадорлик қўлга қиритилган тақдирдагина жамиятимиз ва давлатимиз янги Ўзбекистонни бунёд этиш, Учинчи Ренессанснинг мустаҳкам пойдеворини қўйиш ҳамда дунёнинг 50 та энг ривожланган давлати сафидан жой олишдек ўз олдига қўйган улуғвор мақсадларига том маънода эриша олади. 

Ғулом Мирзо

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech