5 июнь – Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни

Она-еримизни сақлаб қолиш, инсонларни қашшоқликдан халос қилиш, иқтисодий юксалиш… буларнинг ҳаммаси битта кураш доирасида эришиладиган мақсадлардир. Иқлим ўзгаришига қарши кураш, чучук сув танқислиги, энергиянинг етишмовчилиги муаммоларини ҳал қилиш, бутун дунёда соғлиқни сақлаш билан боғлиқ масалаларни ечиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган барча саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришимиз даркор. Бир муаммонинг ечими қолган барча муаммоларни ҳам ечишга ёрдам бериши лозим”.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун

Ҳар йили 5 июнда ўтказиладиган Атроф муҳит куни бутун жаҳон жамияти эътиборини атроф муҳитни муҳофаза масалаларига жалб қилишдан иборат.

Мазкур байрам 1972 йил 5 июнда Атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича Стокголмда ўтказилган конференциянинг резолюциясига асосан қабул қилинди. 1974 йилдан бошлаб эса энг долзарб экологик масалаларни ҳал этиш учун ҳукумат, бизнес-тузилма ҳамда фуқаролик жамияти институтларини жалб этган ва бирлаштирган ҳолда кенг ташкил этиб келинади.

Атроф муҳитнинг ифлосланиши оқибатида келиб чиқадиган касалликлар туфайли ҳар йили сайёрамизда камида 5 ярим миллион киши вафот этади. 2050 йилда бу рақам 6 миллион кишидан ортиб кетиши айтилмоқда. 

Ҳавонинг ифлосланиши оқибатида юз берадиган ўлимларнинг 50 фоизига кўмир сабаб бўлар экан. Шу сабабли кўплаб мутахассислар кўмирдан кўра табиий газдан фойдаланишга ўтиш вақти келганини айтишади.

Мавжуд муаммо борасида тадқиқот ўтказган АҚШнинг Бостон шаҳридаги Health Effects Institutes компаниияси мутахассислари ўз хулосаларини эълон қилишди. Американинг Йель университети олимлари эса сунъий йўлдошлардан олинган суратлар орқали ҳавонинг ифлосланиши билан боғлиқ жаҳон харитасини яратишди. Бугунги кунда айрим шаҳарларда ҳавонинг ифлосланиши белгиланган меъёрдан 8–10 баробар юқори эканлиги айтилган.

Мутахассисларнинг фикрича, сўнгги 50 йил мобайнида ҳавонинг ифлосланишини олдини олиш борасида Шимолий Америка, Ғарбий Европа ва Японияда бир қатор ютуқлар қўлга киритилди. Бунинг учун мазкур минтақаларда ҳавони ифлослантирмайдиган ёқилғи ва двигателлардан кенг фойдаланиш йўлга қўйилди, кўмир истеъмоли камайтирилмоқда.

Маълумки, ҳавонинг ифлосланишининг асосий манбалари сифатида электростанциялар, заводлар, автомобиллардан чиқаётган газлар кўрилади. Кўмир ва ўтинлардан чиққан тутунлар ҳам узоқ муддат ҳавода ушлаб қолинади. Бу ҳам инсон саломатлиги учун катта хавф сифатида кўрилади.

Бугунги кунда экологияни соф ҳолда сақлаш мақсадида дунё бўйлаб заҳарли газларнинг ҳавога чиқаришни камайтириш борасида бир қатор режалар ишлаб чиқилган. Мутахассисларнинг фикрича, агар ҳавога заҳарли моддаларнинг чиқиши камайтирилмайдиган бўлса, у ҳолда яқин келажакда ҳавонинг ифлосланиши оқибатида юз берадиган ўлимлар сони ортиб бораверади.

Чиқиндилар билан боғлиқ муаммолар бугунги кунда глобал масалалардан бирига айланиб бормоқда, десак янглишмаган бўламиз. Тарихдан хулоса чиқарадиган бўлсак, чиқиндилар нафақат гигиена ва саломатлик масаласида, балки шаҳарсозлик, ҳатто халқаро алоқаларда ҳам муҳим ўрин тутганига гувоҳ бўламиз.

Мазкур сана нафақат она-ер туҳфаларини қадрлаш, еримизда мавжуд бўлган бой биологик хилма-хилликни асраш кунидир. Ушбу кунда биз барчамиз она-еримизни қандай қилиб муҳофаза қилишимиз, унинг табиатини қандай асрашимиз, ҳозирда долзарб бўлиб қолган экологик муаммоларни қандай ечишимиз мумкинлиги тўғрисида чуқур ўйлашимиз шарт.

Ўзбекистон иқлим ўзгаришлари бўйича Париж битимига қўшилди, мамлакатда Экологик таълимни ривожлантириш концепцияси амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда аҳолининг қулай табиий муҳитда яшаш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида ер, сув, ўрмон, ер ости бойликлари, атмосфера ҳавосини, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш, улардан самарали фойдаланиш ҳамда чўлланишга қарши курашиш, ерларнинг деградация жараёнларини ва биологик хилма-хилликнинг йўқотилишини тўхтатиш бўйича қатор ишлар қилинмоқда.

 

Хасанова Мухлиса
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали
Катта таҳрирчиси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech