9 май - Хотира ва қадрлаш кунига бағишланади: Этик қўнжига қанча пахта сиғади?

Ватанимиз истиқлоли, халқимизнинг озодлиги ва эркинлиги, келажак авлодларнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида мардона кураш олиб бориб азиз жонларини фидо қилган, мустабид тузум даврида қатағон қилинган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, уларнинг фаолияти ва меросини ўрганиш ҳамда тарғиб этиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ўтган даврда ушбу йўналишда муҳим фармон ва қарорлар қабул қилинди.

         Юртимизда 2001 йилдан буён ҳар йили 31 август – “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни” сифатида кенг нишонлаб келинмоқда. “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси барпо этилди. “Шаҳидлар хотираси” жамоат фонди, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ҳамда ҳудудлардаги олий таълим муассасалари қошида унинг бўлимлари ташкил этилди.

         Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Исҳоқхон Ибрат, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий каби улуғ маърифатпарвар аждодларимиз хотирасига бағишланган муҳташам ҳайкаллар, музейлар бунёд этилди, ижод мактаблари фаолияти йўлга қўйилди. Сиёсий қатағон йилларида ноҳақ қурбон бўлган юртдошларимизнинг номларини аниқлаш, уларнинг қолдирган меросини ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган илмий-тадқиқот ишлари, бадиий ва ҳужжатли асарлар яратилмоқда.

         Яқинда “Машраб” нашриёти томонидан Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, шоир ва таржимон Ғулом Мирзонинг ушбу мавзуда ёзилган "Эй, дарвеш (Зулмни енгган мазлумлар қиссаси)" номли китоби чоп этилди. Ушбу қиссада ХХ асрнинг 37-50-йилларидаги катта қатағон қурбони бўлган ота-болалар Мирза Сўфи Тўлаев ва Абдирайим Мирзаевга нисбатан адолат тиклангани, яъни орадан 70 йил ўтиб уларнинг айбсизлиги аниқлангани ҳамда оқлангани ҳақида ҳикоя қилинган.

         Тарихий ҳужжатлар ва шахсий хотиралар асосида битилган қиссадан мўъжаз бир фаслни эътиборингизга ҳавол қилишга жазм этдик. Сизга манзур бўлади, деган умиддамиз.

  

Этик қўнжига қанча пахта сиғади?

 

         Сталин ҳаёт даврида миллионлаб инсонларнинг қисматида қанчалик кучли фожиавий из қолдирган бўлса, унинг 1953 йил йил 5 мартда вафот этиши кўплаб тақдирларни шунчалик пароканда қилиб юборди. "Иккинчи гувоҳ" ҳам ана шундай кўпчилик қаторида колхозда узоқ йиллар эгаллаб турган мансабидан айрилди.

         Энг ёмони, ён-атрофидаги одамлар "Иккинчи гувоҳ"нинг кирдикорлари ҳақида билган барча гапларини илгари ичига ютиб, сиртига чиқармай, сир-бой бермасдан юрган экан. Эндиликда "эл оғзига элак тутиб бўлмайди" деган мақолнинг нечоғлик ҳаётийлиги амалда намоён бўлди.

         Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан сўнг ҳам очилади, дейдилар. Ота-бобом тақдирига тааллуқли фитналар фош бўлиши ва адолат қарор топиши учун эса роппа-роса 70 йил керак бўлди. Шу маънода, бу ўринда НКВД органларини ўзлари фойдаланган одамларнинг "этаги"ни очганликда айблаш инсофдан эмас. Ҳамма гап "Иккинчи гувоҳ"нинг ўзида: ожиз банда қайси бир тор даврада кайфи тароқ ҳолда "фалон қишлоқда яшайдиган фалончиларни қаматиб юбордим", деб оғзидан гуллаб қўйган бўлса керак. Чунки, Хрушчёв сиёсатининг шамоллари қишлоқларгача етиб келгани сари турли давралар ва тўй-маъракаларда одамларнинг "Иккинчи гувоҳ"га ўхшаш юзи шувутларга нисбатан дакки-дашномлари кучая борган.

         – Бировларни "дезертир" деб туҳмат қилибсан, ўзинг ҳам ҳарбий хизматда бўлмагансан-ку? Уруш бошланганида 30 ёшда бўла туриб, нима учун фронтга кетмагансан?

         – Умринг давомида битта ҳам китоб ўқимагансан, шундай экан ўзгаларнинг кутубхонасини ёптириб, китобларини мусодара қилдиришга виждонинг қийналмадими?

         – Эътиқодли одамлар бўлгани учун отани ёлғиз ўғли билан бирга "халқ душмани" деб эълон қилиб, икки муштипар аёл ва тўрт норасида болани қаровсиз қолдирган сендек қаттиққўл, адолатсиз ва ахлоқсиз одамлар "халқ дўсти" бўлиб қолдиларингми?

         – Ўзбек билан ўриснинг мозори алоҳида бўлади деганларни қатағон қилиб, ўзингга қайси мозордан жой банд қилиб қўйдинг, айт қани?..

         Бундай аёвсиз сўров-қистовлар, албатта, мажлислардагидек очиқ-ошкора айтилмаган. Зеро, бетгачопарлик ҳам бир айб. Қолаверса, "юз – иссиқ", дейдилар. Шу иссиқ юзга совуқ гапларни айтиб-солишнинг ҳам ўз йўл-йўриғи бор.

         Шундай кезлардаги қочирим ва писандалардан безиб қолган "Иккинчи гувоҳ" охир-оқибат тўй-маъракаларга чиқмай қўяди. Элдан ажралиб, яккамохов бўлиб қолади.      Аммо, пахта йиғим-терими охирлагани муносабати билан кичикроқ йиғинлар ўтазишга рухсат берилганидан фойдаланиб, неварасининг тўйи олдидан "маслаҳат оши"га айтиб кетишган. Шу йиғинга бормаса бўлмасди, борди-ю балога қолди.

         Қишлоқдошлар даврасида ўткир гурунглар яна бошланди. "Иккинчи гувоҳ" бундан аччиқланиб, даврани тарк этди. Отга миниб, боши оғган томонга жўнади. От эса тўғри бизнинг қишлоғимизга йўл олди.

         Ўша куни Майрам момом бетобланиб қолгани учун онам пахта теримига чиқолмаганди. Мавсумда ҳар битта хонадондан теримчилар иштирок этиши бўйича қатъий талаб ҳали ҳам кучда эди. Шу боис 6 ёшли Хадича опам ва 4 яшар Номурод акам оиламиз номидан тушгача теримга чиқишларига тўғри келган.

         Кўчамиз бошида бегона отлиқ кўринганида, опа-ука даладан мамнун қайтишаётган бўлган. Чунки хирмонга чевар опа нақд 8 кило, ука эса 3 кило пахта териб топширган. Бунинг учун бригадир тоғадан мақтов ҳам эшитгандилар. Отлиқ кимса опа-уканинг ҳовлимиз дарвозахонасига бурилганини кўриб, кимларнинг болалари экани ҳақида аниқ хулосага келади. Ғазабига ғазаб қўшилиб: "Ҳей, тўхта!" дея ўшқиради.

         Опа бегона одамнинг сабабсиз ва бехос қаҳридан қўрқиб қолади. Ука эса дадил яқинлашаётган отга қизиқиш аралаш қараганча тек қотади.

         – Қўлга тушдиларингми, пахта ўғрилари! Ота-бобонг каби сенлар ҳам халқ душмани эканингни, мана, энди кўрсатиб қўяман! Елкангдаги этагликдан тўк пахтани, қани чаққон қимилла!

         Митти қизалоққа отлиқнинг важоҳатидан ҳам кўра ноҳақлиқ қилаётгани кўпроқ таъсир этади. У алам билан йиғлаб, этагликда бор нарсаларни йўл устига ағдаради: икковлон болакайнинг эрталабки совуқда кийган гуппи чопони, шол рўмол ва эскигина телпак тупроққа қоришади.

         Этаглик ичида пахта йўқ эди. "Иккинчи гувоҳ" гангиб қолади: Бу қанақаси? "Халқ душманлари" болаларига давлат мулкини ўғирлашни ўргатмаганми? Наҳотки, у янглишди? Кўрганлар нима дейди? Сўфи бобонинг невараларига ҳам туҳмат қилди деган иснодга қоладими энди? Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас!

         Шу пайтда унинг ола-кула кўзлари уканинг оёқларидаги катталар этигига тушади. Хўш, нега болага катта этик кийдириб, далага чиқаришган? Чунки унинг икки пойи ичига солиб, камида 3-4 кило пахтани уйга ўғирлаб келиш мумкин. Ана, этик қўнжининг бир-бирига ишқалавериб, тешилган жойидан бекитиғлиқ пахта шундоққина кўриниб турибди. Тамом, қўлга тушдиларинг!

         Отлиқ энди тўрт яшарлик рангпар ўғил боланинг бошида қамчи ўйнатиб, бор овозда ўшқиради:

         – Қани, давлат хоини, этикни еч! Мени аҳмоқ қилмоқчи бўлдиларингми? Ўғирланган пахтани, барибир, топаман демадимми!  Ҳа-ҳа-ҳа...

         Бола ҳам изиллаб йиғлаб юборади. Лекин этикларини ечишдан бошқа чора қолмаганди.

         – Менга узат!

         Бола бир пой, опаси иккинчи пой этикни отлиққа бериш учун қўрқа-писа яқинлашади. "Иккинчи гувоҳ" қамчинни эгарга қистиради. Бўшаган чап қўлини чўзиб, этикларни зарб билан тортиб олади. Уларни силкитганида, ичидан пахта эмас... намиққан пайтавалар тупроққа тўп-тўп тушади. 

         Отлиқ қўлини этик ичига тиқса, дағал бармоқлари ҳалиги тешик жойдан чиқади. "Иккинчи гувоҳ" ўғирлик пахта деб тахмин қилгани этик чармининг тарам-тарам иплари чиқиб турган йиртиғига чувалиб қолган мезон толалари экан...

 

Ғулом Мирзонинг

"Эй, дарвеш (Зулмни енгган мазлумлар қиссаси)"

номли китобидан

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech