Тараққиёт стратегияси замирида қандай маъно-моҳият мужассам?

Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамалари шу йил 15 январда якунланади.

 Мазкур ҳужжат асосида, биринчидан, Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси, иккинчидан, Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”, учинчидан, Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини амалга ошириш бўйича миллий комиссия таркиби юзасидан кўплаб таклиф ва мулоҳазалар келиб тушмоқда.

Авваламбор, “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси”, деган номнинг мазмун-моҳиятига мухтасар тўхталамиз. Зеро, бу номнинг келиб чиқиши, фикримизча, бир қатор муҳим омилларга бориб тақалади.

Биринчи омил: ушбу ном Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси – Ҳаракатлар стратегиясининг мантиқий давоми эканини англатади. Агар Ҳаракатлар стратегиясида 5 та устувор йўналиш белгилаб олинган бўлса, Тараққиёт стратегиясида ҳам ушбу устувор йўналишлар давомийлиги сақлаб қолинган.

Шу билан бир қаторда, тараққиёт ўзгаришларининг янги тарихий босқичда давом эттирилиши кўзда тутилган ҳолда, Тараққиёт стратегиясига 2 та янги устувор йўналиш қўшиляпти. Булардан бири – маънавий тараққиётни таъминлаш билан боғлиқ бўлса, иккинчиси – Ўзбекистоннинг дунёда юз бераётган глобал муаммоларга муносабати негизида белгиланган янги устувор йўналишдир.

Шундай қилиб, Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида қуйидаги еттита устувор йўналиш назарда тутилган:

биринчи устувор йўналиш – инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш;

иккинчи устувор йўналиш – мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш;

учинчи устувор йўналиш – миллий иқтисодиётни ривожлантириш, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида таъминлаш;

тўртинчи устувор йўналиш – адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш;

бешинчи устувор йўналиш – маънавий тараққиётни таъминлаш, ушбу соҳани тубдан ислоҳ этиш ва янги босқичга олиб чиқиш;

олтинчи устувор йўналиш – умумбашарий муаммоларга миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ечим топиш;

еттинчи устувор йўналиш – мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ ва прагматик, фаол ташқи сиёсат олиб бориш.

Иккинчи омил: Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили илгари сурилаётгани бежиз эмас. Чунки, аввало, Ҳаракатлар стратегиясидаги ҳар бир йўналишни тараққиётнинг янги босқичида мантиқий ва изчил асосда ривожлантириш ҳамда янги устувор йўналишларда муҳим натижаларга эришиш кўзда тутилмоқда.

 

Инсон қадри – бош тамойил

 

Тараққиёт стратегиясида асосий эътибор, бир томондан, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга доир қонунлар, кодекслар, концепция ва дастурлар қабул қилинишига қаратилган.

Иккинчи томондан, унда қонун устуворлигини таьминлаш, конституциявий ислоҳотни ҳаётга изчил татбиқ этиш, миллий иқтисодиётни ривожлантириш, кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, маьнавиятни ривожлантириш, шунингдек, глобал муаммоларга Ўзбекистоннинг муносабати, хавфсизлик ва ташқи сиёсат борасидаги муҳим вазифалар қамраб олинган.

Энг асосийси, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясидаги 7 устувор йўналишнинг бош ғояси – инсон қадрини таъминлашдир. Чунки, Президентимизнинг сайловолди дастуридаги асосий ғоя ҳам “Инсон қадри учун” тамойили эди.

Учинчи омил: инсон қадрини жойига қўйишни қонуний ва ташкилий-ҳуқуқий йўллар билан ҳаётимизнинг барча соҳаларида миллий, минтақавий ва халқаро ҳамкорлик даражаларида қандай қилиб амалга ошириш керак? Тараққиёт стратегиясида бу долзарб саволга жуда кўплаб аниқ мақсадларга қаратилган амалий жавоблар бор.

Ҳаракатлар стратегиясининг ҳар бир устувор йўналиши бўйича ҳозирги кунга қадар 26 та концепция ва бир қатор дастурлар қабул қилинган бўлса, келгусида Тараққиёт стратегияси доирасида 13 та кодекс, 12 та қонун,  яъни ҳар бир устувор йўналишда зарур қонун ҳужжатлари қабул қилиниши кўзда тутилган.

Жумладан, Тадбиркорлик кодексининг ишлаб чиқилиши – юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва тадбиркорлар ҳуқуқларини тўлиқ ҳимоя қилишнинг мустаҳкам қонуний асосига айланади.

Бўлажак Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодексда фуқаролик жамиятининг ҳуқуқий мезонлари ўз аксини топади.

Ахборот кодекси – шу вақтга қадар амал қилаётган оммавий ахборот воситалари, журналистлар фаолияти, ахборот ва сўз эркинлигига бағишланган ўндан ортиқ қонун кодификация қилинган ягона ва яхлит қонун ҳужжати сифатида қабул қилинишининг натижаси бўлади.

Тўртинчи омил: Янги Ўзбекистон тарраққиёт стратегиясининг нафақат номланиши, айни чоғда унда белгиланган устувор йўналишлар ва муҳим вазифалар ҳам миллий ёки минтақавий миқёсдагина эмас,  балки глобал даражада улкан аҳамиятга молик халқаро ҳужжатлар билан уйғун ва ҳамоҳангдир.

 

Тараққиёт стратегияси – дунё тараққиёт трендларига  тўла мос

 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2015-2030 йилларда Барқарор тараққиёт мақсадларини эьлон қилган. Бу халқаро ҳужжат ўзбек тилида “Барқарор тараққиёт мақсадлари” ёки “Барқарор ривожланиш мақсадлари”, деган номлар билан сизу бизга яхши таниш.

Дастлаб Ҳаракатлар стратегиясида, эндиликда эса Тараққиёт стратегиясида ҳам Ўзбекистон бажаришни ўз зиммасига олган БМТ Барқарор тараққиёт мақсадларини мамлакатимиз ҳаётига татбиқ этишнинг аниқ тактика ва стратегиялари белгилаб берилмоқда.

Бошқача айтганда, Ўзбекистон ташқи халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида ўзининг БМТ Барқарор тараққиёт мақсадлари билан ҳамоҳанг ҳолда ривожланиши, бу борадаги ўзига хос ўрни ва аҳамияти, янада муҳими, ибратли тажрибасини бутун дунёга кўрсата олди. Ўз навбатида, Янги Ўзбекистон тарраққиёт стратегияси ушбу муҳим тараққийправар жараён узлуксиз давом этаётганидан далолат беради.

Бугунги кунда халқаро ҳамжамият томонидан Тараққиёт ҳуқуқи тўғрисидаги конвенция лойиҳаси ишлаб чиқиляпти. Қолаверса, 35 йилдан буён Тараққиёт ҳуқуқи тўғрисидаги декларация амал қилмоқда. Шу маънода, Ўзбекистон Президенти тақдим этаётган Тараққиёт стратегияси халқаро ҳамжамиятнинг ривожланиш тенденцияларига, бутун дунёнинг тараққиёт трендларига  тўла мос келади.

Шуни ҳам айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма қарори билан Барқарор тараққиёт мақсадларини амалга ошириш бўйича конститутциявий парламент комиссияси тузилган.

Парламент комиссияси Барқарор тараққиёт мақсадлари ижро этилишини парламент назорати йўли билан таъминламоқда. Бинобарин, Тараққиёт стратегиясини амалда татбиқ этишда ҳам парламентнинг ролига алоҳида эътибор қаратилаётгани жуда муҳим.

 

Янги Ўзбекистон – халқчил давлат

 

Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” лойиҳасида “Давлат халққа хизмат кўрсатиши шарт” ғоясини татбиқ этишни назарда тутувчи “Халқчил давлат” миллий дастурини ишлаб чиқиш вазифаси зиммамизга юклангани бежиз эмас. Албатта, ушбу Дастур лойиҳаси, илғор хорижий давлатларнинг тажрибасини инобатга олган ҳолда, белгиланган муддатда ишлаб чиқилади ва тақдим этилади.

“Йўл харитаси” лойиҳасида яна бир муҳим вазифа – Халқ қабулхоналарининг ҳуқуқий мақомини такомиллаштириш масаласи учун масъул этиб белгиланганмиз. Халқ қабулхоналари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ва уларнинг давлат бошқаруви тизимидаги мақомини мустаҳкамлашга қаратилган Конституциявий қонунни қабул қилиш бўйича ишларни аллақачон бошлаб юбордик.

Янги Ўзбекистонда мутлақо янги миллий ҳуқуқий тизим шаклланмоқда. Бу даврда “инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари, айниқса, қадри – энг муҳим қадрият” деган тамойил эътироф этилмоқда.

Шу муносабат билан миллий қонунчилик ва ҳуқуқий амалиётда “шахс – жамият – давлат” тамойилини мустаҳкамлаш керак. Зеро, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида йиллар давомида амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойили “инсон – жамият – давлат” тамойилига ўзгартирилмоқда.

Халқ билан бевосита мулоқот қилиш, юртдошларимизнинг дарду ташвишлари, муаммоларини ижобий ҳал этиш бўйича мутлақо янги демократик тизим – Халқ қабулхоналари ўтган беш йилда фаолият юритиб келмоқда ва ўзини оқлади. Бундан ташқари барча давлат органлари фаолиятида “халқ дардига кулоқ солиш”, муаммоларни жойида ҳал этиш ва халқни рози қилиш бўйича самарали ишлар қилинмоқда.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси лойиҳасининг 11-мақсадида Халқ билан мулоқотнинг самарали механизмларини такомиллаштириш” муҳим вазифа этиб белгиланмоқда.  Халқ билан очиқ мулоқотнинг механизмларини янада такомиллаштириш, муҳим қарорларни жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда қабул қилиш амалиётини кенгайтириш, давлат органларига келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнини рақамлаштириш, мурожаатларни тезкор ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлаш кўзда тутилмоқда.  Энг асосийсий, “Давлат халққа хизмат кўрсатиши шарт” ғоясини татбиқ этишни назарда тутувчи “Халқчил давлат” миллий дастури ишлаб чиқиш белгиланмоқда.

Ўз навбатида, “Йўл харитаси” 46-бандида қийноқларнинг олдини олиш бўйича превентив механизмларни такомиллаштириш ҳақида сўз боради. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ушбу вазифанинг асосий ижрочиларидан биридир.

Бунда, биринчидан, қийноқларнинг олдини олиш
бўйича тегишли халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш масаласини кўриб чиқиш тақозо этилади. Иккинчидан, қийноқларнинг олдини олиш бўйича превентив миллий механизмнинг қонуний асосларини ривожлантириш керак бўлади. Ҳамкор ташкилотлар билан ҳар икки масала бўйича, умуман, Тарақққиёт стратегияси ижроси доирасида ўзаро ҳамжиҳатликда фаол иш олиб борамиз.

 

Акмал САИДОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech