Ривожланган давлатлар қаторида, мамлакатимизда ҳам рақамли технологиялар ҳаётнинг барча жабҳаларига жадал жорий этилмоқда.
Айниқса, интернет тармоғидан фойдаланиш, ижтимоий платформаларда ахборотлар билан эркин алмашиш имкониятлари кенгайиб бораётгани фуқаролар учун катта қулайлик яратиб бермоқда. Бироқ, рақамли маконнинг шиддат билан кенгайиши ўз навбатида шахсий маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича масъулиятни ҳам янада оширишни талаб этмоқда.

Хусусан, сўнгги йилларда интернет орқали амалга оширилаётган фирибгарлик ва ўғрилик ҳолатлари кўпайиб, фуқароларга ҳам моддий, ҳам маънавий зарар етказилмоқда. Айниқса, шахсий маълумотлар ва банк карталари билан боғлиқ кибержиноятлар сонининг ортиб бораётгани жиддий хавотир уйғотади.
Жорий йилнинг 29-май куни ИИВ ТҚД Киберхавфсизлик маркази томонидан ўтказилган Пресс-турда сўнгги 5 йилда мамлакатимизда содир этилган кибержиноятлар ва уларнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар юзасидан маълумот берилди.

Қайд этилишича, сўнгги 5 йилда мамлакатимизда кибержиноятлар сони 68 бараварга, 2024 йилнинг ўзида бу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 9,1 бараварга ошган. Кибержиноятлардан жабрланган фуқароларнинг умумий моддий зарари 1 триллион 909 миллиард сўмдан ортган.
2019 йилда ахборот технологиялари орқали 863 та жиноят содир этилган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 62 турдаги 50 мингдан ортиқ жиноятга етган.

Кибержиноятларнинг умумий жиноятчиликдаги улуши 50 фоизга яқинлашган, яъни деярли ҳар иккинчи жиноят ахборот технологиялари орқали содир этилмоқда.
Хўш, мазкур киберҳужумлар қай тарзда амалга оширилмоқда?
Статистик таҳлиллар кибержиноятларнинг асосий қисми, яъни — 98 фоизи банк карталари билан боғлиқ ҳолатлар ташкил этишини кўрсатмоқда.
Хусусан, улар орасида;
• 60% — зарарли ҳаволалар ва дастурлар орқали қурилмалар ёки банк картаси маълумотларини ўзлаштириш;
• 16% — алдов йўли билан SMS орқали тасдиқлаш кодини қўлга киритиш;
• 11% — онлайн савдо платформаларидаги сохта савдо ёки муомала;
• 9% — фирибгарликнинг турли схемалари орқали фуқаролар маблағини ўзлаштириш ҳамда 4% — шахс номига онлайн кредит расмийлаштириш каби ҳолатлар энг кенг тарқалган усуллардир.

Тадбирда қайд этилишича, кибержиноятчиликнинг олдини олиш учун қатор ҳуқуқий, ташкилий ва техник чоралар кўрилмоқда. Шу билан бир қаторда, бу борада замонавий таҳдидларга қарши самарали курашиш, фуқароларни огоҳлантириш, уларнинг рақамли саводхонлигини ошириш муҳим вазифалардан бирига айланган.
Қолаверса, киберхавфсизлик — фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг эмас, балки ҳар бир интернет фойдаланувчисининг шахсий жавобгарлиги ва ҳушёрлигини талаб этувчи долзарб масаладир.
Шу боис, фуқаролардан шахсий маълумотларини эҳтиёт қилиш, шубҳали ҳаволаларга кирмаслик ва фирибгарларга ишонмаслик лозимлиги қатъий таъкидланди.
М.Эшмирзаева, ЎзА
- Қўшилди: 02.06.2025
- Кўришлар: 536
- Чоп этиш