Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Адлия вазирлиги томонидан “Эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ҳамда имкониятлари кафолатлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартда қабул қилинган “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида тайёрланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 июнда бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги нутқида хотин-қизлар учун муносиб иш ва турмуш шароитлари яратиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, аёлларнинг социал-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, сиёсий-ижтимоий ҳаётимизда хотин-қизларнинг ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш борасида муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Хусусан, Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларда сиёсий савияси етук, меҳнаткаш ва оқила хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш, халқаро андозалар талаблари доирасида аёллар аҳволини тубдан яхшилашга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш борасидаги ишлар талаб даражасида эмаслиги таъкидланди. Қисқа вақтда “Эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ва имкониятлари кафолатлари тўғрисида” ҳамда “Аёлларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларни қабул қилиш таклифлари билдирилди.
Шу асосда ишлаб чиқилган “Эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ҳамда имкониятлари кафолатлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ва имкониятларни таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган. Лойиҳада эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ҳамда имкониятларини таъминлашнинг асосий принциплари ва давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланган.
Қонун лойиҳасида асосий тушунчалар алоҳида баён этилган. Хусусан, эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ва тенг имкониятлар, жинси бўйича бевосита ва билвосита камситиш, эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ҳамда имкониятларини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсати, гендер-ҳуқуқий экспертиза, гендер статистика, гендер стереотиплар, вақтинчалик махсус чоралар, махсус ваколатли орган каби тушунчалар мазмуни очиб берилган.
Бундан ташқари, лойиҳада давлат хизмати соҳасида эркаклар ва аёлларнинг тенг иштирокини, давлат хизматида лавозим эгаллаш учун танловда тенг иштирокини таъминлаш, сайлов ҳуқуқини амалга оширишда, маърифат, таълим, фан ва маданият ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида, иқтисодий соҳада ва тадбиркорлик фаолиятида, меҳнат мажбуриятларини ва оилавий мажбуриятларни бирга бажаришда, ижтимоий ҳимоя соҳасида уларнинг тенглигини таъминлаш масалалари ўз аксини топган.
Лойиҳада Ўзбекистон Республикасининг Хотин-қизлар гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича комиссияси эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги махсус ваколатли орган сифатида белгиланмоқда. Шунингдек, унинг вазифалари кўрсатиб ўтилмоқда.
Эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ҳамда имкониятларини таъминлаш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш мақсадида ваколатлари аниқ белгиланган ягона тизимни ташкил этувчи барча давлат органлари, муассасалар, ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари ваколатлари назарда тутилган.
Мазкур Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида Марказий Осиё, МДҲ, Европа ва Яқин Шарқ мамлакатларининг гендер тенгликни таъминлаш соҳасидаги тажрибаси ўрганилди. Шунингдек, БМТнинг Аёлларга нисбатан таҳқирлашнинг ҳар қандай шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси нормалари ҳисобга олинди.
Қонун лойиҳасини тайёрлашда USAID, БМТ Тараққиёт дастури каби халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналарининг ҳамда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва БМТТДнинг “Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги иштирок этиши учун ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги фаоллигини ошириш” қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилган махсус ишчи гуруҳининг хулосалари олинди.
Қонун лойиҳаси, шунингдек, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Бош прокуратура, Олий суд, Касаба уюшмалари Федерацияси, “Оила” маркази, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши билан белгиланган тартибда келишилган.
Лойиҳа жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жойлаштирилди. Муҳокама жараёнида Қонун лойиҳаси 2 минг 194 нафар шахс томонидан кўриб чиқилди ва 82 та таклиф билдирилди. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда ушбу таклифлар инобатга олинди.
Энди “Эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ҳамда имкониятлари кафолатлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ўрнатилган тартибда Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига тақдим этилади. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши натижасида эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқларига оид ҳуқуқий муносабатлар такомиллашади.
Шу билан бирга, шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш кафолатлари мустаҳкамланади. Бу борадаги муносабатларни тартибга солувчи турли даражадаги қонуности ҳужжатлар тўғридан-тўғри амал қиладиган мазкур ягона қонунда мужассамлашади. Соҳага доир ҳуқуқни қўллаш амалиётининг аниқ ва бир хилда бўлиши таъминланади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
Матбуот хизмати
- Қўшилди: 05.08.2019
- Кўришлар: 8068
- Чоп этиш