Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар ҳуқуқлари давлат назоратида

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 28 февралдаги 132-сон “Транспорт хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш орқали кўриш ва ҳаракатланиш билан боғлиқ касалликларга чалинган алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун таълим олиш шароитларини яхшилаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга асосан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимига замонавий хизматларни жорий этиш мақсадида ижтимоий аҳамиятга эга транспорт хизматини ташкил этилиши белгиланди. 

Эндиликда ижтимоий аҳамиятга эга транспорт хизмати лойиҳаси 2025 йил 1 апрелдан Тошкент, Андижон ва Самарқанд шаҳарларида пилот лойиҳа сифатида, 2025 йилнинг якунига қадар эса республиканинг бошқа ҳудудларида босқичма-босқич жорий этилади.

Мазкур лойиҳа доирасида ихтисослаштирилган мактаб, мактаб-интернатлари, шу жумладан, ушбу муассасалардаги “Ғамхўрлик” гуруҳларида, умумтаълим мактабларининг инклюзив синфларида ҳамда реабилитация марказига эга давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларида таълим олувчи кўриш ва ҳаракатланиш билан боғлиқ касалликларга чалинган болаларга транспорт хизматлари кўрсатилади.

Ижтимоий аҳамиятга эга транспорт хизматидан фойдаланганлик учун умумий миқдори ҳар бир ўқувчига бир ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,2 бараваридан ошмайдиган миқдорда:

Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ёки Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалардаги ўқувчилар учун ҳар бир қатнов тўловининг 100 фоизи;

Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ёки Камбағал оилалар реестрига киритилмаган оилалардаги ўқувчилар учун ҳар бир қатнов тўловининг 60 фоизи субсидия шаклида қопланади. Бу Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. 

Қарорда белгилаб қўйилган тартибга кўра:

ижтимоий аҳамиятга эга транспорт хизмати йўналишсиз таксида йўловчи ташувчиларга мижозларни излаш бўйича интерактив хизматларни кўрсатувчи агрегаторлар (тадбиркорлик субъектлари) томонидан кўрсатилади;

ижтимоий аҳамиятга эга транспорт хизмати фақат Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида электрон шаклда юритиладиган Транспорт хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари реестрига киритилган тадбиркорлик субъектлари томонидан кўрсатилади;

ижтимоий аҳамиятга эга транспорт хизматидан фойдаланиш бўйича буюртмалар Транспорт хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари реестрига киритилган тадбиркорлик субъектларининг мобил иловалари орқали берилади.

Ижтимоий аҳамиятга эга транспорт хизматини кўрсатиш ва ушбу хизматдан фойдаланиш харажатларини субсидия шаклида қоплаш тартиби ушбу қарор билан тасдиқланган  Низом асосида амалга оширилади.   

Х. Бибаев, “Мадад” ННТ Тошкент шаҳар

Юнусобод тумани ҲМБ бош мутахассиси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech