Бугунги кунда дунё миқёсида глобал ўзгаришлар, геосиёсий таранглик ва иқтисодий бурилишлар кузатилмоқда. Бундай шароитда мамлакатлар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, ишончли мулоқотни йўлга қўйиш барқарор тараққиёт ва хавфсизликни таъминлайдиган омиллардир.
Шу жиҳатдан Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ҳамкорлигини мастаҳкамлаш нафақат минтақа, балки бутун Евросиё маконида фаровонликка эришиш учун муҳим ҳисобланади. Айниқса, ушбу икки минтақа ўртасида жойлашган Афғонистоннинг ўрни ва салоҳияти бу йўналишда марказий халқа вазифасини ўтайди.
Маълумки, бугун “Тинчлик, дўстлик ва фаровонликнинг умумий маконини барпо этиш” мавзусида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқоти биринчи йиғилиши бошланди. Ушбу муҳим халқаро анжуман муносабати билан ЎзА мухбири Покистон Стратегик тадқиқотлар институти (ISSI) ҳузуридаги Афғонистон, Яқин Шарқ ва Африка (CАМЕА) маркази директори Амина Хон билан қисқа суҳбат уюштирди.
– Кўпчилик экспертлар фикрича, глобал инқироз шароитида минтақалар ўртасидаги ўзаро боғлиқлик, ҳамкорлик ва ишонч мамлакатлар хавфсизлиги, барқарорлигини таъминлашнинг асосий таянчига айланиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан Марказий ва Жанубий Осиё шериклигини мустаҳкамлаш бугун қай даражада муҳим, деб ўйлайсиз?
– Дарҳақиқат, шундай мураккаб бир даврда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этади. Бу жараёнда, айниқса, Афғонистон масаласи долзарб. Икки ҳудуд чорраҳасида жойлашган ушбу мамлакат минтақавий марказ ёки айланма йўналиш сифатида ҳаракатланиш, ҳудудларни боғлаш ва сиртқи алоқаларни ҳам осонлаштириш имконига эга.
Бугун минтақа дуч келаётган ички – иқтисодий қийинчиликдан энергетика инқирозигача бўлган муаммолар гирдобида икки ва кўп томонлама алоқаларни чуқурлаштириш зарурати ортмоқда. Шу аснода мамлакатлар мулоқоти ва ўзаро савдосини кучайтириш, иқтисодий занжир яратиш зарур. Бундай ришталар барқарорлаштирувчи куч сифатида зиддиятлар эҳтимолини камайтиради, узоқ муддатли тинчлик, фаровонлик ўрнатишга ёрдам беради.
Яқин ҳамкорлик Марказий ва Жанубий Осиё давлатларининг глобал ва минтақавий муаммоларни биргаликда ҳал этиш салоҳиятини оширади.
– Марказий ва Жанубий Осиё ҳамкорлигини ривожлантиришда Афғонистоннинг ўрни, имконияти қандай?
– Афғонистон Жанубий ва Марказий Осиё чорраҳасидаги алоҳида мавқега эга давлат сифатида иқтисодий интеграцияни кучайтиришга муносиб ҳисса қўша олади. Ушбу давлатнинг географик жойлашуви ноёб бўлиб, кенг иқтисодий алмашинувни осонлаштиради, алоқаларни рағбатлантиради.
Яна бир гап. Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида Афғонистон икки асосий йўналиш – Хитой – Покистон иқтисодий чизиғи (CPEC) ва Хитой – Марказий Осиё – Ғарбий Осиё йўлаги учун муҳим ўтказгич воситасига айланиши мумкин.
Ушбу лойиҳалар минтақавий савдони ривожлантириш баробарида кенг кўламли иқтисодий тараққиётга хизмат қилиши шубҳасиз.
Эътиборли жиҳати, Афғонистоннинг роли фақат минтақавий савдо билан чекланиб қолмасдан, Покистон ва Ўзбекистонни боғлайдиган Трансафғон темир йўли, Туркманистон – Афғонистон – Покистон – Ҳиндистон (TAPI) қувури каби икки ва кўп томонлама ташаббуслар орқали минтақада фаровонликни таъминлайдиган энергетика ва инфратузилма лойиҳалари учун кенг имконият яратади.
Фикримча, минтақа манфаати йўлида бирлашиш, умумий тараққиётга туртки бериш, махсус йўналтирилган энергетика ва савдо йўлакларига жиддий эътибор қаратиш вақти келди.
Ушбу йўлаклар салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришда ҳал қилувчи занжир ўлароқ, Афғонистоннинг стратегик жойлашуви барча манфаатдор томонларни боғлайди. Бу имкониятдан фаровон келажакни таъминлаш учун фойдаланиш лозим.
Термиз мулоқоти глобал муаммолар урчиб, беқарорлик кучайиб бораётган бир шароитда ўтказилаётгани учун ҳам долзарб. Шу маънода анжуман мавжуд алоқаларни мустаҳкамлаш, барқарор иқтисодий ўсиш, хавфсизликни таъминлаш, минтақавий барқарорликни сақлаш учун самарали, ўхшаши йўқ платформадир.
Ўткир Алимов суҳбатлашди.
ЎзА
- Қўшилди: 20.05.2025
- Кўришлар: 556
- Чоп этиш