Андижон шаҳрида 11 июнь куни содир бўлган воқеа: сабаби, оқибати ва тергов иши бўйича дастлабки маълумотлар

2020 йил 1 июль куни Халқаро пресс-клубда шу мавзуда онлайн-брифинг ўтказилди. Ушбу тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан ташкил этилди.

Жорий йил 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Андижон шаҳар ва Чироқчи туман ички ишлар идораларида яқинда содир бўлган фожиали ҳолатлар тизим раҳбарларини уйғотиши, аниқ хулосалар қилишга чорлаши кераклигини қайд этди. Ҳозирда жиноятларга алоқадор 11 нафар ички ишлар ходимлари қонун олдида жавоб бераётгани, 7 нафар раҳбар лавозимидан озод этилиб, яна 16 нафари интизомий жавобгарликка тортилгани таъкидланди.

Брифингни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати девони Ахборот хизмати раҳбари – матбуот котиби Жалолиддин Усмонов очди ва унга модераторлик қилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Ойбек Аҳмадов ушбу содир бўлган воқеа бўйича Марказнинг ахборотини тақдим этди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш – Ўзбекистонда давлат сиёсатининг устувор йўналишидир. Бу ҳақда Президентимиз кеча судьялар иштирокида бўлиб ўтган видео-селектор йиғилишида алоҳида тўхталди.

Ўзбекистон Конституциясининг 27-моддасига мувофиқ, "Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир".

Конституциямизнинг 25-моддасига кўра, "Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас".

Асосий Қонунимизнинг 26-моддасига асосан, "Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас".

Худди шу мазмундаги ҳуқуқий нормалар Ўзбекистон Республикаси қўшилган, яъни бажариш мажбуриятини зиммасига олган БМТнинг асосий халқаро шартномаларида ҳам мустаҳкамлаб қўйилган. Хусусан, Ўзбекистон 1995 йил 31 августдан БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясининг иштирокчиси ҳисобланади.

Ўзбекистон мазкур Конвенцияни бажариш бўйича мунтазам миллий маърузалар тақдим этиб келмоқда. БМТнинг Қийноққа қарши қўмитасида ўтган даврда Ўзбекистон Республикасининг бу борадаги 5 та миллий маърузаси кўриб чиқилган.

Мазкур Конвенция талабларига мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси, барча ташкилотлар ходимлари худдики Конституциямиз ва қонунларимиз нормаларига амал қилганлари каби қатъий риоя этишлари керак.

Президентимиз тўғри таъкидлаганидек, афсуски, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалида 32 ёшли фуқаро, эндиликда марҳум Алижон Абдукаримов Андижон шаҳар ички ишлар органлари ходимлари томонидан етказилган тан жароҳатлари натижасида жорий йилнинг 11 июнь куни вафот этганлиги билан боғлиқ фожиали ҳодисада инсон ҳуқуқларини ўта қўпол равишда бузишга йўл қўйилган.

Хусусан, А.Абдукаримовнинг юқорида санаб ўтилган конституциявий ҳуқуқларига мутлақо риоя қилинмаган, яъни Конституциянинг учта моддаси бузилган.

Биринчидан, А.Абдукаримовнинг конституциявий ҳуқуқи бўлмиш яшаш ҳуқуқи поймол этилган.

Иккинчидан, А.Абдукаримовнинг эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига тажовуз қилинган, у қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олинган.

Учинчидан, А.Абдукаримов қийноққа солинган.

Шу муносабат билан Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ конституциявий нормаларга хилоф ҳар қандай хатти-ҳаракатларни қоралайди. Шунингдек, барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни Конституция, қонунлар ва халқаро шартномалар талабларига қатъий риоя этишга чақиради.

Бугунги кунда тергов ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан назоратга олинган. Шу билан бирга, Марказ Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Бош прокуратурадан мазкур воқеа бўйича айбдорлар устидан суд ишини очиқ ўтказишни қатъий талаб қилади.

Айбдорлар ҳақли ва муқаррар жазосини олишлари шарт. Кеча Президентимиз ушбу фожеали воқеа бўйича ўз фикрларини билдириб, ишни адолатли ва шаффоф кўриш ҳақида гапирди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ адолат тўлиқ қарор топишини, инсон ҳуқуқларини поймол қилиш ҳолатларига бутунлай барҳам берилишини ва бундай фожеалар бошқа такрорланмаслигини таъминлаш учун барча имкониятларини ишга солади.

Шу муносабат билан қуйидаги таклифлар билдирилди:

Биринчидан, эндиликда мамлакатимизда бундай ҳолатлар "Фавқулодда ҳолат" сифатида қабул қилиниши зарур.

Иккинчидан, бундан буён бу каби ҳар битта ҳолатнинг келиб чиқиш сабабларини чуқур ўрганиш ва туб  илдизларига етишни қатъий йўлга қўйиш керак.

Учинчидан, Олий судга Жиноят кодексининг "Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш" номли 235-моддасини одил судлов жараёнида қўллаш амалиётини умумлаштириш тавсия этилади.

Тўртинчидан, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига бевосита дахлдор соҳаларда ишлайдиган ҳамда хизмат вазифасини олиб борадиган барча тоифадаги кадрларни инсон ҳуқуқлари соҳаси бўйича ўқитиш шарт.

Онлайн-брифингда, шунингдек Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов фожеа тафсилотлари ҳақида ахборот берди. Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов воқеа юзасидан тергов бўйича маълумотларни тақдим этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов ҳолат бўйича айбдорлар устидан суд ишини очиқ ўтказиш билан боғлиқ масалаларга тўхталди. Онлайн-брифинг якунида Халқаро пресс-клуб раҳбари Шерзод Қудратхўжаев ўз фикрларини билдирди.

Тадбирда миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари фаоллари, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги масъул шахслари иштирок этди.

Онлайн-брифингда Ўзбекистондаги дипломатик корпус вакиллари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналарининг раҳбарлари, жумладан:

  • Aмерика Қўшма Штатлари Элчиси Дэниэл Натан Розенблюм ва АҚШ Элчихонасининг Ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатчиси Роберт Саммервил;
  • Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Элчиси Тимоти Торлот;
  • Германия Федератив Республикаси Элчиси Гюнтер Оверфельд ва ГФР Элчихонаси атташеси Давид Генцель;
  • Европа Иттифоқи делегацияси раҳбари Эдуард Стипрайс;
  • Россия Федерацияси Элчиси Владимир Тюрденев;
  • Франция Республикаси Элчиси Изабель Сервоз-Галлуччи;
  • Швейцария Конфедерацияси Элчиси Оливье Шав;
  • БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси бошлиғи Ришард Коменда;
  • Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Хелена Фрейзер;
  • Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси доимий вакили Матильда Димовска;
  • БМТнинг Наркотиклар ва жиноятга қарши кураш бошқармасидан Ашита Миттал;
  • Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Жон МакГрегор;
  • Халқаро қизил хоч қўмитасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонасидан Жан-Жером Касабьянка иштирок этди.

         Бундан ташқари, тадбирда халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари, хусусан:

  • "Амнести Интернешнл" ташкилотидан – Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий офис ходими Елена Франклин ҳамда Марказий Осиё бўйича эксперт Мэйси Вайхердинг;
  • "Пенал Реформ Интерншнл" ташкилотидан – Марказий Осиё бўйича дастурлар бошқарувчиси Жанна Назарова ва Лойиҳа мувофиқлаштирувчиси Айгерим Азимова;
  • америкалик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Стив Свердлов қатнашди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech