Аваза конференцияси: денгизсиз тараққиёт моделининг янги формуласи

Муносабат

Ўзбекистон денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган мамлакат ҳисобланади. Бу ҳолат бир қарашда унинг халқаро савдо, транспорт ва логистика соҳаларидаги имкониятларини чегаралаб қўяди. Аммо, сўнгги йилларда мазкур камчиликни имкониятга айлантириш йўлида фаол ҳаракат олиб борилмоқда.

Жумладан, 2025 йил 5 август куни Туркманбоши шаҳридаги “Аваза” миллий туризм ҳудудида БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференциясида давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар бу жараённинг мантиқий давоми сифатида намоён бўлди.

Конференцияда транспорт боғлиқлиги, инфратузилмани модернизация қилиш, савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш каби стратегик масалалар муҳокама қилинди.

Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида денгизга чиқиш имкони бўлмаган мамлакатларнинг иқтисодий тўсиқлари билан боғлиқ қатор тизимли муаммоларни кўтарди. Улар қаторида юқори логистика харажатлари, транзит беқарорлиги, инфратузилма етишмовчилиги ва бошқа мамлакатлар божхона-савдо сиёсатига қарамлик каби факторлар алоҳида қайд этилди.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, Марказий Осиё минтақаси ҳар йили ЯИМнинг 2 фоизини логистикадаги тўсиқлар туфайли йўқотмоқда. Бу эса муаммонинг нафақат минтақавий, балки глобал хусусиятга эга эканини кўрсатади. Давлатимиз раҳбари томонидан ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун қуйидаги учта принципиал таклиф илгари сурилди.

Жумладан, инфратузилмани модернизация қилиш орқали логистика тармоқларини замонавийлаштириш ва товар ҳаракати самарадорлигини ошириш, ўзаро боғлиқликни кучайтириб, трансчегаравий йўлакларни мувофиқлашган ҳолда ривожлантириш ҳамда ривожланиш ҳуқуқини таъминлаш орқали глобал тенгликни таъминловчи сиёсатларни амалга ошириш шулар жумласидан.

Бу борада Ўзбекистонда кейинги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ушбу ташаббуслар самарасида дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Сабаби, Ўзбекистон хусусий секторни жалб қилган ҳолда транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда. Жумладан, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши бошлангани, “Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Туркия” йўлагида юк ташиш ҳажмининг ошгани халқаро транзит салоҳиятини кенгайтирмоқда. Шунингдек, “Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон” темир йўлини яратиш ва уни юқоридаги темир йўл билан боғлаш орқали, минтақа учун стратегик аҳамиятга эга бўлган глобал логистика занжири яратилади.

Шу билан бирга, конференцияда Ўзбекистон томонидан бир қатор янги ташаббуслар ҳам билдирилди. Улардан бири Транзит кафолатлари тўғрисидаги глобал битим ишлаб чиқиш таклифи – бу ҳужжат орқали портлардан адолатли фойдаланиш, хавфларни камайтириш ва логистикадаги нотенгликни бартараф этиш кўзда тутилмоқда.

БМТ шафелигида махсус жамғарма тузиш эса денгизга чиқиш имкони бўлмаган мамлакатларнинг логистика салоҳиятини ошириш мақсадида инвестицияларни жалб қилиш мумкин. Заифлик глобал индексини яратиш орқали ҳар бир мамлакатнинг транзит имкониятлари, эҳтиёжлари ва хавфлари холис баҳоланади. Аграр соҳада инновацион хаб ташкил этиш сув тежамкор технологиялар, агроинновация ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга йўналтирилган бўлиб, бу ташаббуслар нафақат Ўзбекистон манфаатига, балки бутун ривожланаётган мамлакатлар учун улкан амалий аҳамиятга эга.

Қолаверса, бугун минтақада ягона транспорт-логистика макони шаклланмоқда. Марказий Осиёни Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасидаги тўлақонли транзит хабига айлантиришга қаратилган дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, кейинги йилларда товар айирбошлаш ҳажми 4,5 баробар ошди. Инвестициялар икки баробар, қўшма корхоналар сони беш баробар кўпайди. Бу рақамлар минтақавий иқтисодий интеграциянинг амалий натижаларини кўрсатибгина қолмай, унинг истиқболларини ҳам белгилаб беради.

Хулоса қилиб айтганда, “Аваза” конференцияси ва унда Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар халқаро майдонда Ўзбекистоннинг фаол ва конструктив ўрнига яна бир бор яққол мисол бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан таклиф этилган ғоялар – нафақат логистика ва савдо соҳасидаги муаммоларга ечим, балки глобал тараққиётнинг тенг ва инклюзив моделини шакллантириш сари ташланган муҳим қадамлардир. Конференция якунида қабул қилинган Аваза сиёсий декларацияси ушбу йўналишдаги келишувларни мустаҳкамлаб, глобал ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди.

Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

 Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech