Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашда мутаносиблик принципига амал қилинишини таъминлашга қаратилган ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги белгилаб қўйилган.
Мазкур қонун лойиҳаси билан қилмишларнинг хусусияти, жазолашдан кўзланган мақсадга эришиш учун етарлилигидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига айрим ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликни бекор қилишга қаратилган тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашда мутаносиблик принципига амал қилинишини таъминлашга, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини янада кучайтиришга ҳамда тадбиркорлик фаолияти учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.
Шунингдек, мажлисда акциядорлик жамиятининг ижро органи, кузатув кенгаши ҳамда мажоритар акциядорларининг масъулиятини оширишга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам муҳокамалар марказида бўлди.
Таъкидланганидек, акциядорлик жамиятларининг ижро органлари, кузатув кенгашлари аъзоларнинг фидутсиар мажбуриятларини, мажоритар акциядорларининг умумий мажбуриятларини ҳамда ушбу мажбуриятлар бўйича жавобгарликни белгилашни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш зарурати юзага келяпти.
Ушбу қонун лойиҳаси билан “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга акциядорлик жамиятининг ижро органи, кузатув кенгаши аъзоларининг мажбуриятлари, мажоритар акциядорларининг умумий мажбуриятлари ҳамда мазкур мажбуриятлар бўйича жавобгарликни аниқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши акциядорлик жамиятининг ижро органи, кузатув кенгаши, мажоритар акциядорларининг масъулияти оширилишига ҳамда жамият ва акциядорларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА
- Қўшилди: 16.04.2025
- Кўришлар: 184
- Чоп этиш