БМТ Афғонистондаги қизлар таълими билан боғлиқ вазиятдан хавотирда

Толибон ҳаракати томонидан Афғонистонда аёллар ва қизларга нисбатан жорий қилинган чекловлар аллақачон бир ярим миллионга яқин талаба қизга таъсир кўрсатган. Айни ҳолат давом этса, 2030 йилга бориб таълимдан маҳрум қизлар сони тўрт миллиондан ошиши мумкин, Ушбу маълумот БМТ Таълим, фан ва маданият масалаларига ихтисослашган агентлиги - UNESCO баёнотида келтирилган.

Афғонистон дунёда қизлар мактабга бориши тақиқланган ягона давлат, дейилган ҳисоботда. - Ўта ташвишли мазкур тақиқ соҳада ўнлаб йиллар давомида эришилган ютуқларни йўққа чиқариб, мамлакатни аёллар таълими билан боғлиқ инқирозли даврга қайтаради.

Таъкидланишича, ҳозирги вазият нафақат алоҳида қизлар келажаги, балки бутун Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ҳам салбий таъсир этади.

“Khaama press” ахборот портали ёзишича, халқаро ташкилотлар, жумладан UNESCO бундай сиёсатнинг жиддий оқибатидан огоҳлантиришда давом этаётганига қарамай, афғон аёллари ва қизлари аҳволи оғирлигича қолмоқда. Таълим ва асосий ҳуқуқдан фойдалана олмаган ҳолда, улар ҳаётини яхшилаш ва мамлакат тикланишига ҳисса қўшиш имкониятидан ҳам маҳрум бўлмоқда.

Узоқ муддатли истиқболда бундай тизимли камситиш оғир ижтимоий оқибатга олиб келади ва Афғонистоннинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий тараққиётини секинлаштиради.

ЎзА 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech