1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам тадбирлар ташкил этилмоқда.
Бу болажонларга нафақат қувонч улашувчи байрамларни, балки уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, муаммоларига ечим излашга қаратилган тадбирларни ҳам ўз ичига олмоқда.
Зотан, болалар ҳали ўзи учун ўзи кураша олмайдиган, доим меҳрга, таянчга муҳтож бўлган аҳоли қатламига киради. Ўзбекистонда болалар манфаатлари ҳимояси давлат сиёсатида муҳим ўрин тутади. Бу йўналишда давлат ва жамоат ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилгани, миллий қонунчилик тизими яратилгани шунинг натижасидир.

Тошкентда жорий йил 26-27 май кунлари "Жинсий зўравонлик ва одам савдоси қурбонлари бўлган болаларга оид ишларни тергов қилишда болаларга дўстона ёндашувлардан фойдаланиш" мавзусидаги тренинг ҳам Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ташкил этилди.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, Ўзбекистон Болалар омбудсмани ҳамда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир зўравонлик ва одам савдоси қурбони бўлган болалар билан ишловчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари учун мўлжалланди.

– БМТ маълумотларига кўра, одам савдоси қурбонларининг 70 фоиздан ортиғини аёллар ва болалар ташкил этади, – дейди Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова. – Бу аянчли ҳолатлар, афсуски, ҳеч бир давлатни четлаб ўтмайди. Шу боис, болаларни ҳимоя қилишни кучайтириш доимий долзарб аҳамиятга эга. Мамлакатимизда бу борада тизимли ва изчил ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йил 15 майда кучга кирган “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун шу ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Қонунга кўра, болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шакллари тақиқланади ҳамда қонун билан таъқиб қилинади. Давлат болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш учун тегишли ҳуқуқий, маъмурий, ижтимоий, иқтисодий ва бошқа чораларни кўради.
Тадбирда болага нисбатан жинсий зўравонлик ҳолатларида халқаро ҳужжатларда кўзда тутилган услубларда болаларни сўроқ қилиш, уларнинг қўшимча руҳий жароҳат олишининг олдини олиш, тергов давомида боланинг энг устун манфаатлари инобатга олиниши зарурлиги таъкидланди.
Халқаро экспертлар томонидан зўравонлик нафақат болалик даврига салбий таъсир кўрсатиши, балки инсоннинг бутун ҳаёти давомида асорат қолдириши ҳамда психологик жароҳат шакллари ва уни келтириб чиқариш омилларига эътибор қаратилди.
Болалар омбудсмани С.Раҳмонова зўравонлик қурбони бўлган болалар билан махсус ишлаш, уларнинг тергов ва суд босқичларида қўшимча зўриқишига йўл қўймаслик, жабрланувчи болаларга ихтисослашган тарзда тезкор психологик, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишни кўзда тутувчи ягона механизм йўлга қўйилиши зарур эканини алоҳида қайд этди.
Тренинг орқали амалиётчилар зўравонликдан жабрланган болаларни аниқлаш, ишни тўғри олиб бориш ва таҳлил қилиш, заиф болалар билан дўстона мулоқот қилиш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлмоқда. Бу жабрланган болалар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА
- Қўшилди: 27.05.2025
- Кўришлар: 214
- Чоп этиш