Болалар – ҳар бир жамиятнинг эртаси ва келажаги. Улар ҳамиша меҳр, эътибор ва ҳимояга муҳтож. Афсуски, жойларда ҳамон болалар билан боғлиқ зўравонлик ҳолатлари мавжуд. Бу зўравонлик жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий кўринишда бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам болаларни ҳар қандай зўравонликдан асраш – оила, жамият ва давлатнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Мамлакатимизда “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун, болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича бир қатор фармон ва дастурлар қабул қилинган. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, 2025 йил 14 июль куни Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан “Болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини аниқлаш, хавф даражасини баҳолаш, ҳимоя режасини ишлаб чиқиш ҳамда уни амалга ошириш тартиби тўғрисида"ги низом тасдиқланди.
Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни 27-моддасини амалда таъминлаш учун муҳим қадамдир.
Қайд этилишича, зўравонликдан жабрланган ёки хавф остида бўлган бола аниқланганда ҳолат махсус хабарнома орқали ваколатли давлат органларига зудлик билан етказилади. Ҳар бир ҳолат бўйича хавф даражаси баҳоланади, индивидуал ҳимоя режаси ишлаб чиқилади ва амалга оширилади. Жараёнда ички ишлар, соғлиқни сақлаш, таълим, маҳалла, ижтимоий хизматлар ва бошқа мутасадди органлар ҳамкорликда ҳаракат қилади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 47-моддасига кўра, бу тартибни бузган шахслар қонуний жавобгарликка тортилади.
Болаларни зўравонликдан асраш учун энг аввало ота-оналар болаларга доимий эътибор ва меҳр кўрсатиши лозим. Мактаб ва боғча тарбиячилари болалардаги ўзгаришларни диққат билан кузатиб бориши шарт. Жамиятда болалар ҳуқуқлари ҳақида кенг тушунча ва ахборот берилиши керак. Агар бола зўравонликка учраса, у эркин ва хавфсиз равишда мурожаат қила оладиган хизматлар фаол бўлиши шарт. Бундан ташқари, интернетдаги зўравонлик (кибербуллинг)дан болаларни ҳимоя қилиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА
- Қўшилди: 21.07.2025
- Кўришлар: 406
- Чоп этиш