23 декабрь куни “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятида Францияда нашр этиладиган «L'Opinion» газетаси таҳририятининг “Осиё” бўлими мудири ва муҳаррири Клод Лебланc билан учрашув бўлди.
Ташкилотнинг янги тузилмаси – Логистика ва рақамлаштиришни ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Умидулла Ибрагимов мулоқот чоғида, авваламбор, мамлакатимизга сайлов жараёнларини ёритиш учун ташриф буюрган француз журналистининг ушбу муҳим ижтимоий-сиёсий воқеага доир таассуротлари билан қизиқди.
К.Лебланс Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўзи бевосита кузатиш имконига эга бўлган сайловга тайёргарлик ва овоз бериш жараёнлари янги Ўзбекистонга хос ижобий ўзгаришларнинг яққол тимсоли эканини таъкидлади. Кейинги уч йилда амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар Ўзбекистоннинг дунёга очиқлигини намоён этди. Бу, шубҳасиз, мамлакат тараққиётнинг янги, юксак босқичига кўтарилганини тасдиқлайди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистонда нафақат миллий темир йўл тизимини ривожлантириш, балки бу борада минтақавий ва қиъалараро интеграция масалаларига катта эътибор қаратилаётгани қайд этилди. Қадим даврлардаёқ Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон ҳудуди бугунги кунда ҳам Евроосиё маконида тинчлик ва тараққиётнинг муҳим омили бўлмиш темир йўл тизимлари изчил равнақ топишида алоҳида аҳамият касб этишига эътибор қаратилди.
Ўз навбатида, меҳмон поездларни расадхонага қиёслашини айтди. Чунки расадхонлардан туриб юлдузларни кузатиш орқали коинотни ўрганиш мумкин. Мамлакатнинг қон томирлари бўлмиш темир йўллар орқали ўтадиган поездлар ҳам ўша юртни яқиндан кашф этиш имконини беради.
К.Леблансга Ўзбекистонда темир йўллар тизимини ривожлантиришнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари билан боғлиқ атрофлича маълумотлар берилди. Журналист ушбу ахборотлардан ўзи ишлайдиган газета учун мақола ва шарҳлар тайёрлаш, шунингдек, темир йўл тизими ва геосиёсат мавзуида ёзаётган китобига Ўзбекистон ҳақида алоҳида боб бағишлаш ниятида эканини билдирди.
Ғулом Мирзо
- Қўшилди: 24.12.2019
- Кўришлар: 4928
- Чоп этиш