Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Остона шаҳрида конституциявий ислоҳотлар доирасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди

2026 йил 20 октябрь куни Остонадаги Миллий академик кутубхонада "Инсонга эътибор — Қозоғистондаги конституциявий ислоҳотлар йўналиши" мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Тадбир Қозоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий ахборот институти ҳамда Халқаро юристлар ассоциацияси томонидан, ЕХҲТнинг Остонадаги Дастурлар офиси кўмагида ташкил этилди.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, унинг қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳамда конституциявий кафолатларни кучайтиришнинг амалий механизмлари муҳокама марказида бўлди. Иштирокчилар "давлат — инсон учун" тамойилини қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатларида қандай татбиқ этиш мумкинлигини кўриб чиқдилар.

Конференцияда давлат органлари, халқаро ташкилотлар, илмий ҳамжамият ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этди. Анжуман ишига Беларусь, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг соҳа муассасалари, шунингдек, МДҲ иштирокчи-давлатларининг Парламентлараро Ассамблеяси вакиллари онлайн тарзда қўшилди. Бевосита қатнашган иштирокчилар эса давра суҳбати шаклида мулоқот олиб бордилар.

Қозоғистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари Айдар Жарилганов, Элчи, ЕХҲТнинг Остонадаги Дастурлар офиси раҳбари Алексей Рогов, Қозоғистон Республикаси Конституциявий суди Аппарати раҳбари ўринбосари Ерлан Сапаров, Қозоғистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Артур Ластаев ҳамда хорижий давлатларнинг илмий-эксперт ташкилотлари раҳбарлари сўзга чиқдилар.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Mирзатилла Тиллабоев онлайн форматда чиқиш қилди.

Маърузалар жиноят қонунчилигида конституциявий ҳуқуқларни рўёбга чиқариш, малакали юридик ёрдам олиш имконияти, шахс дахлсизлиги, инсон қадр-қиммати ҳамда ижтимоий кафолатларга бағишланди. Рақамли даврда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, рақамлаштиришнинг ахлоқий муаммолари ва ижтимоий адолат масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Қозоғистонлик ва хорижий экспертлар конституционализмни ривожлантириш ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича ўз ёндашувларини тақдим этдилар.

Конференция якунида иштирокчилар маърузаларни муҳокама қилдилар ҳамда қонунчиликни такомиллаштириш ва фуқаролар ҳуқуқларини амалда ҳимоя қилиш юзасидан фикр алмашдилар.

  

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 22.10.2026 Ko'rishlar 1 718
Ulashish