Европа Иттифоқи «Жаслиқ» колониясининг ёпилишини олқишлаб, буни қамоқхоналарда бошқарувни яхшилаш сари ташланган қадам деб атади.
Баёнотда илғор халқаро тажрибага мувофиқ, Ўзбекистон парламенти Омбудсманининг миллий профилактика механизмини амалга ошириш бўйича ваколатларини кенгайтириш лозимлиги ҳам эслатиб ўтилган.
“Европа Иттифоқи БМТнинг Қийноқ ва жазонинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни топтовчи турларига қарши конвенцияси Факультатив протоколини ратификация қилиш асосида жазони ижро этиш муассасалари тизимида ислоҳотларнинг амалга оширилиши ҳамда энг яхши халқаро тажрибаларга мувофиқ равишда Омбудсманнинг Миллий превентив механизми функциясини бажариш бўйича ваколатлари кенгайтирилишини кутмоқда”, — дейилади Евроиттифоқ баёнотида.
«2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида таъкидланганидек, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларига ҳурмат Ўзбекистоннинг жадал иқтисодий ва ижтимоий тараққиётининг муҳим шартидир. Ҳам хорижлик, ҳам маҳаллий иқтисодий операторларнинг амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан ишончи ва Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритиши ушбу соҳадаги мунтазам ижобий ўзгаришларга боғлиқдир. Европа Иттифоқи муносабатларимизни янги босқичга олиб чиқадиган бу каби саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга тайёр», — дея эътироф этилади баёнотда.
Маълумот учун: Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2 август куни «Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясини тугатиш тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ушбу қарор халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан ижобий баҳоланди.
«Human Rights Watch» ташкилоти вакили Стив Свердлоу «Жаслиқ» колонияси ёпилишини «ақл бовар қилмас янгилик» деб атаб, қийноқлар даври ортда қолганига ишонч билдирди.
«Amnesty International» ташкилоти вакили Дэниел Балсон Ўзбекистоннинг халқаро нуфузига соя солиб турган колониянинг ёпилиши инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўлида дадил одим бўлганини қайд этди.
БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси Ҳелена Фрейзер ушбу қарор халқаро ташкилот тавсияларига мувофиқ эканини таъкидлади.
Ўтган йиллар давомида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси ҳамда бир қатор халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ўзбекистон ҳукуматига «Жаслиқ» колонияcини ёпишни сўраб мурожаат қилган.
ОАВ хабарлари асосида тайёрланди
- Қўшилди: 16.08.2019
- Кўришлар: 6677
- Чоп этиш