БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян 21 сентябрь куни Фарғона вилоятига ташрифи доирасида Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро суди фаолияти билан танишди.
Бу ерда меҳмон суд тизимига татбиқ этилган «E-sud» миллий тизимининг самарадорлигини кўздан кечирди. У мазкур замонавий тизимдан фойдаланиш, хусусан, судьяларни ўз фаолиятида ушбу тизимни қўллашга ўқитиш жараёнларига эътибор қаратди.
Диего Гарсия-Саян қайд этганидек, “Одатда, судьяларнинг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш даражаси бир-биридан фарқ қилади”. Шу маънода, ушбу илғор тизимни пухта ўзлаштириш унинг самарадорлигини янада оширади.
БМТ Махсус маърузачиси судга келиб тушган ишларни ўрганиш ва ҳал этиш учун судьяларга тақдим этишда «E-sud» миллий тизими ҳар қайси ишни мураккаблиги даражасига қараб тақсимлашдек масъулиятли вазифани нечоғлик уддалаши билан қизиқди.
Бундан ташқари меҳмоннинг “Суд жараёнида иштирок этмаётган шахслар «E-sud» миллий тизими орқали маълумотлар олиш имконига эгами?”, “Мазкур тизим билан барча судлар таъминланганми?” каби саволларига ҳам мулоқот асносида атрофлича жавоблар берилди.
Д.Гарсия-Саян Ўзбекистонда судларга «E-sud» миллий тизими татбиқ этилганини юқори баҳолади. Бу тизим судьяларнинг ишини жуда осонлаштириши ва енгиллаштириши билан бирга, атроф муҳитни ҳимоя қилиш ва дарахтларни асраб-авайлаш имконини ҳам беради.
“Чунки мазкур янги тизим жорий этилиши туфайли судлов ишлари жараёнларида қанчадан-қанча қоғозлар исроф бўладиган аввалги иш усулубидан воз кечилмоқда, – деди пировардида БМТ Махсус маърузачиси. – Мен Перудаги судлар билан алоқа ўрнатиб, ватанимдаги судьяларни ҳам мазкур тизимдан фойдаланишга ўргатишингизни таклиф этаман”.
Мўътабар меҳмон, шунингдек, Маъмурий ишлар бўйича вилоят суди раиси ва Жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси билан мулоқотда бўлди. Бундан ташқари, БМТ Махсус маърузачиси фуқаролик ишлари ва иқтисодий ишлар бўйича судьялар билан суҳбатлашди. Д.Гарсия-Саян Фарғона вилояти прокурори У.Қосимов билан ҳам учрашди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 22.09.2019
- Кўришлар: 5969
- Чоп этиш