Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Халқаро гуманитар ҳуқуқ қўлланишини ривожлантириш йўлида

3 ноябрь куни Женевада Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси (ХҚХҚ) ва Швейцариянинг халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларига риоя этилишини кучайтиришга қаратилган қўшма ташаббуси доирасида ташкил этилган «Халқаро гуманитар ҳуқуқ бўйича глобал мулоқот»нинг очилиш маросими бўлди.

Тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов иштирок этди. Мамлакатимиз вакили форумнинг “Халқаро гуманитар ҳуқуқ асосларини шакллантиришда умумижтимоий ёндашув” мавзусидаги давра суҳбати доирасида сўзга чиқди.

Очилиш маросимида ХҚХҚ президенти Миряна Сполярич ва Швейцария Федерал ташқи ишлар департаменти раҳбарияти вакили Александр Фазел маъруза қилди. Бунда асосий эътибор халқаро гуманитар ҳуқуққа нисбатан замонавий таҳдидларга, тинч аҳолини ҳимоя қилиш ҳамда давлатларнинг гуманитар меъёрларга риоя қилиш бўйича масъулиятини ошириш заруратига қаратилди.

Маърузаларда давом этаётган қуролли можаролар ва гуманитар эҳтиёжлар ортиб бораётган бир шароитда халқаро ҳамжамият Женева конвенцияларига риоя этилишини таъминлаш, инсон қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳамда халқаро гуманитар ҳуқуқ бузилишининг олдини олиш борасидаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириши зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, Халқаро гуманитар ҳуқуқ бўйича глобал ташаббуснинг миллий тажриба алмашиш, амалий тавсиялар ишлаб чиқиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш платформаси сифатидаги аҳамияти алоҳида таъкидланди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А. Саидов иштирокчилар эътиборини миллий қонунчилик ва халқаро гуманитар ҳуқуқни амалга ошириш механизмларини мустаҳкамлаш, давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш зарурлигига қаратди. Таълим ташаббуслари, касбий тайёргарлик ва ёшларни жалб қилиш орқали тинчлик давридаёқ халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларига ҳурмат маданиятини шакллантириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Миллий марказ директори Акмал Саидов, шунингдек, 4 ноябрь куни ХҚХҚ Бош директори Пьер Кренбюл билан учрашув ўтказди. Мулоқот асносида ХҚХҚ Бош директори Ўзбекистон ва ХҚХҚ ўртасидаги мавжуд ҳамкорлик даражасини юқори баҳолаб, унинг конструктив ва самарали эканини қайд этди. Ўзбекистоннинг инсонпарварлик қадриятларини илгари суриш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро гуманитар ҳуқуқни мустаҳкамлашга содиқлигини эътироф этди.

П. Кренбюл Ўзбекистоннинг ХҚХҚ халқаро ташаббусларида фаол иштирок этаётгани, хусусан, халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларига риоя этилишини мустаҳкамлаш, қуролли можаролар шароитида тинч аҳолини ҳимоя қилиш ва ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган Халқаро гуманитар ҳуқуқ бўйича глобал ташаббусга қўшилгани учун миннатдорлик билдирди.

Шу муносабат билан жорий йил декабрь ойида Иорданияда Халқаро гуманитар ҳуқуқ бўйича глобал ташаббус доирасида ўтказиладиган “Уруш даврида инсонпарварлик” мавзусидаги юқори даражадаги конференцияда Ўзбекистон делегациясининг юқори даражада иштирок этиши муҳимлиги таъкидланди. Унда Халқаро гуманитар ҳуқуқ бўйича глобал ташаббусни амалга ошириш якунларини сарҳисоб қилиш ҳамда давлатларнинг халқаро гуманитар ҳуқуқ тамойилларига содиқлигини мустаҳкамлашга қаратилган сиёсий декларация қабул қилиниши режалаштирилган.

П. Кренбюл жорий йил сентябрь ойида ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича бешинчи Самарқанд форуми ишини ижобий баҳолади. Форумнинг халқаро мулоқот учун аҳамиятини ҳамда ХҚХҚ Президенти М. Споляричнинг табрик мактубини алоҳида қайд этди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва ХҚХҚ ўртасида 2026-2027 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар режасини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. ХҚХҚнинг кўзда тутилган тадбирларни рўёбга чиқаришга, жумладан, таълим ташаббусларини ривожлантириш, қўшма эксперт учрашувларини ўтказиш ва халқаро гуманитар ҳуқуқ соҳасидаги миллий қонунчиликни такомиллаштиришга кўмаклашишга тайёрлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, П. Кренбюл Марказий Осиё давлатлари иштирокида халқаро гуманитар ҳуқуқ доирасида сунъий интеллектни қўллаш, миллий тажриба алмашиш ва амалий тавсиялар ишлаб чиқиш масалаларига бағишланган мавзули семинар ва конференциялар ташкил этиш орқали Ўзбекистон билан ҳамкорликни нафақат икки томонлама, балки минтақавий даражада ҳам кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.

Бунда Иорданияда бўлиб ўтадиган Халқаро гуманитар ҳуқуқ бўйича конференция якунларини муҳокама қилиш ва ушбу соҳадаги ҳамкорликнинг келгуси йўналишларини белгилаб олиш мақсадида алоҳида минтақавий анжуман ўтказиш имкониятига жиддий эътибор қаратилди.

Шунингдек, Женева конвенциялари ва халқаро гуманитар ҳуқуққа оид бошқа материалларни лотин имлосига асосланган ўзбек алифбосида нашр этиш зарурати муҳокама қилинди. Бу Ўзбекистон ёшларига ушбу материалларни она тилида ўрганиш ҳамда улардан фойдаланиш имконини бериб, ҳуқуқий саводхонликни ва халқаро гуманитар ҳуқуққа бўлган қизиқишни оширишга хизмат қилади.

Мулоқот якунида томонлар тинчлик маданиятини тарғиб қилиш, инсон қадр-қимматини ҳимоя қилиш ва амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришга содиқ эканликларини тасдиқладилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 05.11.2026 Ko'rishlar 83
Ulashish