Фарғона шаҳрида «Одам савдосига қарши курашиш масалаларини оммавий ахборот воситаларида самарали ёритиш» мавзусида журналистлар учун ўтказилган ўқув семинарида бу ҳақда фикр юртилди. Ушбу тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва БМТнинг миграция бўйича агентлиги – Халқаро миграция ташкилоти томонидан ўзаро ҳамкорликда ташкил этилди.
Тренингни Халқаро миграция ташкилотнинг Ўзбекистон бўйича менежери Санжарбек Тошбоев олиб борди. Унинг таъкидлашича, глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланаётган бир пайтда трансмиллий уюшган жиноятчилик ҳам тобора кўпаймоқда. Бунинг оқибатида глобал муаммолардан бири – одам савдоси катта ташвиш уйғотмоқда.
Яқинда Буюк Британиянинг “Guardian” нашри, Халқаро меҳнат ташкилоти ва “Walk Free Foundation” маълумотларига таянган ҳолда, ушбу ҳолатга қуйидагича баҳо берди. Яъни, ҳозирги кунда сайёрамиз аҳолисининг тахминан 40 миллион 300 минг нафари замонавий қуллик исканжасидадир.
Одам савдосига қарши курашишда қуйидаги 4 та тамойилнинг самарали татбиқ этилиши жуда муҳимдир. Булар – олдини олиш, кўмак бериш, таъқиб этиш ва ҳамкорлик қилиш тамойилларидир.
Оммавий ахборот воситалари аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, одам саводоси ҳолатларининг олдини олиш ва бунда таҳдидларни камайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Журналистларнинг бу борадаги фаолияти фақат шу билангина чекланиб қолмайди. Уларда эълон қилинган хабарлари, бир томондан, одам савдоси жабрдийдаларига кўмак бериш учун қўл келса, иккинчи томондан, бу иллат билан шуғулланадиган кимсаларни таъқиб қилишда муайян ўрин тутади. Шу билан бирга, ОАВлар мамлакат миқёсида, хорижий ва халқаро кўламларда ҳам турли ташкилотлар ҳамда муассасалар ўртасида ҳамкорлик алоқаларининг ривожланишида ўзига хос кўприк вазифасини ўтайди.
Жаҳон ҳамжамияти томонидан 2018 йилнинг декабрида Марокашда Миграция бўйича глобал шартнома қабул қилинди. Ушбу халқаро ҳужжатни Ўзбекистон ҳам қўллаб-қувватлади. Глобал шартномада миграция масалаларига кенг қамровли ва ялпи ёндашиш борасида, жумладан, одам савдосига қарши курашиш, мигрантларга нисбатан камситиш ва тоқатсизликларга йўл қўймаслик каби вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни алоҳида экани таъкидланган.
- Айни чоғда, одам саводасига қарши курашиш ва таҳдидларни камайтириш мавзуларини самарали ёритиш оммавий ахборот воситалари зиммасига муайян масъулият юклайди. Хусусан, бу жараёнларда журналистларнинг тегишли касбий маҳоратга эгалиги, умумэътироф этилган халқаро принцип ва нормаларни билиши, миллий қонунчилик талабларидан хабардорлиги, бундай қалтис ҳодисаларни ёритиш учун руҳий, ижтимоий, маданий ва бошқа мезонлар бўйича шай бўлиши тақозо этилади,-деди Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари, юридик фанлари доктори Мирзатилло Тиллабоев.
Нотиқнинг маърузасида қайд этилишича, Ўзбекистон Халқаро миграция ташкилотининг тўлақонли аъзоси ҳисобланади. Мамлакатимиз ушбу нуфузли ташкилот одам савдосига қарши курашиш ва унинг жабрдийдаларига кўмак бериш соҳасида амалга оширилаётган дастурларида иштирок этиб келмоқда.
Бинобарин инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш йўлида кенг қамровли ўзгаришлар изчилллик билан жорий этилмоқда. Жиноятчиликка, жумладан одам савдосига қарши курашиш ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш масалаларига устувор даражада эътибор қаратилиб, ушбу ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Одам савдосидан жабр кўрган кишиларни аниқлаш ва ҳимоялаш борасида таъсирчан амалий ишлар қилинмоқда. Жабрдийда фуқароларга тиббий, руҳий-маънавий ва бошқа хил кўмаклар кўрсатилмоқда.
Республикамизда меҳнат мигрантлари – мамлакатимизнинг хориждаги фуқароларини ҳимоя қилиш, шунингдек, одам саводаси жабрдийдалари ва ожиз мигрантларга ёрдам бериш масалаларига тобора катта эътибор қаратилмоқда. Одам савдосига қарши курашишнинг ҳуқуқий ва ташкилий асослари яратилган ҳамда бундай жиноят жабрдийдаларини ҳимоя қилиш механизмлари ишлаб чиқилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 июнда қабул қилинган “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси Олий Мажлис Сенати Раиси бошчилигидаги Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси этиб қайта ташкил қилинди.
Президентимизнинг 2018 йил 10 декабрда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига кўра, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини, миллий маърузалар тайёрланишини, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтиришни таъминловчи давлат органидир.
Марказнинг асосий вазифалари қаторида инсон ҳуқуқлари соҳасида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга кўмаклашиш, инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда тузилмалар, хорижий мамлакатлар миллий институтлари билан ҳамкорликни амалга ошириш каби муҳим вазифалар кўзда тутилган. Марказ директори Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг аъзоси ҳисобланади.
- Шу маънода, Фарғонада ташкил этилган икки кунлик тренинг машғулотларини ўтказишдан асосий мақсад - одам савдосига қарши курашиш мавзусини самарали ёритиш борасида оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, давлат органлари матбуот хизматлари ходимларининг касбий тайёргарлигини оширишга кўмаклашишдир,- дейди Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Матбуот хизматининг раҳбари Ғулом Мирзаев.
Ўқув машғулотларини миллий, хорижий ва халқаро экспертлар олиб борди. Дастурдаги бир бирини тўлдирувчи ўн икки мавзу бўйича медиатор, эксперт ва мутахассисларнинг маърузалари тингланди. МХТнинг Беларусь Республикасидан ташриф буюрган ташкилий ривожланиш, жамоат билан алоқалар, журналистика ва медиаменежмент бўйича экспертлари Витаут Рудник ва Лана Рудниклар томонидан ўтказилган “маҳорат дарслари” ғоят қизиқарли кечди.
Жумладан, “Профессионаллик, этика, атамалар ва одам савдосига оид масалаларни ОАВларда ёритишнинг ўзига хос жиҳатлари”, “Одам савдосига қарши курашиш мавзуси ва хатарларни минималлаштириш бўйича авдио-визуал материлалар ҳамда инфографика тайёрлаш”, “ Стори-теллинг ва одам савдоси ҳолатларини ёритишнинг бошқа самарали турлари”, “Блогерлар, инфлюенсерлар одам савдосига қарши курашиш масалаларини онлайн тарзда ёритишнинг бошқа турлари”га оид машғулотлар фикримиз далилидир.
- Анжуманда ҳозирги даврнинг ғоят ўткир муаммоларини таъсирчан ёритиш бўйича ОАВ ходимлари касбий маҳоратини, ҳуқуқий билимини ошириш билан бирга ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан кенгроқ қўлланиш борасидаги тушунчаларини бойитишда ҳам муҳим аҳамият касб этди, дейди журналист Акрамжон Сатторов.
Интерфаол шаклдаги мулоқотларда мавжуд назарий ва ҳуқуқий манбаларнинг аҳамияти амалий машқлар билан уйғунликда кўриб чиқилди. Одам савдосига қарши курашиш мавзусида матбуот анжумани ўтказиш, интервью олиш бўйича амалий машғулотларда тингловчиларнинг салоҳияти, лаёқати ва маҳорати синаб кўрилди. Тренинг якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.
Абдулла ҒОЗИЕВ,
“Шифокор ва ҳаёт” газетаси муҳаррири
Маълумот учун: Абдулла Ғозиев – Фарғона шаҳрида 2019 йил 31 октябрь – 1 ноябрь кунлари «Одам савдосига қарши курашиш масалаларини оммавий ахборот воситаларида самарали ёритиш» мавзусида журналистлар учун ўтказилган ўқув семинарининг иштирокчиси. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва БМТнинг миграция бўйича агентлиги – Халқаро миграция ташкилоти томонидан ўзаро ҳамкорликда ташкил этилган.
Абдулла ака машғулот кунлари ҳам фаоллик кўрсатиб, тренинг жараёнларини оммавий ахборот воситаларида ёритишга ҳисса қўшган. Мана, орадан бир ойдан кўпроқ вақт ўтиб, “Тиббиёт ва замон” журналининг 2019 йил 5-сонида ўша мавзу тафсилотлари бўйича яна мақола чиқарибди. Ҳамкасбимизга миннатдорлик билдирган ҳолда, ушбу ижод маҳсулини сайтимизда ҳам эълон қилишга жазм этдик.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 11.12.2019
- Кўришлар: 5254
- Чоп этиш