Глобал миграция босими: 2025 йилдаги асосий трендлар
Жорий йил глобал миграция масаласи дунё бўйлаб жуда долзарб ва муҳим мавзуга айланди. Иқтисодий қийинчилик, иқлим ўзгариши, уруш, меҳнат бозори ўзгариши – буларнинг бари одамларни кўчишга мажбур қилмоқда. Миграция шунчаки бир мамлакатдан бошқасига кетиш эмас, балки кенгроқ жараён: транзит, қайтиш, вақтинча ишчи миграцияси, оилавий кўчиш ва ҳатто, мажбурий кўчирилиш.
2025 йилги глобал миграция жараёни кучайиши ҳар бири ўзига хос бир неча йирик омилга тақалади.
Биринчиси – хавфсизлик инқирози. Турли минтақаларда давом этаётган сиёсий беқарорлик, қуролли тўқнашув ва ички беқарорлик туфайли миллионлаб одам уйини ташлаб кетяпти. Халқаро ташкилотлар маълумотига кўра, дунёда мажбурий кўчиш салмоғи рекорд даражага чиққан. Бинобарин, инсонлар ихтиёрий эмас, балки тирик қолиш учун бошқа давлатга мажбурий кўчмоқда.
Иккинчи омил – иқтисодий босим. Жуда кўп юртларда инфляция, иш ўрни етишмаслиги, даромад пасайиши фуқароларни чет элдан иш излашга ундаяпти. Айниқса, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаларида меҳнат кучига талаб мислсиз ошмоқда. Аҳолиси қариб бораётгани сабабли, ривожланган давлатлар ёш иш кучини четдан излаяпти. Шунинг учун ҳам кўпчилик яхшироқ иш топиш учун миграцияга қарор қилмоқда. Бу йил жараён янада кучайди: айрим давлатларда меҳнат муҳожирлари учун квота кенгайтирилди, айримларида эса қисқартирилди. Натижада янги миграция оқими юзага келди.
Учинчи омил – иқлим ўзгариши. Сўнгги пайт қурғоқчилик, сув тақчиллиги, иссиқлик тўлқини, кучли бўрон ва денгиз сатҳи кўтарилиши каби экологик муаммолар ортидан юзлаб ҳудудлар аҳолиси яшаш жойини ўзгартиришга мажбур. Соҳилда уй-жойлар сув остида қоляпти, қишлоқларда қурғоқчилик туфайли деҳқончилик имкони йўқоляпти. Иқлим сабаб кўчиш одатдагидек қисқа муддатли эмас, балки бутун аҳоли манзиллари кўчирилишига сабаб бўлмоқда.
Тўртинчи омил – миграция йўллари ўзгариши. Жорий йил одамлар илгари фойдаланилмаган ёки кам ишлатилган йўллар орқали силжий бошлади. Масалан, Яқин Шарқдан Европага янги денгиз йўллари пайдо бўлди. Жанубий Осиёдан Яқин Шарққа ишчи миграция оқими кучайди. Жанубий Америкада эса шимол томонга кўчиш кескин ошди. Бундай ўзгаришлар қабул қилувчи давлатлар учун янги муаммоларни келтириб чиқармоқда: чегара назорати, мигрантларни жойлаштириш, интеграция дастурига маблағ етказиш каби мураккаб масалалар пайдо бўлган.
Бешинчи омил – технологиялар. 2025 йил интернет, мобил алоқа, ижтимоий тармоқ ва ишчи визалар ҳақида кенг тарқалган маълумотлар соҳани янада осон ва тизимли шаклга солди. Миграция қарори энди фақат шароит оғирлигидан келиб чиқаётган ҳаракат эмас. Кўпчилик мақсадли равишда қайси давлатга бориш, нима иш қилиш, қандай ҳужжат тайёрлашни режалаштириб, кейин йўлга тушмоқда. Бу умумий муҳожирлик оқимини жадал оширадиган омиллардан бири бўлиб қолди.
2025 йил давлатлар ўртасидаги иқтисодий кўчиш ҳам миграция босимини кучайтирди. Баъзи ҳудудларда йирик инфратузилма лойиҳалари, заводлар кўпайиши ва нефть-газ тармоғи кенгайиши боис маҳаллий меҳнат кучи етмай қоляпти. Натижада хорижий ишчиларни жалб қилишни жадаллаштириш тақозо қилиняпти. Айниқса, Яқин Шарқ, Жануби-шарқий Осиё ва Европа мамлакатларида айни ҳолат яққол сезиляпти.
Қисқаси, глобал миграция фақат бир давлатдан бошқасига шунчаки кўчиш эмас, балки бутун дунё бўйлаб демографик, иқтисодий, экологик ва сиёсий жараёнга таъсир кўрсатаётган йирик глобал ҳодисага айланди. Миграциянинг ҳар қандай сабаби бошқа бир омил билан боғлиқ: иқтисодий қийинчилик иқлим билан кесишади, иқлим ўзгариши сиёсий босим туфайли тезлашади, сиёсий беқарорлик иқтисодий инқирозни юзага келтириб, кўчиш қароринидолзарблаштиради. Шунинг учун ҳам миграция босими глобал кун тартибидаги асосий мавзулардан бири бўлиб қолди.
Жорий йил глобал миграция оқими кучайиши қабул қилувчи давлатларни янги қарорлар қабул қилиш, ўз сиёсатини қайта кўриб чиқишга мажбурлади. Энди айни соҳа фақат “Ким келяпти?” эмас, балки “Қайси тизим билан бошқарамиз?”, “Жамиятга қандай таъсир бўлади?”, “Меҳнат бозоридаги ўрнимиз нечоғли?” каби муҳим саволларга жавобан ҳам ривожланяпти. Айниқса АҚШ, Канада, шунингдек Европа, Яқин Шарқ ва Осиёнинг айрим ривожланган мамлакатларида бу мавзу ички сиёсат марказий масаласига айланди.
Масалан, кўҳна қитъада миграция бўйича умумий сиёсатни бирлаштириш қизғин муҳокама қилиняпти. Айрим давлатлар мигрантларга эшик очаётган бир пайт, бошқалар кескин чеклов қўллаяпти. Бу қарама-қаршилик Европада ички сиёсий босимни кучайтирди. Баъзи мамлакатлар меҳнат бозоридаги бўш ўринлар сабаб мигрантларни чорлаяпти, бошқалар жамиятдаги кескин танқид, хавфсизлик билан боғлиқ қўрқув ва ижтимоий босим туфайли кескин сиёсат юритмоқда. Натижада умумий миграция сиёсати бўйича янги келишувлар ишлаб чиқилди. Бу қадам хорижликлар қабул қилиниши жараёни тартибли ва назорат остида бўлишини таъминлашга қаратилган.
АҚШда чегарадаги вазият ички сиёсатнинг муросасиз баҳсига айланди. Мексика орқали кираётган муҳожирлар оқими ошгани сайин, ҳукумат чегарадаги назоратни кучайтириш, тезкор депортация тизимини жорий қилиш, ҳужжатсиз мигрантлар билан боғлиқ масалани қайта кўриб чиқиш каби қатор чоралар кўрмоқда. Шу билан бирга технологик назорат – дрон, рақамли кузатув тизими, биометрик рўйхатга олиш қамрови кенгайтирилди. Америка ички сиёсатида миграция мавзуси нафақат хавфсизлик, балки иқтисодиёт, меҳнат бозори ва соғлиқни сақлаш тизими билан ҳам боғлиқ жиддий масаладир.
Яқин Шарқ мамлакатларида соҳа бошқача манзара касб этган. Яъни, иқтисодий ривожланиш, йирик қурилиш ва инфратузилма лойиҳалари сабаб меҳнат мигрантларига эҳтиёж жуда юқори. Бу йил айрим давлатлар меҳнат визасини соддалаштирди, иш берувчига қўшимча квота ажратди, муҳожирлар учун энг кам ижтимоий ҳимоя чегараси кўтарилди. Афсуски, бу жараён ҳам муаммосиз кечмаяпти: кенг миқёсдаги ишчи миграцияси меҳнат шароити, яшаш жойи, шаффоф ишга олиш тизими каби масалаларни кун тартибига олиб чиқди.
Канада, Австралия, Жанубий Корея каби давлатлар “селектив миграция модели”ни кучайтирмоқда. Улар аҳоли қариши, меҳнат бозоридаги малакали иш кучи етишмовчилиги сабаб “балл тизими”, “тезкор виза” ва “саралаб қабул қилиш” механизмини янада кенг қўллай бошлади. Бу давлатлар миграцияни хавф эмас, балки иқтисодий имконият сифатида кўряпти. Шу боис глобал мигрантларнинг салмоқли қисми малакали вакиллар сифатида ушбу давлатларга йўл олди.
Яна бир муҳим жараён – қабул қилувчи давлатларда жамиятнинг миграцияга нисбатан муносабати кескин ўзгариши. Баъзи мамлакатларда мигрантларга эҳтиёж ошгани учункимлардир уларни меҳнат бозорининг муҳим бўлаги, деб қабул қилмоқда. Бошқа ҳудудларда миграция сиёсий тортишув ва ижтимоий кескинлик нуқтасига айланган. Тарқатилаётган маълумот, ёлғон хабар, миграцияни сиёсий қурол сифатида ишлатиш каби ҳолатлар айрим жамиятларда норозиликни кучайтирмоқда.
Интеграция масаласи ҳам олдинги йилларга қараганда анча кескин тус олди. Қабул қилувчи давлатлар мигрантларнинг жамиятга мослашуви, тил ўрганиши, иш топиши ва ижтимоий ҳаётга қўшилишига ёрдам берувчи дастурларни кенгайтирмоқда. Зеро, мигрантлар сони ортгани сайин, уларнинг жамиятга мослашиши жараёни бутун ижтимоий барқарорликка таъсир қиладиган омилга айланмоқда.
Умуман, миграцияни қабул қилаётган мамлакатларнинг янги сиёсати ана шу жараён қанчалик мураккаблашганини кўрсатди. Энди миграция нафақат чегарадан ўтиш, балки иқтисодиёт, хавфсизлик, демография, жамоатчилик кайфияти ва сиёсий барқарорлик билан бевосита боғланган йирик тизимли жараёндир.
Ҳозир глобал миграция босими фақат чегара ёки сиёсат билан белгиланмаяпти. Бу жараён бутун дунёда хавфсизлик тизими, демография баланси, иқтисодиёт ва ҳатто геосиёсий рақобатга ҳам таъсир қилаётган йирик омил сифатида намоён бўляпти. Биринчи навбатда хавфсизлик масаласи кўтариляпти: кўплаб давлатлар миграция назоратини кучайтирса-да, ноқонуний ўтиш камаймаяпти. Чегаралар қатъийлашгани сари муҳожирлар янада хавфли йўллардан фойдаланишга мажбур бўлмоқда. Бу эса одам савдоси, ноқонуний ташиш каби хавфли гуруҳлар фаолияти кенгайишига шароит яратади. Халқаро ташкилотлар эса 2025 йил “инсонга нисбатан хавфсизлик” мавзуси энг муҳим масалага айланганини эътироф этмоқда.
Аҳолиси қариб бораётган ривожланган мамлакатларда мигрантлар меҳнат бозорини ушлаб турувчи асосий кучга айланди. Кўплаб давлатлар соғлиқни сақлаш, таълим, технология, транспорт, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда айнан мигрантлар бўлмаса, ишчи кучи етишмаслигини очиқ тан олмоқда. Шу сабабли миграция айрим йирик иқтисодиётлар учун муаммо эмас, балки мажбурий эҳтиёжга айланган. Бошқа томондан айрим ривожланаётган ёки ўрта даромадли давлатлар аҳолиси камайиб, ёшлар харажати ошиб бораётгани сабаб, аҳолиси чет элга кетаётганидан хавотирда. “Ақлли мия оқими” (Clever brain drain) бу йил янада кучайиб, малакали мутахассислар ривожланган давлатларга оқиб кета бошлади. Натижада айрим секторлар бўшаб қоляпти.
Иқтисодий оқибат ҳам икки ёқлама кўриниш касб этмоқда. Жуда кўп қабул қилувчи мамлакатларда меҳнат муҳожирлари иқтисодиётга ижобий ҳисса қўшмоқда: солиқ, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, инновация жараёни технологик ривожланиш жараёнида миграция кучли омил сифатида намоён бўлмоқда. Шу билан бирга харажат ҳам кам эмас: интеграция дастурлари, уй-жой, тиббиёт, ҳужжатлаш жараёни, чегарани қўриқлаш давлат бюджетида салмоқли улуш олмоқда. Демак, кўп мамлакатларда миграция сиёсий баҳсдан ташқари, иқтисодий масалага ҳам айланган.
Глобал миграциянинг яна бир ўзига хос томони – геосиёсий рақобат кучайиши. Айрим давлатлар миграцияни сиёсий босим воситаси сифатида ишлата бошлади. Яъни, мигрант оқимини қўшни ёки рақобатчи давлат билан келишувда қурол сифатида қўллаш, уларга чиқиш йўлларини очиш ёки ёпиш орқали геосиёсий таъсир ўтказиш мақсади назарда тутилиши мумкин. Натижада миграция нафақат инсоний муаммо, балки стратегик восита сифатида ҳам шаклланмоқда.
Келажак тахмини бир неча йўналишни кўрсатмоқда. Иқлим ўзгариши тезлашуви, айрим ҳудудларда иқтисодий тенгсизлик кучайиши, сиёсий инқироз ва меҳнат бозоридаги глобал ўзгаришлар сабаб 2030 йилларга бориб миграция босими янада ортиши кутиляпти. Халқаро экспертлар фикрича, келажакда миграция оқимининг салмоқли қисми мажбурий кўчиш, экологик миграция ва қисқа муддатли меҳнат муҳожирлигидан иборат бўлади. Шу билан бирга давлатлар ўртасида “ақлли миграция бошқаруви” тизими ҳам пайдо бўлади. Яъни, рақамли идентификация, биометрик тизим, рақамли виза платформалари ёрдамида соҳани тартибга солиш осонлашади.
Хулоса қилиб айтганда, 2025 йилдаги глобал миграция босими дунё сиёсатининг “чегара масаласи”дан анчагина кенгроқ тушунча эканини кўрсатди. Миграция – хавфсизлик, иқтисодиёт, иқлим, демография ва халқаро муносабатлар билан чамбарчас боғланган мураккаб тизим. Келгуси йилларда бу масала янада мураккаблашиши, давлатлар эса вазиятга миграцияни чеклаш эмас, балки бошқариш, тартибли йўлга қўйиш орқали жавоб бериши кутилади.
Мусулмон Зиё, ЎзА
Ўзбекча
English
Русский