Ҳуқуқий асослар: Экополиция қандай қонунлар асосида ишлайди?

Муносабат:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 ноябрдаги ПҚ–343-сон қарори билан алоҳида “Экополиция тўғрисида” Низом тасдиқланди. Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат, мамлакатимизда экологик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи махсус давлат тузилмаси – Экополиция институтини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб берди.

Экополиция экологик хавфсизликни таъминлаш ва бу борадаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида ҳуқуқни муҳофаза қилишга доир айрим вазифаларга эга бўлган махсус давлат тузилмаси ҳисобланади.

Ушбу тузилманинг пайдо бўлиши экологик хавфсизлик, давлат экологик назорати ва экологик жавобгарлик институтларининг янги сифат босқичига кўтарилиши билан боғлиқ муҳим жараёндир.

Экополиция фаолиятининг умумий ва махсус ҳуқуқий замини

Экополиция фаолиятини аввало, Конституция нормалар асосида ташкил этади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқаролар учун қулай атроф-муҳитда яшаш ҳуқуқи ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мажбурияти мустаҳкамланган.

Шу конституциявий нормалардан келиб чиқиб, экология соҳасидаги махсус қонунлар билан узвий боғлиқ ҳолда экополиция ўз фаолиятини олиб боради. Демак, экология соҳасидаги махсус қонунчилик ҳужжатларига асосланади.  

Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун – атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишнинг ҳуқуқий ва ташкилий асосларини белгилайди. Ўзбекистон Республикасининг “Экологик назорат тўғрисида”ги қонун  – экологик назоратнинг мақсадлари, субъектлари ва шаклларини белгилайди, давлат экологик назорати тизимини ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштиради. Ўзбекистон Республикасининг “Ўрмон тўғрисида”ги қонун – ўрмон фондидан фойдаланиш, ўрмонларни муҳофаза қилиш ва қайта тиклаш муносабатларини тартибга солади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Сув кодекси, Ўзбекистон Республикасининг “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида” қонуни, Ўзбекистон Республикасининг “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонуни, Ўзбекистон Республикасининг “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги қонунлари Экополиция назорати остидаги муносабатларнинг махсус ҳуқуқий асослари бўлиб хизмат қилади.

Шу тариқа, экополиция алоҳида “Тор доирадаги” орган эмас. Амалда мавжуд экологик қонунлар ижросини таъминловчи мустаҳкам ҳуқуқий асосларга эга бўлган ваколатли орган сифатида шакллантирилган.

Экополициянинг ҳуқуқий мақоми

Экополиция – экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади ва тўғридан-тўғри Қўмита раисига бўйсунади.

Экополиция фаолиятининг асосий йўналиши — экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан давлат экологик назоратини ўрнатиш ҳисобланади.

Экология қўмитаси раиси — Экополициянинг ҳам раҳбари ҳисобланади. Экополиция раҳбарининг ўринбосари бир вақтнинг ўзида қўмита раисининг ўринбосари ҳисобланади ва Экополициянинг оператив штабини бошқаради.

Экополицияга маъмурий-ҳудудий чегараларга боғланмаган ҳолда табиий-экологик зоналарда ўз ҳудудий бўлинмаларини тузишга рухсат берилган.

Функционал жиҳатдан – ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга яқинлаштирилган (маъмурий иш юритиш, судларга даъво киритиш, зарур ҳолларда жиноий ишлар юзасидан материал тайёрлаш) тузилма ҳисобланади.

Экополиция зиммасига юкланган махсус ваколатларнинг бир қисми қуйидагича намоён бўлади. Тезкор рейдлар ташкил этиш, маъмурий ҳуқуқбузарлик ишларини кўриб чиқиш ва жарима солиш, зарарли таъсир кўрсатаётган объектлар фаолиятини чеклаш ёки тўхтатиб туриш ҳақида қарорлар қабул қилиш, жисмоний ва юридик шахслар томонидан табиатга, аҳоли саломатлигига етказилган зарарни қоплаш учун судларга даъво киритиш. Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсни қонунчиликка мувофиқ ушлаб туриш ва ички ишлар органларига олиб бориш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатга кўра, экополиция ходимлари давлат органи вакили экани, улар фаолиятига ҳар қандай тўсқинлик ва ноқонуний таъсир тақиқланиши алоҳида қайд этилган.

Экополиция ходимларига хизмат вазифаларини бажаришга тўсқинлик қилувчи ҳар қайси шаклдаги ҳар қандай таъсир кўрсатиш ёхуд улар фаолиятига аралашиш, ҳужжатлар ёки маълумотларни тақдим қилмаслик тақиқланади.

Бу экополицияни фақат маъмурий текширувчи орган эмас. Балки ҳуқуқий кафолатлари қонун билан мустаҳкамланган субъект сифатида намоён этади.

Экополицияга қатор ишончли ҳуқуқлар берилди

Экополиция ўзига юклатилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда қуйидаги ҳуқуқларга эга. Жумладан, давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектлардан зарур ҳужжатлар, ахборот ва статистик маълумотларни талаб қилиш; транспорт воситаларини қонуний асосда ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш; ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланишга оид ҳужжатларни текшириш, ов ва балиқ овлаш воситаларини кўздан кечириш; ноқонуний овланган ёки териб олинган маҳсулотларни процессуал тартибда олиб қўйиш; ҳуқуқбузарлик содир этишда фойдаланилган қурол ва асбоб-ускуналарни белгиланган тартибда мусодара қилиш.

Бу ваколатлар Экополицияни оддий орган эмас, балки қонунчилик аҳамиятига эга процессуал ҳаракатларни амалга ошира оладиган махсус инспекция сифатида мақомини мустаҳкамлайди.

Экополиция ходимлари хизмат қуроли ва махсус воситалардан фойдаланиш тартиби қандай?

Экополиция ходимлари:

ягона намунадаги формали кийим-бош, махсус унвон ва фарқловчи белгиларга эга бўлади;

– жисмоний кучни қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда қўллаш;

махсус воситалардан, жумладан электрошокерлардан фойдаланиш;

– хизмат қуролларидан, хусусан, резина ўқ ва тўр отувчи қурилмалардан белгиланган тартибда фойдаланиш.

Экополиция ходимларининг формасига хизмат фаолиятини мониторинг қилиш мақсадида бодикамерaлар ўрнатилади.

Қонунчиликка тегишли ўзгартишлар киритилгунга қадар жисмоний куч, махсус воситалар ва хизмат қуролларидан фойдаланиш тартиби “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинади.

Бу нормалар Экополиция ходимларининг жисмоний ва ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш билан бирга, уларнинг ҳуқуқий мақомини классик маъмурий инспекциядан кўра кенгроқ – экологик полицияга хос даражага олиб чиқади.

Экополициянинг хорижий экологик полиция моделлари билан қиёси

Экополиция институтини тўлароқ англаш учун уни жаҳондаги ўхшаш тузилмалар билан қиёсий таҳлил қилиш муҳим. Масалан, Францияда 2020 йилдан фаолият юритувчи Франция Биохилмахиллик идораси (Office français de labiodiversité – OFB) атроф-муҳит полицияси вазифаларини бажаради. Улар: экологик ҳуқуқбузарликлар, муҳофаза этиладиган ҳудудлар, сув ресурслари, экотизимларни, овчилик, балиқ овлаш, муҳофаза қилиш, экологик қонун ижросини таъминлаш бўйича ваколатларига эга. АҚШда Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги (EPA) таркибида 1980 йиллардан буён CriminalInvestigation Division (CID) фаолият юритади. EPA махсус агентлари федерал атроф-муҳит қонунларини қасддан бузиш билан боғлиқ жиноятларни тергов қилади. Қурол олиб юриш ва ҳибсга олиш ваколатига эга. Шу тариқа, Ўзбекистон модели, француз тажрибаси каби экология органи таркибидаги полиция функцияларига эга махсус инспекция шаклида ташкил этилгани билан ажралиб туради.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, экополиция – Ўзбекистонда экологик ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда, экология соҳасидаги қонунлар ижросини таъминлашда, экология билан боғлиқ, давлат концепциясини амалга оширишда муҳим бўғин ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан Экополиция фаолиятини ҳуқуқий, ташкилий ва илмий жиҳатдан чуқур ўрганиш ва такомиллаштириб бориш – яқин йиллардаги долзарб илмий-амалий вазифалардан бири бўлиб қолади.

 Олим НАРЗУЛЛАЕВ,

эксперт

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech