Ҳуқуқий ахборотни етказишда инновацион ёндашувлар жорий этилади

“Ҳуқуқий ахборотни проактив шаклда етказиш тизими самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони (ПФ-160) қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2026 йил 1 февралга қадар Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базаси – Lex.uz орқали "проактив қонунчилик" тамойили асосида ҳуқуқий ахборотни "ақлли тарғибот" шаклида етказишнинг қуйидаги тизими жорий этилади:

— Lex.uz Солиқ органларининг электрон давлат хизматлари портали ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали – my.gov.uz билан интеграция қилинади;

— Қонунчилик тармоқларининг умумҳуқуқий классификаторининг ҳар бир коди Иқтисодий фаолият турларининг умумдавлат таснифлагичининг тегишли гуруҳига ҳамда тегишли давлат хизматига бириктирилади;

— тадбиркорлик субъектлари ва ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг soliq.uz тизимидаги шахсий кабинетига уларнинг розилигига асосан Иқтисодий фаолият турлари умумдавлат таснифлагичи ҳамда Ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхати асосида уларнинг фаолиятига оид янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмунига оид ахборот ва ушбу ҳужжатга ҳавола юборилади;

— Ягона интерактив давлат хизматлари портали фойдаланувчиларининг шахсий кабинетига уларнинг розилигига асосан улар томонидан фойдаланилган ёки келгусида фойдаланилиши мумкин бўлган автоматик равишда амалга ошириладиган хизматлар таҳлили асосида кундалик ҳаётда қўллаш учун зарур бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳаволалар юборилади.

2026 йил 1 январгача Lex.uz тизими "E-qaror" ва "E-kengash" электрон платформалари билан интеграция қилинади. Натижада, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий хусусиятга эга қарорлар Миллий базага бевосита жойлаштириб борилиши таъминланади.

Фармонга кўра, 2026 йил 1 мартдан бошлаб ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича тадбирларни мониторинг қилиш ва баҳолаш тизимидан воз кечган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларини ижрочиларга етказиш, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини ижрочилар ва кенг аҳоли қатламига тушунтириш ишларини "Ijro.gov.uz" идоралараро ягона электрон ижро интизоми тизими орқали назорат қилиш тартиби йўлга қўйилади. Бунда:

— норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнлари "Ijro.gov.uz" идоралараро ягона электрон ижро интизоми тизими ва "Рақамли маҳалла" ягона платформаси орқали "республика-вилоят-туман-маҳалла" тамойили асосида давлат органлари ва ташкилотларига ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига юборилади. Бунда ушбу органлар фаолиятига тааллуқли ҳужжатлар мажбурий танишиш учун, бошқа ҳужжатлар маълумот учун юборилади;

— давлат органлари ва ташкилотлари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ижрочилар ва кенг жамоатчиликка етказилиши устидан назорат ўрнатиш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан "Ijro.gov.uz" идоралараро ягона электрон ижро интизоми тизимида Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш картотекаси юритилиши йўлга қўйилади;

– Картотека асосида давлат органлари ва ташкилотлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини етказиш бўйича манзилли ҳуқуқий тарғибот тадбирларини амалга оширади ҳамда бажарилган ишлар юзасидан маълумотларни "Ijro.gov.uz" ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимига киритиб боради.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech