Икки мингдан ортиқ лавозим қисқаради, давлат бошқаруви рақамлаштирилмоқда

Янги фармон

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 4 октябрда “Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолиятига рақамлаштиришни кенг жорий этиш ҳисобига бошқарув штат бирликлари сонини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди

Ҳужжатга кўра, энди давлат идораларида рақамлаштириш орқали ортиқча иш ўринлари қисқартирилади. 

Жами 2141 та штат бирлиги тугатилади. Энг катта ўзгаришлар қуйидагича. 

Солиқ қўмитасида 498 та, Сув хўжалиги вазирлигида 224 та, Қишлоқ хўжалиги вазирлигида 200 та, Бандлик вазирлигида 163 та лавозим қисқаради. 

Шунингдек, турли қўмита ва агентликлардаги 16 нафар ўринбосар лавозими ҳам тугатилади. 

Энди рақамлаштириш кучайади. Кўп ишлар электрон тарзда, сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланган ҳолда бажарилади. 

Шу ўринда савол туғилади. Штати қисқарганлар энди нима қилади? 

Ҳужжатда бу саволга жавоб бор. Фармонда аниқ ёзилган – ҳеч ким ёрдамсиз қолмайди. Ҳуқуқлар бузилмайди, ҳаммаси меҳнат қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади. Хуллас, “ишдан бўшатилди – тамом” деган гап йўқ. 

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги касаба уюшмалари билан бирга бу ходимларга янги иш топишда ёрдам беради. 

Бу нима дегани? Яъни, кимдир бошқа ташкилотга ўтади, кимгадир қайта ўқиш ёки малака ошириш таклиф қилинади. Яна кимдир эса бутунлай янги соҳада ўзини синаб кўради. 

Бу ерда давлатнинг мақсади одамни ишсиз қолдириш эмас. Асосий ният самарасиз ўринда банд бўлган мутахассисни натижа берадиган тизимга йўналтиришдир. 

Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА шарҳловчиси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech