“Илм-фан ва таълим: Ўзбекистон – Франция кўприги” мавзусидаги қўшма конференциядан фоторепортаж

Жорий йилнинг 10 март куни Париж шаҳрида “Илм-фан ва таълим: Ўзбекистон – Франция кўприги” мавзусидаги қўшма конференция бўлиб ўтди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳамда Франция Республикаси Олий таълим ва тадқиқотлар вазири Филипп Батист, шунингдек, Франция ва Ўзбекистоннинг 30 дан ортиқ олий таълим муассасаларининг раҳбарлари иштирок этди. Тадбирнинг асосий мақсади икки мамлакат ўртасидаги ўзаро алоқаларни ривожлантириш, айниқса илмий-техник ва таълим соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлашдир.

Тадбир доирасида қўшма таълим дастурларини жорий этиш, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш, талабалар алмашинувини кенгайтириш бўйича 20 дан ортиқ олийгоҳлараро шартномалар имзоланиши кутилмоқда.

Куннинг биринчи ярмида Париждаги Тадқиқотчилар ва талабалар шаҳарчасида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ташкил этилган IV «Science NEXT: ёш олимлар нетворкинги» тадбири бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ва Франциядан ёш олимлар, стартапчилар, ихтирочилар ҳамда илмий ва инновацион соҳадаги етакчи мутахассислар иштирок этдилар.

Тадбир якунида Ўзбекистон ва Франция ёш олимлари ўртасида икки томонлама ҳамкорлик шартномалари имзоланди, шунингдек, Ўзбекистонлик ёш олим-ватандошларни Ёшлар академиясига аъзоликка қабул қилиш маросими ўтказилди.

Куннинг иккинчи ярмида Париж шаҳридаги “InterContinental Paris - Le Grand” меҳмонхонасида Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги таълим, фан ва инновация соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган халқаро конференция ҳам бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилди ва унда Франция ҳамда Ўзбекистоннинг таълим, фан, инновация соҳаларидаги етакчи мутахассислар, ректорлар, тадқиқотчилар ҳамда нуфузли университетлар вакиллари иштирок этдилар.  

Шунингдек, тадбир якунида “Ўзбек модаси: анъаналар ва илҳом чўққилари” номли миллий либослар намойиши ташкил этилди. Ушбу халқаро конференция Ўзбекистон ва Франция ўртасида таълим, фан ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратди.

Отабек МИРСОАТОВ (сурат), ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech