Жорий йил 22 июнда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида"ги Фармони имзоланди ва куни кеча матбуотда эълон қилинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал САИДОВдан Президент Фармонининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини шарҳлаб беришни сўрадик.
– Бу ҳақда сўз борганда, авваламбор, кейинги даврда давлатимиз раҳбари бошчилигида бутун халқимиз янги Ўзбекистонни бунёд этиш учун шиддатли ва қамровдор ислоҳотларни амалга ошираётганига эътибор қаратиш лозим, – деди А.Саидов. – Ана шу тизимли ислоҳотлар талаби, жумладан, мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмини янада такомиллаштириш масаласини кун тартибига қўйди.
Ушбу вазифа дастлаб Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва кенг жамоатчилик муҳокамаларидан сўнг 2017 йил 7 февралда тасдиқланган "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси"да ўз аксини топди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида мазкур вазифани самарали ва ўз вақтида амалга ошириш зарурлиги қатъий таъкидланди.
Шу асосда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳа матни миллий, хорижий ва халқаро ҳамкорлар билан биргаликда кенг муҳокама қилинди.
Ўтган даврда Миллий стратегия лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун regulation.gov.uz сайтига, шунингдек Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказнинг расмий сайтига 2 марта, яъни дастлабки ва таклиф-мулоҳазалар билан такомиллаштирилган вариантлари жойлаштирилди. Муҳокамалар жараёнида давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларидан кўплаб таклифлар олинди.
Бундан ташқари, лойиҳа юзасидан жорий йил 28 февралда Миллий маслаҳатлашув ташкил этилди. Унда фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари фаол қатнашди. Ушбу иштирокчилардан ҳам Стратегия лойиҳасини янада мукаммаллаштириш юзасидан қимматли таклиф ва тавсиялар олинди.
Шу маънода, Президентимиз ижро этиш учун яқинда тасдиқлаган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси, Фармонда таъкидланганидек, "халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тавсияларини инобатга олган ҳолда, шунингдек, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш бўйича долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, амалдаги қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамаси, халқаро ва миллий маслаҳатлашувлар натижасида ишлаб чиқилган".
– Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг долзарблиги ва аҳамияти нимада деб ҳисоблайсиз?
– Кейинги вақтда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш, шунингдек инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштиришга доир тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Натижада Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг субъекти сифатида инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳамкорлик борасида ҳам ривожланишнинг янги босқичига кўтарилгани эътироф этилмоқда. Мамлакат халқаро норма ижодкорлиги фаолиятининг фаол иштирокчиси сифатида, янги халқаро шартномаларнинг ташаббускори сифатида жаҳон майдонига дадил чиқаётгани буни тасдиқлайди.
БМТ Бош Ассамблеяси томонидан “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясининг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси Президенти ушбу халқаро ташкилотнинг 73-сессиясида илгари сурган ташаббус ҳаётга татбиқ этилганига яққол амалий мисолдир. Бу муҳим ютуқ Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи юксалишига катта туртки берди.
Янгиланган Ўзбекистоннинг ташаббуслари БМТ даражасида қўллаб-қувватланмоқда. Мамлакатимизга БМТ Бош котиби, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар, БМТнинг Диний эътиқод бўйича махсус маърузачиси ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачисининг амалга оширган ташрифлари катта аҳамиятга эга бўлди.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга, жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 6 та асосий шартномаcи ва 4 та факультатив протоколига қўшилган. Ушбу халқаро ҳужжатларнинг амалга оширилиши юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига мунтазам равишда миллий маърузалар тақдим этиб келинмоқда.
Мамлакатда мазкур халқаро ҳужжатларда мустаҳкамланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига доир нормаларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларни ривожлантириш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда фуқаролик жамияти институтларининг ролини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Содда қилиб айтганда, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси айнан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми имзоланган тарихий кун арафасида тасдиқланганида ўзига хос рамзий маъно бор.
Биринчидан, БМТ Низомининг 1945 йил 26 июнь куни имзолангани жаҳон жамоатчилиги учун қанчалик улкан тарихий аҳамият касб этган бўлса, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси халқимиз учун шунчалик муҳим тарихий қимматга эгадир.
Иккинчидан, БМТ Низомида акс этган халқаро принцип ва нормалар ер юзидаги инсонларнинг ҳаётини яхшилаш учун глобал ҳамкорликнинг муҳимлигига таянади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўз Низомида тақдим этилган ваколатлари ва ўзининг ноёб халқаро хусусиятидан келиб чиқиб, тинчлик ва хавфсизлик, иқлим ўзгариши, барқарор ривожланиш, инсон ҳуқуқлари, қуролсизлантириш, терроризм, гуманитар ва фавқулодда вазиятлар, гендер тенглик, бошқарув, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби XXI асрда инсоният олдида турган масалалар бўйича қарорлар қабул қилиши мумкин.
Эътибор беринг: Фармонда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясини тузиш тавсия этилган. Шу биргина далилнинг ўзиёқ, фикримизча, Миллий стратегияда белгилаб берилган вазифалар ҳам глобал ҳамкорлик принципига таянишини яққол англатиб турибди.
Ва ниҳоят, учинчидан, БМТ Низоми инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида глобал қўллаб-қувватланган биринчи ҳужжатдир. БМТ Низоми матнида “инсон ҳуқуқлари” атамаси етти маротаба келтирилгани БМТ фаолиятининг устувор йўналишлари ва асосий тамойилларидан бири инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш эканидан далолат беради. 1948 йилда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси инсон ҳуқуқлари тушунчасини халқаро ҳуқуқ соҳасига киритди. Шундан бери БМТ ўз Низоми доирасида тегишли ҳуқуқий воситалар ва бир қатор аниқ чора-тадбирлар орқали инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиб келмоқда.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги мамлакатимиз позицияси БМТ Низоми, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қоидалари, улардан келиб чиқадиган халқаро келишувларга асосланади. Айниқса, Вена декларацияси ва Харакатлар дастури асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси тасдиқлангани мамлакатда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларнинг ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш институционал механизмларини яратишнинг муҳим босқичи ҳисобланади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган халқаро шартномаларда белгилаб берилган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида ягона ва мувофиқлаштирувчи сиёсатнинг самарали воситаси бўлишига шак-шубҳа йўқ.
– Миллий стратегиянинг мақсад ва вазифалари нималардан иборат?
– Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг мақсади – Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича изчил олиб борилаётган давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий вазифалари ва йўналишларини белгилаб олишдир.
Миллий стратегиянинг асосий вазифалари ҳақида сўз борганда, қуйидагиларни санаб ўтиш зарур:
- Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини, умумэътироф этилган халқаро стандартлар ҳамда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятларини, шунингдек, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тавсияларини ҳисобга олган ҳолда қонунчиликни такомиллаштириш;
- 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишида парламент ва фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга мувофиқлаштириш;
- Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро рейтинглар ва индекслар, яъни қонун устуворлиги, норма ижодкорлиги сифати, ҳукумат фаолияти самарадорлиги, сўз ва ахборот эркинлиги, жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш, бизнесни олиб бориш шарт-шароитлари, глобал рақобатбардошлик, инновацион ривожланиш ва бошқа кўрсаткичлар бўйича дунёдаги 50 та етакчи мамлакатлар қаторига киришини таъминлаш;
- Инсон ҳуқуқлари бузилишларига барҳам бериш мақсадида суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, прокуратура органлари фаолиятини такомиллаштириш ва одил судлов тизими ваколатларини мустаҳкамлаш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтлар фаолияти учун кенг шароитларни яратиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатини мониторинг қилиш ва баҳолашнинг миллий тизимини янада ривожлантириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш;
- Шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни ҳимоя қилишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда хусусий сектор фаолиятининг очиқлиги ва ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш, шунингдек, қонун ижодкорлиги жараёнида фуқаролик жамияти институтлари билан маслаҳатлашувларни ўтказиш амалиётини такомиллаштириш;
- Жиноятчиликнинг, айниқса одам савдоси, коррупция, қийноққа солиш, уюшган ва трансмиллий жиноятчиликнинг олдини олиш ва бу иллатларга қарши курашиш, шунингдек, ушлаб турилганлар, қамоққа олинганлар ва маҳкумларни сақлаш жойлари тизимида одил судловга ва инсон ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш;
- Аҳолининг имконияти чекланган, кам таъминланган гуруҳлар ҳуқуқларини БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг “ҳеч кимни орқада қолдирмаслик” тамойилига мувофиқ ҳимоя қилишни таъминлаш, давлат ва жамиятнинг алоҳида ҳимоясига муҳтож бўлган шахслар, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш;
- Дин, сўз ва фикр эркинлиги, маълумот олиш, камситишга йўл қўймаслик, гендер тенгликни таъминлаш, барчанинг сифатли таълим ва тиббий хизматлардан тенг фойдаланиши, кекса одамларнинг ижтимоий интеграцияси, болалар, ёшлар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар ва мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларида ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш;
- Оила институтини, оналик, оталик ва болаликни ҳимоя қилиш, оилада зўравонликнинг олдини олиш ва унга қарши курашишни ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа жиҳатлардан қўллаб-қувватлаш даражасини ошириш;
- Инсоннинг иқтисодий ҳуқуқларини таъминлаш, хусусий мулкчилик ва давлат-хусусий шериклик алоқаларини ривожлантириш;
- Таълимнинг сифати ва барча даражадаги қамровини ошириш, узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш, ўқитиш тизимининг инклюзивлиги ва ундан барчанинг фойдалана олишини таъминлаш;
- Инсон ҳуқуқлари соҳасида ахборот-маърифий фаолиятининг сифати ҳамда манзиллигини яхшилаш;
- Давлатлараро муносабатларни, халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини уйғунлаштириш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномавий органларнинг тавсияларини сифатли ва ўз вақтида бажариш мақсадида инновацион тамойилларни жорий этиш;
- БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига Ўзбекистон Республикаси сайланишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш.
– Ушбу ўта салмоқли ва қамровдор вазифаларни тўлиқ ҳамда ўз вақтида бажаришнинг аниқ механизмалари мавжудми?
– Фармон билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясидан ташқари яна иккита муҳим ҳужжат ҳам тасдиқланди. Булардан бири – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” бўлса, иккинчиси – БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталари хабарномалари ва қарорларини кўриб чиқиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси давлат органларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низом ҳисобланади.
Шу ўринда Миллий стратегия ва “Йўл харитаси”нинг амалга оширилиши юзасидан асосий масъулият Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига юкланганини қайд этиш лозим. Фармон билан ўрнатилган тартибга мувофиқ, Марказ бу борада:
- мунтазам мониторинг олиб бориб, чора-тадбирлар сифатли ва ўз вақтида ижро этилиши бўйича таклиф ва тавсияларни тегишли вазирлик ва идораларга киритиб боради;
- доимий равишда аниқ кўрсаткичлар ва эришилган натижалар акс эттирилган батафсил ахборотни ўз веб-сайтида жойлаштириб боради;
- ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига умумлаштирилган маълумот киритади;
- ахборот-таҳлилий шарҳлар тайёрланиши, хорижий тилларга таржима қилиниши ва эълон қилинишини таъминлайди.
Шуни ҳам айтиш керакки, “Йўл харитаси”да белгиланган масъул ижрочилар ўзларига юклатилган вазифалар ижроси тўғрисидаги маълумотларни ҳар ойнинг 5-санасига қадар Марказга тақдим этади. Миллий стратегия ва “Йўл харитаси”нинг ижро ҳолати юзасидан ҳар олти ойда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати мажлисларида вазирлик ва идораларнинг ахбороти тингланади.
Фармонда вазирлик ва идоралар раҳбарларининг Миллий стратегия ва “Йўл харитаси”нинг ижро ҳолати юзасидан ахборотини ҳар чоракда эшитиш ва танқидий муҳокама қилиш зарурлиги кўрсатилган. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашларига вазирлик ва идоралар ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг Миллий стратегия ва “Йўл харитаси”нинг ҳудудлар кесимида ижро этилиши юзасидан ахборотини ҳар чоракда эшитиш ва танқидий муҳокама қилиш тавсия этилди.
Бундан ташқари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон ҳуқуқлари маданиятини оширишда кўрсатган хизматлари учун ҳар йили Халқаро инсон ҳуқуқлари кунида топшириладиган “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони таъсис этилади.
Ҳар икки йилда юқори савияда ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижий давлатлар мутахассислари ва фахрий меҳмонлар иштирокида Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми ўтказилади.
Хулоса қилиб айтганда, Фармонда таъкидланганидек, "инсон ҳуқуқлари соҳасида узоқ муддатли стратегиянинг қабул қилиниши ушбу соҳада давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишига, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабати шаклланишига, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўси янада мустаҳкамланишига, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинг ҳамда индекслардаги мавқеи яхшиланишига хизмат қилади".
- Қўшилди: 01.07.2020
- Кўришлар: 5309
- Чоп этиш