Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегиянинг дастлабки самаралари

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 22 июндаги Фармони билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси тасдиқланганига уч ой бўлди.

Миллий стратегиянинг мақсади Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича изчил олиб борилаётган давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий вазифалари ва йўналишларини белгилаб олишдир.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз  йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида сўз юритиб, хусусан, юртимизда биринчи марта “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси” қабул қилинганини алоҳида таъкидлагани бежиз эмас.

Бу ҳақда сўз борганда, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисидаги маълумотлар БМТнинг олтита тилида нашр этилгани ва Бош Ассамблеянинг 74-сессияси расмий ҳужжати сифатида тарқатилганини алоҳида қайд этиш лозим.

Миллий стратегияни тасдиқлаш тўғрисидаги маълумотлар БМТнинг Расмий ҳужжатлар тизимига ҳам  жойлаштирилди. Натижада дунё жамоатчилиги Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг араб, инглиз, испан, хитой, рус ва француз тилларидаги матни билан танишиши учун қулай имконият юзага келди.

Бунда, шубҳасиз, ушбу ҳужжат лойиҳасини тайёрлашда халқаро ташкилотлар, жумладан БМТ устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсиялари инобатга олингани муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Миллий стратегия Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг долзарб масалаларини ҳар томонлама ўрганиш, амалдаги қонун ҳужжатлари, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва мақбул хорижий амалиёт таҳлили, шунингдек кенг жамоатчилик муҳокамаси, халқаро ва миллий маслаҳатлашувлар натижалари асосида ишлаб чиқилган.

Миллий стратегия доирасида 53 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш, 37 та чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда 8 та халқаро шартномани ратификация қилиш – жами 98 та ҳужжат устида изчил иш олиб бориш белгиланган.

Маълумки, Ўзбекистон Президентининг Фармони билан, шунингдек Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегияни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига Миллий стратегия ва «Йўл харитаси»нинг сифатли ҳамда ўз вақтида амалга оширилиши бўйича доимий мониторинг олиб бориш вазифаси юклатилган.

Миллий стратегияда жами 33 та қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилган. Бу ўринда 20 та янги қонун лойиҳалари, мавжуд қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича 4 та қонун лойиҳаси ва амалдаги 9 та қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳалари ҳақида сўз бормоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ мониторинги натижаларига кўра, биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2020 йил 17 августда «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунни имзолаган. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.

Янги Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 17 апрелда қабул қилинган «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири тасдиқланди. Қонуннинг мақсади одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, одам савдосидан жабрланган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоялашга хизмат қилади.

Ўз навбатида, халқаро ҳужжатлар, жумладан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, БМТ ва ЕХҲТнинг тегишли норматив ҳужжатларига таянган ҳолда, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Қонун лойиҳаси ҳар кимнинг виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқини, динга бўлган муносабатдан ташқари фуқаролар тенглигини, жамиятда миллатлараро ва конфессиялараро келишувни таъминлаш борасида давлат органлари ва диний ташкилотлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.

Мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонаси билан ҳамкорликда 2020 йил 4 сентябрь куни мазкур қонун лойиҳасини муҳокама қилиш бўйича онлайн маслаҳатлашувлар ўтказдик. Ушбу тақдимотда таниқли халқаро ва хорижий экспертлар томонидан Ўзбекистонда кейинги тўрт йил давомида виждон эркинлиги соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар алоҳида эътироф этилди. Халқаро тадбир иштирокчилари, шунингдек мазкур қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар. 

Умуман олганда, қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси расмий веб-сайтида жамоатчилик муҳокамасига қўйилганидан сўнг уни такомиллаштиришга қаратилган кўплаб таклифлар келиб тушди.

Бу, ўз навбатида, лойиҳани янада маромига етказиш имконини берди. Қонун лойиҳасининг инглиз тилидаги матни Венецея комиссиясининг расмий сайтида ҳам бор.

Шу йил 15 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳаси муҳокама этилди. Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан кўриб чиқилиб, биринчи ўқишда қабул қилинди.

Айни пайтда “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги ҳамда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонунлар Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва Сенат томонидан маъқулланган. Меҳнат кодексининг янги таҳрири лойиҳаси эса куни кеча жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этилди.

Шу билан бирга, суд фаолиятига оид 5 та Кодекс, яъни Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси, Фуқаролик кодекси, Жиноят-ижроия кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги таҳрирда ишлаб чиқилмоқда.

Судьялар ҳамжамияти органларининг ҳуқуқий асослари ҳам шакллантирилмоқда. Шунингдек, "Адвокатура ва адвокатлик фаолияти тўғрисида" ҳамда "Бепул юридик ёрдам тўғрисида"ги янги қонун лойиҳаларини тайёрлашга киришилган.

Миллий стратегия ижроси доирасида жорий йил 12-13 август кунлари ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб масалаларига бағишлаб Самарқанд веб-форуми ўтказилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми, Ўзбекистон Президенти таъбири билан айтганда, "нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон ёшлари ҳаётини яхшилаш учун глобал ҳамкорликни кучайтиришга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади".

Халқаро анжуманда "Ёшлар-2020: глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари" номли Самарқанд резолюцияси қабул қилинди. Самарқанд резолюцияси БМТ Бош Ассамблеяси 74-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тақдим этилди.

Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Доимий кенгашининг яқинда бўлиб ўтган мажлиси якунида Самарқанд резолюцияси ЕХҲТ Доимий кенгашининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котибиятининг расмий хати билан эса Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форумининг якуний ҳужжати ИҲТга аъзо барча давлатларга юборилган.

Айни пайтда Самарқанд  резолюцияси матни БМТнинг Расмий ҳужжатлар тизимида А/74/998 рақами остида жойлаштирилган. Мазкур ҳужжат Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) расмий сайтида ҳам эълон қилинган.

Буларнинг барчаси бежиз эмас. Чунки Самарқанд резолюциясида, жумладан, ёшлар ҳуқуқлари – ҳар ким фойдаланиши зарур бўлган, аммо айримлар ёшининг кичиклиги туфайли бундай имкониятдан маҳрум этилган ҳуқуқлар эканига алоҳида эътибор қаратилган. Бу ҳужжат ҳозирги замон давлатларининг ривожланиши билан боғлиқ барча жараёнларда ёшларни янада кенг жалаб этиш зарурлигини ҳар томонлама тасдиқлашга хизмат қилади.

Бундан ташқари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Вазирлар Маҳкамасининг “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳозирда бу лойиҳа, тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда, Вазирлар Маҳкамасига киритилди.

Марказда, шунингдек “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги фармон лойиҳаси тайёрланди. Бундан ташқари, “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарор лойихаси ишлаб чиқилди.

Ҳозирги вақтда ушбу ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали – regulation.gov.uz га жойлаштирилган.

Шундай қилиб, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»да белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши юзасидан 2020 йил 10 сентябрь ҳолатидаги мониторинг натижалари «Йўл харитаси»нинг жами 78 бандидан 17 таси бўйича ижро муддати якунлангани, 7 та банд бўйича ишлар ўз муддатида бажарилганини кўрсатди.

«Йўл харитаси»нинг 2 та бандида белгиланган вазифалар ҳатто муддатидан олдин адо этилгани эътиборлидир.

Бугунги кунда муддати етган 8 та банд ижроси бўйича қизғин иш бормоқда. Ижро муддати якунланмаган 61 та банддаги вазифаларни амалга ошириш бўйича ишлар ҳам изчил давом этмоқда.

Шу билан бирга, «Йўл харитаси»даги айрим бандларда белгиланган вазифаларнинг бажарилиши бўйича маълумотлар масъул ташкилотлар томонидан ўз вақтида тақдим этилмагани кузатилди. Ушбу ҳолатнинг сабаблари коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб иш шароитларига бориб тақалмоқда, деган фикрдамиз.

Лекин, бу дегани – Президент Фармонида белгиланган муҳим вазифалар ижросига бепарволик билан ёндашиш мумкин эканини англатмайди, асло. Давлатимиз раҳбари доимо таъкидлаб келаётганидек, пандемия инқирози шароитида ҳам қатъий интизом ва самарадорлик билан ишлашга барчамиз бирдек бурчлимиз.

Фурсатдан фойдаланиб, оммавий ахборот воситалари вакилларига алоҳида миннатдорчилик билдирамиз. Нега деганда, қисқа фурсатда хорижий ҳамда миллий оммавий ахборот воситаларида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти кенг ёритилди.

Таҳлилларимизга кўра, бу жараёнда ҳозирга қадар жами 80 та, шу жумладан 49 та электрон, 16 та босма миллий оммавий ахборот воситаси ва 15 та хорижий оммавий ахборот воситаси фаол иштирок этди.

 

Акмал Саидов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори
("Куч - адолатда" газетаси, 2020 йил 25 сентябрь)

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech