10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни
Ҳар йили 10 декабрь – бутун дунёда, жумладан Ўзбекистонда ҳам Халқаро инсон ҳуқуқлари куни сифатида кенг нишонланади. Жорий йилда ушбу байрам мамлакатимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг 25 йиллиги, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қабул қилинганининг 10 йиллиги билан ўзаро уйғун нишонланаётгани айни сананинг аҳамиятини янада оширмоқда.
Халқаро инсон ҳуқуқлари куни
Инсоният глобал ўзгаришларни бошидан кечираётган ҳозирги шароитда БМТ ва унинг ихтисослашган тузилмаларининг дунё миқёсидаги аҳамияти ва ўрни тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистон Президенти таъбири билан айтганда, “Жаҳон тақдири билан боғлиқ ушбу муҳим жараёнларда aйнан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўзининг етакчилик ролини янги мазмун ва сифат билан давом эттириши зарур. Биз Бош котибнинг халқаро муносабатлар тизимида ҳамжиҳатлик ва бирдамликни мустаҳкамлаш, ташкилот фаолиятининг самарадорлигини ва шаффофлигини оширишга қаратилган ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз”.
Ҳар йили халқаро ҳамжамият томонидан 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни сифатида кенг нишонланиши бежиз эмас. Чунки БМТ Бош Ассамблеясининг 1948 йили айнан шу кундаги резолюциясига мувофиқ, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган ва эълон қилинган.
Мазкур ҳужжатда ҳар бир инсоннинг ирқи, тана ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқодларидан, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мол-мулки, табақаси ёки бошқа ҳолатидан қатъи назар ажралмас ҳуқуқлари эълон қилинган.
1950 йили БМТ томонидан 10 декабрни Инсон ҳуқуқлари куни сифатида нишонлаш белгиланди. Декларация инсонларнинг барчасига бирдек тегишли бўлган ҳуқуқларини ўз ичига олган бўлиб, шу кунгача дунёнинг 500 дан ортиқ тилига таржима қилинган.
Мазкур халқаро ҳужжат ҳар бир инсоннинг шахсий дахлсизлиги, мулк, эътиқод ва сўз эркинлигини, фуқаролик, давлат бошқарувида қатнашиш, сайлаш ва сайланиш, оила, меҳнат ва дам олиш, таълим, тиббий ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш, маданият ва санъат асарларидан баҳра олиш ҳуқуқларини ҳимоя қилади.
Шу билан бирга, 1996 йил 31 октябрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг ташкил топганига 25 йил тўлди. Ушбу саналар муносабат билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий Маркази жорий йилнинг 10 ноябридан – 10 декабрига қадар “Инсон ҳуқуқлари ойлиги”ни эълон қилди.
Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ташаббуслари – амалда
Ўзбекистон жаҳон минбарларидан илгари сурган халқаро, минтақавий ва миллий ташаббуслар инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама таъминлашга, бир сўз билан айтганда, “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқаришга қаратилгани учун халқаро ҳамжамиятнинг эътирофига сазовор бўлмоқда. Бу фикримизни 2017 йил сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон Президенти илгари сурган ташаббуслар асосида кейинги 5 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 5 та резолюцияси қабул қилингани яққол исботлаб турибди.
Булардан биринчиси – БМТ Бош Ассамблеясининг 2018 йил 22 июндаги ялпи мажлисида қабул қилинган “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” резолюцияси;
иккинчиси – давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқида илгари сурилган ғоя асосида 2018 йил 12 декабрда Бош Ассамблеянинг ялпи сессиясида қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси;
учинчиси – 2018 йил 27 ноябрда Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст жамғармасига асос солинишига хизмат қилган резолюция;
тўртинчиси – Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ва 2019 йил 19 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеяси ялпи мажлисида қабул қилинган “Марказий Осиёда барқарор туризм ва барқарор ривожланиш” махсус резолюцияси;
бешинчиси – 2021 йил 18 май куни БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессияси ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таклифига биноан қабул қилинган “Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги резолюция.
БМТнинг 75 йиллик бутун тарихи давомида муайян бир шахснинг ташаббуси билан шунча резолюция қабул қилиниши тажрибаси кузатилмаган.
Бундан ташқари, БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президентимиз БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф этди. Бугунги кунда БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенцияси лойиҳасини тайёрлаш ишлари изчил олиб борилмоқда.
Маълумки, пандемия ва унинг бутун жаҳон ҳамжамияти учун, шу жумладан, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасидаги нохуш ижтимоий, иқтисодий ва молиявий оқибатлари бу борада мувофиқлаштирилган глобал жавоб чораларини кўриш, ижтимоий-иқтисодий, илмий, инновацион, технологик ва тиббий салоҳиятни сафарбар этиш зарурлигини яна бир бор кўрсатмоқда.
Шу мақсадда Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодекс БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида қабул қилинди. Ушбу Кодексда пандемияларга қарши кураш жараёнидаги халқаро ҳамкорлик бирдамлик, очиқлик, ўзаро ёрдам ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш тамойилларига асосланишининг муҳимлиги таъкидланган.
Сўнгги йилларда юртимизда демократик ислоҳотларни амалга ошириш, жумладан, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш борасида изчил ва самарадор ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон биринчи марта БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайлангани бу соҳадаги амалий фаолиятимизнинг юксак эътирофи бўлди.
2021 йил 8 октябрь куни Женева шаҳрида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 48-сессияси доирасида Ўзбекистон ташаббуси асосида Ёшларнинг инсон ҳуқуқларига COVID-19 пандемияси таъсирининг оқибатлари тўғрисидаги резолюция қабул қилинди. Резолюцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббусини Ўзбекистон Республикаси Президенти 2021 йил 22 февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида илгари сурган.
Давлатимиз раҳбари ўша нутқида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро механизмларини мустаҳкамлаш зарурлигини алоҳида таъкидлагани бежиз эмас. Зеро, Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг 48-сессиясида Ўзбекистон киритган Резолюция матни БМТ Кенгашига аъзо барча, яъни 47 та давлат томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди.
Ўзбекистон илгари сурган мазкур халқаро ҳужжат лойиҳасига дунёнинг 37 мамлакати ҳаммуаллифлик қилди. Бу, бир томондан, давлатимиз раҳбари халқаро ҳамжамият эътиборини қаратган мазкур умуминсоний муаммо нечоғлик долзарблигини яна бир бор яққол намоён этмоқда. Иккинчи томондан, бу – Ўзбекистон Президентининг халқаро ташаббуслари ва мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурини жаҳон жамоатчилиги кенг қўллаб-қувватлаётганининг ёрқин далолати ҳамдир.
Яқинда Ўзбекистоннинг Женева шаҳридаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши раиси ўринбосарлигига сайланди. Ўзбекистон вакили бу юксак лавозимдаги вазифаларини 2022 йилдан бажаришга киришади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия тўғрисидаги декларациянинг 10 йиллиги
Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим нормалари кўплаб халқаро ҳужжатларга киритилган. 2011 йил декабрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қабул қилинган. Мазкур Декларацияда белгиланганидек:
биринчидан, ҳар бир инсон ва жамиятнинг ҳар бир аъзоси таълим олиш ва ўқитиш орқали инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳурмат қилишга кўмаклашиши лозим;
иккинчидан, ҳар бир инсон таълим олиш ҳуқуқига эга ва таълим инсон шахсини ҳар томонлама ривожлантиришга, қадр-қимматини ҳис этишга, барча кишиларга эркин жамиятнинг фойдали иштирокчилари бўлишига, барча миллатлар, ирқий, этник ёки диний гуруҳлар ўртасида ўзаро тушуниш, бағрикенглик ва дўстликни ривожлантиришга йўналтирилган бўлиши керак.
Декларация аъзо давлатларга инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбияни таъминлаш масъулиятини юклайди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қабул қилингунига қадар, яъни 2004 йил 10 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастури эълон қилинган. Бундан мақсад – барча давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бизнес секторида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим дастурларини амалга оширишга кўмаклашишдир.
Ҳозирги вақтгача ушбу Дастурнинг қуйидаги учта босқичи амалга оширилди:
биринчи босқич – мактабларда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим жараёнларини қамради;
иккинчи босқич – олий таълим тизими, шунингдек ўқитувчи-мураббийлар ва давлат хизматчилари учун инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимга бағишланди;
учинчи босқич – оммавий ахборот воситалари вакилларига инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим берилди.
Кейинги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида, шу жумладан ушбу йўналишдаги таълимни такомиллаштириш борасида салмоқли ишлар қилинди. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.
Олий Мажлис томонидан 2019 йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қоидаларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури қабул қилинган. Қонунчилик палатаси ва Сенат Кенгашлари томонидан 2019 йил 15 июлда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қоидаларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури ижроси юзасидан «Йўл харитаси» тасдиқланди.
2020 йил августида БМТ шафелигида ёшлар ҳуқуқларига бағишланган Самарқанд халқаро форуми муваффақиятли ўтказилди. Ўзбекистон Президенти БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида илгари сурган БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини қабул қилиш ташаббуси халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ижроси доирасида, жумладан, олий ўқув юртлари учун инсон ҳуқуқлари бўйича ўқув курслари жорий этиш вазифаси кўзда тутилган.
Ўз навбатида, 2020-2024 йилларда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичи амалга оширилмоқда. Янги босқич инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бериш орқали ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурини амалга оширишнинг янги босқичи доирасида:
биринчидан, инклюзив, тинч жамиятни яратишга имкон берадиган тенг ҳуқуқлилик, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва камситмаслик руҳида ёшларни ўқитиш ва тарбиялаш;
иккинчидан, хотин-қизлар ва болаларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда, 2030 йилгача Барқарор ривожланиш кун тартибидаги “ҳеч кимни ёддан чиқармаслик” мақсадига мувофиқ аҳолининг заиф қатламлари билан ўзаро алоқалар ўрнатиш;
учинчидан, педагог кадрлар, шу жумладан, болалар ва ёшлар билан ишловчи тарбиячилар учун инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни ташкил этиш;
тўртинчидан, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида тегишли тадқиқотлар ўтказиш, баҳолаш, илғор тажриба ва олинган сабоқлар билан ўртоқлашиш кўзда тутилган.
Шу маънода, Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 7 июндаги Фармойишига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия ташкил этилгани долзарб ва тарихий аҳамиятга эгадир.
Миллий комиссияни тузишдан кўзланган асосий мақсад – барча учун универсал бўлган ҳуқуқни ҳимоя қилиш нормалари ва тамойиллари, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилишнинг халқаро кафолатлари тўғрисидаги хабардорликни, шунингдек ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада оширишдир.
Президент Фармойишида Миллий комиссиянинг барча вазифа ва ваколатлари аниқ белгилаб берилган. Жумладан, халқаро шартномалар нормалари ва стандартлари, БМТнинг ҳуқуқни ҳимоя қилувчи тузилмалари тавсиялари ҳамда Ўзбекистон жамиятининг тарихий, миллий ва маданий қадриятларини инобатга олган ҳолда, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини ишлаб чиқиш масаласи кун тартибига қўйилган.
Яқинда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Миллий таълим дастури ва уни бажариш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳаларини ишлаб чиқди. Ушбу лойиҳалар кенг жамоатчилик муҳокамаси учун Миллий марказ расмий сайтига жойлаштирилди.
Экология ва инсон ҳуқуқлари
Бугунги кунда экологик таҳдидлар – бир томондан, ҳозирги даврга хос глобал хатарлар ҳисобланса, иккинчи томондан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жиддий муаммолар қаторига киради. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ўз тарихида илк бор мусаффо, соғлом ва барқарор атроф муҳит – бу инсон ҳуқуқларининг узвий қисми, деб эътироф этгани ҳамда бу соҳада Махсус маърузачи мақомини таъсис қилгани худди шу омиллар билан изоҳланади.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 48-сессиясида сўзга чиққан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет асосли равишда сайёравий кўламдаги учта таҳдидни санаб ўтди. Булар – иқлим ўзгариши, атроф муҳитнинг ифлосланиши ва табиатнинг бузилиши бўлиб, ҳозирги даврда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги энг жиддий муаммолардир.
Глобал офатга айланган COVID-19 пандемияси дунё давлатларининг табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги кўп томонлама шартнома ва битимлар, жумладан, 2030 йилгача даврдаги Кун тартиби, Париж битими каби ўзаро келишувларда зиммасига олган мажбуриятлари бажарилишига жиддий халал берди. Аксарият мамлакатларда ушбу йўналишдаги вазифаларнинг молиялаштирилиши ва бажарилиши зарур даражада таъминланмаяпти.
Марказий Осиё мамлакатларига келсак, минтақамиз ҳам иқлим ўзгаришлари ва экстремал об-ҳаво ҳодисалари олдида заиф экани сезилди. Ҳозирги вақтда сув тақчиллиги экинларни суғориш имкониятларини чекламоқда, оқибатда бўлажак ҳосил бой берилмоқда. Бу, ўз навбатида, озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланишини хавф остига қўймоқда.
Бу ҳақда сўз борганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 76-сессиясидаги нутқида ушбу йўналишда илгари сурган қуйидаги янги ташаббусларга тўхталиш тақозо этилади:
биринчи ташаббус: Ўзбекистон 2022 йилда Оролбўйи ҳудудида, яъни Нукус шаҳрида «яшил» энергетика бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда юқори даражадаги халқаро Форум ўтказади;
иккинчи ташаббус: мамлакатимиз Биохилма-хиллик бўйича Глобал ҳадли дастурнинг яқин истиқболда қабул қилинишини қўллаб-қувватлайди ва келгусида Биохилма-хиллик конвенцияси иштирокчиларининг йиғилишларидан бирини ўз ҳудудида қабул қилишга тайёр;
учинчи ташаббус: БМТ шафелигида глобал экологик сиёсатнинг устувор йўналишларини батафсил муҳокама қилиш мақсадида 2023 йили Ўзбекистонда Атроф муҳит бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юқори даражадаги Олтинчи Ассамблеясини ўтказиш таклиф қилинди;
тўртинчи ташаббус: ана шу Ассамблеяда БМТнинг янги экологик сиёсати асосларини ташкил этишга қаратилган Бутунжаҳон экология хартиясини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари суриш мўлжалланмоқда.
Шу янгиланишлар талабидан келиб чиққан ҳолда, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ижроси доирасида Экология кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони билан тақдирланадиган фаоллар сафи жорий йилда “Экология ҳуқуқи ҳимоячиси” номинацияси ғолиблари ҳисобига кенгаймоқда.
Ўзбекистон Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессияси минбаридан Тошкент шаҳрида пандемиядан кейинги даврда жаҳон иқтисодиётини қайта тиклаш муаммоларини ўрганиш, камбағалликни қисқартириш бўйича илғор тажрибаларни ҳаётга татбиқ этишга бағишланган халқаро конференция ўтказиш ҳамда қадимий Самарқанд шаҳрида мунтазам ўтказилаётган Инсон ҳуқуқлари мулоқотлари доирасида Глобал таълим форумини ташкил этиш таклифларини ҳам билдирганини таъкидлаш лозим.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ – 25 ёшда
Конституциямизнинг 93-моддасида қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашнинг кафилидир. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ана шу конституциявий кафолат доирасида 1996 йил 31 октябрда ташкил этилган.
2018 йил 10 декабрда – Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 70 йиллиги нишонланган кунда давлатимиз раҳбари “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ушбу қарор инсон ҳуқуқларига доир маърузаларни тайёрлаш бўйича миллий механизмларни мустаҳкамлаш ҳамда келгусида уларнинг фаолиятини амалга ошириш борасида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарининг чақириғига муносиб жавоб бўлди.
Бугунги кунда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини, миллий маърузалар тайёрланишини, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтиришни таъминловчи давлат органидир. Миллий марказ ўз ваколатларини барча давлат органлари ва ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади.
Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 22 июндаги Фармони билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси тасдиқланди. Миллий стратегия ижросини таъминлашга қаратилган “Йўл харитаси” 78 та банддан иборат бўлиб, 2020-2025 йилларда амалга оширилиши белгиланган.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси экспертлари иштирокида ишлаб чиқилган ушбу ҳужжатда инсон ҳуқуқлари масаласига тизимли ёндашиш ва мавжуд бўшлиқларни, камчиликларни бартараф этиш йўллари очиқ-ойдин кўрсатилган. Мазкур дастурий ҳужжат ижроси ва мониторинги учун Миллий марказ бевосита масъул ҳисоблагнади.
Мамлакатимиз қўшилган халқаро ҳужжатларнинг бажарилиши юзасидан миллий маърузалар БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ҳамда шартномавий қўмиталарига доимий равишда тақдим этиб борилмоқда. Ўтган даврда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари масалалари бўйича мажбуриятлари бажарилиши юзасидан БМТнинг устав ва шартнома органларига 41 та миллий маъруза тақдим этилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг демократик ўзгаришларга содиқлигини намойиш қилиш, юртимизда кечаётган улкан янгиланишлар даврида аввало инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш бирламчи вазифалардан саналади. Бунда жамиятимизда мавжуд миллий институтлар ичида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази алоҳида ўрин тутади.
Хулоса қилиб айтганда, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва таъминлашда амалга оширган ишларимиздан кўра, олдимизда турган вазифалар кўп экани яққол ҳақиқат. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, “бу олий қадриятни том маънода қарор топтириш – бирон-бир манзилга етиб бориб тўхташ, дегани эмас. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш узлуксиз давом этадиган жараён эканини барчамиз чуқур англаймиз. Жаҳон тарихи ва демократик давлатлар тажрибаси ҳам шундан далолат беради”.
Акмал САИДОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази директори
- Қўшилди: 08.12.2021
- Кўришлар: 4335
- Чоп этиш