Фарғонада МДҲ, Осиё, Европа ва Америка давлатларининг етакчи таҳлил марказлари вакилларини ўз ичига жамлаган нойоб халқаро платформа — Фарғона тинчлик форуми ўз ишини давом эттирмоқда. Тадбирда Марказий Осиё мамлакатларининг фуқаролик жамияти, тадбиркорлик доиралари, илмий ҳамжамият ва ёш етакчилар вакиллари ҳам иштирок этмоқда.
Форум нафақат фикр алмашиш ва баҳс-мунозаралар майдони, балки ўзаро ҳурмат, яхши қўшничилик ва очиқ мулоқот тамойилларига асосланган минтақавий ҳамкорликнинг янги фалсафасини шакллантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Форум иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясида билдирилган Марказий Осиё мамлакатларининг шериклик ва интеграцияни чуқурлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватловчи резолюцияни қабул қилиш тўғрисидаги ташаббусини сўзсиз қўллаб-қувватлашларини билдирдилар.
Форумнинг айнан Фарғона водийсида — илгари кескинлик билан боғлиқ бўлган, аммо бугунги кунда яхши қўшничилик, ҳамкорлик ва интеграция борасида барқарор суръатларни намойиш этаётган минтақада ўтказилаётгани рамзий маънога эгалиги таъкидланди.
Халқаро ҳамкорлар томонидан билдирилган фикрлар
БМТнинг Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе ушбу форумни “янги сиёсий мулоқот маданиятини шакллантиришга муҳим ҳисса” деб атади. У минтақадаги раҳбарларнинг сиёсий иродаси туфайли ишонч кучайиб бораётгани ва эришилган келишувлар аллақачон ўзининг аниқ натижаларини берётганини алоҳида таъкидлади.

ЕХҲТ Низоларнинг олдини олиш маркази директори Кейт Фирон Фарғона водийси дипломатия ва ҳамкорлик минтақани қандай ўзгартириши мумкинлигининг илҳомлантирувчи намунасига айланиб бораётганини таъкидлади. ЕХҲТ ушбу нойоб ва жадал ривожланаётган минтақада тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашини билдирди.
Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш бош котиби Қайрат Сарибай Фарғона тинчлик форумни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуслари изчил амалга оширилаётганидан далолат берувчи муҳим воқеа сифатида эътироф этди.
Унинг фикрича, “бугунги форум минтақадаги ижобий ўзгаришларнинг мантиқий давоми бўлди. Фарғона водийси ўзининг тарихий ролини қайта тикламоқда — у яна саъй-ҳаракатлар, ғоялар ва тинч тараққиётга интилишларни бирлаштириш маконига айланмоқда.”

ШҲТ Бош котиби ўринбосари Сохаил Хон бўлиб ўтаётган тадбир минтақадаги мамлакатларнинг тинчлик ва фаровонликка интилишини акс эттираётганини таъкидлади. “Марказий Осиё ШҲТнинг ўзаги бўлиб, бундай платформаларда қабул қилинаётган қарорлар минтақавий ҳамкорликнинг етуклигидан далолат беради,” — деди у.
Атлантика кенгашининг Евроосиё маркази директори ўринбосари Эндрю Д’Аньери мамлакатлар ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишда форумнинг муҳим ўрин тутаётганини таъкидлади. Эксперт, шунингдек, мазкур тадбир минтақада кечаётган жараёнларни чуқур ва ҳар томонлама таҳлил қилиш платформаси сифатида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Бу эса ҳамкорликдаги ривожланиш ва хавфсизликни таъминлаш учун муаммолар ва имкониятларни яхшироқ тушунишга ёрдам беради.

Марти Ахтисаари номидаги Тинчлик жамғармасининг Осиё дастури раҳбари Алекс Виртанен форумни тинчлик ташаббусларини фаол илгари суриш ва минтақавий мулоқотни чуқурлаштириш учун муҳим платформа сифатида таърифлади. “Бундай платформа минтақадаги асосий муаммоларни ҳал этишда келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш учун кенг имкониятлар очади,” — деди эксперт.
ЎзА
- Қўшилди: 16.10.2025
- Кўришлар: 269
- Чоп этиш