Ислоҳотлар самараси: Ўзбекистон “Sustainable Development Report” рейтингида ўн тўққиз поғона юқорилади

Муносабат

Кейинги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва давлат сиёсатининг устувор йўналишлари мамлакатнинг халқаро рейтинглар ва индекслардаги ўрнини яхшилашга хизмат қилмоқда. Жумладан, 2025 йил учун эълон қилинган “Sustainable Development Report 2025” ҳисоботига кўра, Ўзбекистон 193 давлат орасида 62-ўринни эгаллади ва Барқарор ривожланиш мақсадлари кўрсаткичи бўйича жаҳон миқёсида эътироф этилди.

Таққослаш учун айтиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон 2024 йилга нисбатан 19 поғона юқорига кўтарилиб, Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги энг тез тараққиёт этаётган давлатлардан бири сифатида қайд этилди. Бу натижа нафақат рақамлар орқали, балки аҳолининг кундалик ҳаёти, турмуш тарзи ва ижтимоий барқарорликда ҳам ўз ифодасини топмоқда.

Айтиб ўтиш жоизки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 2015 йилда қабул қилинган 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш мақсадлари дунё мамлакатлари учун иқтисодий, ижтимоий ва экологик ривожланишнинг уйғунлигини таъминлашга қаратилган муҳим “Йўл харитаси” сифатида хизмат қилмоқда. Бу мақсадлар 17 та асосий йўналиш ва 169 та вазифани ўз ичига олиб, қашшоқликка барҳам бериш, таълим сифатини ошириш, соғлиқни сақлаш, гендер тенглиги, экологик барқарорлик ва самарали бошқарув каби долзарб масалаларни қамраб олади.

Мамлакатимизда ҳам мазкур кўрсаткичларга эришиш мақсадида 2018 йилда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан миллий мақсад ва вазифалар қабул қилинди. У орқали Ўзбекистон 16 та мақсад ва 126 та вазифани ихтиёрий равишда ўз зиммасига олди. Шунингдек, 2017-2021 йилларга мўлжалланган “Ҳаракатлар стратегияси”, “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегияларидаги мақсад ва вазифалар БРМга ҳамоҳанглиги билан янада аҳамиятлидир.

Мазкур стратегиялар доирасида Ўзбекистонда бир нечата муҳим йўналишларда ижобий ўзгаришлар қилинди. Буни таълим соҳасида мактаблар, олийгоҳлар ва касб-ҳунар таълими тизими ислоҳ қилиниб, янги технологиялар, халқаро дастурлар жорий этилганлиги, соғлиқни сақлаш соҳасида замонавий клиникалар, махсус тиббий марказлар ташкил қилиниб, болалар ва оналар ўлими камайиши каби ижобий ўзгаришлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Жумладан, сифатли таълим йўналишида “Мактабларни ривожлантириш” дастури қабул қилинди, хорижий тилларни ўқитишга алоҳида эътибор қаратилди. Президент ва ихтисослаштирилган мактабларнинг билимларни баҳолаш тизими қўшимча 1000 та умумий ўрта таълим муассасаларида жорий қилинди, айни вақтда бошқа мактабларга жорий қилиш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Олий таълим қамрови 2017 йилдаги 9 фоиздан 2025 йилга келиб 42 фоизга етди. “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини камида 50 фоизга етказиш мақсад қилинган.

Экологик барқарорлик йўналишида “Яшил иқтисодиёт” дастури қабул қилиниб, 2030 йилга келиб қайта тикланувчи энергия манбаларини 25 минг МВт ҳамда жами истеъмолдаги улушини 40 фоизга етказиш режалаштирилди. Орол денгизи атрофида 1,5 миллион гектар майдонда саксовул экилди, бу экологик вазиятни яхшилашга ёрдам берди. Келгусида бу минтақадаги ўрмонзорлар улуши 2,3 миллион гектарга етказилади.

Қолаверса, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида амалга оширилган тадбирлар натижасида мамлакатда камбағаллик даражаси сезиларли даражада пасайди, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида муҳим ютуқларга эришилди. Умуман олганда юқоридаги каби жамият ва аҳолимиз кундалик ҳаётида ҳис қилиб яшаётган ижобий ўзгаришларга юзлаб мисоллар келтириш мумкин.

Шу боис, “Sustainable Development Report 2025” индексидаги юксалиш фақат халқаро тан олиниш эмас – бу натижаларнинг аҳолининг ҳаётидаги ўзгаришлари билан ҳам тўғридан-тўғри боғлиқ. Ҳисоботда таъкидланганидек, ҳали ҳеч бир давлат SDG мақсадларининг барчасини тўлиқ амалга оширмаган. Ўзбекистон ҳам ҳали олдинда кўп ишлар турганини, айниқса, экологик барқарорлик, гендер тенглиги, камбағалликни қисқартириш каби соҳаларда янада кенгроқ ислоҳотларни амалга ошириш зарурлигини илгари суради.

Бироқ, 2025 йилдаги натижа Ўзбекистон тўғри йўл танлангани, миллий ислоҳотлар самара бераётгани ва халқаро ҳамкорликнинг аҳамиятини кўрсатади. Бу мамлакатнинг келажак тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор яратади.

Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

 Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech