Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича янги тартиб жорий этилди

Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида" 2025 йил 31 июлдаги Қонуни билан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунда муҳим ўзгартиришлар киритилди.

Рақобатни ривожлантириш ва Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кўмитаси мазкур Қонун юзасидан қуйдагича шарҳ берди:

Нималар ўзгарди?

Қонунга асосан, агар сотувчи товарни шартномада белгиланган муддатда етказиб бермаса, у ҳар бир кечиккан вақт бирлиги (дақиқа, соат, кун) учун ушбу товар нархининг 0,5% миқдорида пеня тўлаши шарт бўлади.

Масалан: Агар харид қилинган товар нархи 10 миллион сўм бўлса ва етказиб бериш 5 кун кечикса, сотувчи ҳар куни учун 50 000 сўмдан, жами 250 000 сўм пеня тўлаши керак бўлади.

Пенянинг умумий миқдори етказиб берилмаган товар нархининг 100 фоизидан ошмаслиги керак.

Энг муҳими – шартномада пеня миқдорини 0,5% дан кам белгилаш мумкин эмас. Бу меъёр истеъмолчилар – жисмоний шахсларнинг манфаатини ҳимоя қилиш мақсадида жорий қилинди.

Нега бу керак?

Сўнгги йилларда товарларни келишилган вақтда етказиб берилмаслиги бўйича фуқароларнинг шикоятлари кескин ошди:

— 2022 йилда – 500 та мурожаат;

— 2023 йилда – 1 373 та;

— 2024 йилда – 4 213 та (бу 3 йил ичида 8 баробар кўпайган).

Аксарият шикоятлар автомобиль, маиший техника ва мебель каби юқори талабга эга товарларнинг кечиктирилган ҳолда етказиб берилганлиги билан боғлиқ.

Қонунда Фуқаролик кодексининг 261-моддасига асосланиб, неустойка (пеня) механизмидан фойдаланилади. Пеня — қарздор (бунда – сотувчи) мажбуриятни белгиланган вақтда бажармаганда тўлайдиган компенсация шаклидаги тўлов ҳисобланади.

Қонуннинг мақсади:

—Истеъмолчилар ҳуқуқларини аниқ ва самарали ҳимоя қилиш;

—Сотувчиларни ўз мажбуриятларига жиддий ёндошишга мажбурлаш;

—Олди-сотди шартномаларда адолатли муносабатларни таъминлаш;

—Товар етказиб беришда кечикишларни олдини олиш.

Бу ўзгаришлар аҳолининг қонуний манфаатларини таъминлашда, фуқароларнинг ишончини мустаҳкамлашда ва бозорда адолатли рақобат муҳитини яратишда муҳим қадам деб ҳисобланади.

Ҳамроз Баянов, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech