ЮРИДИК ФАН ВА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ТАЪЛИМИ: МУШТАРАК ХУСУСИЯТИ ВА ИСТИҚБОЛЛАРИ

 Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш, қонун устуворлигини таъминлаш борасида дадил қадамлар қўйилмоқда. Шу билан бирга, юридик соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни келгусида янада изчил давом эттириш тақозо қилинади.

Чунки ҳар бир давлат ўз ҳуқуқий тараққиёт йўлини белгилар экан, халқ эрки ва фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган қонунларнинг мукаммал бўлишини – шу асосда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўла таъминланишини энг аввалги ўринга қўяди.

 

Олий маълумотли юристлар тайёрлаш кўламини ошириш – давр талаби

 

Камина 1993-1994 йилларда Тошкент давлат юридик институти ректори бўлиб ишлаганман. Ўша даврда ушбу олий таълим муассасасида педагог-юристлар ва журналист-юристлар тайёрлаш амалиёти жорий этилганди.

Ўзбекистон Президентининг 2013 йилдаги Фармонига мувофиқ, Институт негизида Тошкент давлат юридик университети ташкил этилди ва янги ўқув тизимига ўтилди. Мазкур юридик йўналишдаги олий ўқув юрти очилганидан буён ўтган қарийб 30 йил ичида, табақалаштирилган тўлов-контракт ва қўшимча имтиёзлар асосида қабул қилинган талабалар билан бирга ҳисоблаганда, бу ерда 20 минг нафарга яқин талаба таҳсил олган.

Ўз навбатида, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони соҳа ривожини янги, янада юксак босқичга олиб чиқди. Жумладан, Тошкент давлат юридик университетининг мустақил фаолият олиб боришини таъминлаш, ўқув жараёни сифатини ошириш ва ҳуқуқшунослик соҳаси бўйича дипломли етук мутахассислар тайёрлаш борасида халқаро ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган муҳим чора-тадбирлар амалиётга изчил татбиқ этилмоқда.

ЮНЕСКО тавсиялари асосида Ўзбекистон ҳукумати кейинги уч йилда олий таълим муассасалари сонини жадал ошириш чораларини кўрди. Натижада 2021 йилда ёшларнинг олий таълимга қамраб олиниши кўрсаткичи уч баравар, яъни 28 фоизга ортган.

Бунда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги бўйича махсус маърузачиси Д.Гарсия-Саян таклифларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яъни, БМТ Махсус маърузачиси тавсияларидан келиб чиққан ҳолда, ҳуқуқшунос, айниқса, адвокат кадрларни тайёрлаш кўлами тобора кенгайтириб борилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистондаги ўндан ортиқ олий ўқув юртида бакалавр босқичи бўйича ҳуқуқшунос мутахассислар тайёрланмоқда. Хусусан, Тошкент давлат юридик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Наманган давлат университети, Термиз давлат университети, Самарқанд давлат университети, Қорақалпоқ давлат университети, Вестминстер университети, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Жамоат хавфсизлиги академияси, Давлат хавфсизлик хизмати Академияси шулар жумласига киради.

Мамлакатимизда магистратура босқичи бўйича ҳуқуқшунос мутахассислар тайёрлаш учун қўшимча имкониятлар ҳам яратилган. Бу ўринда Бош прокуратура Академияси фаолиятини алоҳида таъкидлаш лозим.

 

Давлат ва ҳуқуқ институти: салкам бир йиллик фаолиятга назар

 

Президентимизнинг 2020 йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимида Давлат ва ҳуқуқ институтининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан Давлат ва ҳуқуқ институти ўз фаолиятини бошлади.

Давлат ва ҳуқуқ институти – Ўзбекистонда давлатчилик асосларини такомиллаштириш, ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва сиёсий-ҳуқуқий таълимотларни тарғиб қилиш соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотларни амалга оширадиган илмий муассасадир. Институтнинг муваффақиятли фаолияти мамлакатимизда юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштиришда катта аҳмиятга эга.

Очиқ айтиш керакки, юридик кадрларни тайёрлаш соҳасида рақобатнинг мавжуд эмаслиги ҳудудлардаги иқтидорли ёшлар учун тенг таълим олиш имкониятларини бир қадар чеклаётганди. Шу маънода, Давлат ва ҳуқуқ институтига миллий юридик таълим рақобатбардошлигини ошириш, ҳуқуқшунослик йўналишида фаолият юритадиган илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларига бериладиган имтиёзлардан фойдаланиш механизмларини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишда иштирок этиш имкони берилгани жуда муҳим.

Ҳозирги кунда Давлат ва ҳуқуқ институти нафақат ҳуқуқ соҳасидаги олимларни, балки барча ҳуқуқшуносларни бирлаштиришга хизмат қилмоқда. Юртимиз ҳуқуқшунослари томонидан бу ерда ўзаро ҳамкорликда илмий анжуманлар ташкил қилинаётгани, жамоавий ва индивидуал монографиялар тайёрлаш бўйича жадал амалий қадамлар қўйилаётгани бу фикрни яққол тасдиқлайди.

Аслида ҳам, Давлат ва ҳуқуқ институти ташкил этилгани тимсолида юртимиз олимлари жамоасининг катта орзуларидан бири ушалди. Бу, ўз навбатида, замонавий талаблар, илғор халқаро юридик тажриба ва меҳнат бозори эҳтиёжлари асосида юқори малакали, ижодий фикрлайдиган, ҳалол кадрлар тайёрлашни таъминлаш имконини бермоқда.

 

Мувофиқлаштирувчи кенгаш юридик фанлар ривожига қандай ҳисса қўшмоқда?

 

Ўтган йили Фанлар академияси Президиуми қарори билан Ўзбекистон Республикасида юридик фанларни ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш ҳам ташкил этилди. Шу ўринда юридик фанларни ривожлантириш борасида Мувофиқлаштирувчи кенгаш атрофида жипслашган ҳуқуқшуносларнинг мазкур соҳага қўшаётган ҳиссаси нимадан иборат бўлмоқда, деган савол туғилиши табиий.

Мувофиқлаштирувчи кенгаш асосан илмий тадқиқотларни ўтказиш, илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлашни такомиллаштириш, илмий тадқиқотларнинг асосий йўналишларини шакллантириш ва амалга оширишнинг долзарб муаммолари бўйича тавсиялар бериш ҳамда тадқиқот мавзуларини ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Унинг вазифаларига, жумладан:

  • Ўзбекистон Фанлар академияси тизимидаги Давлат ва ҳуқуқ институти илмий тадқиқотларининг асосий йўналишларини шакллантириш ва амалга оширишнинг долзарб муаммолари бўйича тадқиқот мавзуларини ишлаб чиқиш ва ташкил этишда ҳар томонлама ёрдам бериш;
  • қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари, илмий-тадқиқот ишлари режаларининг экспертизасини ўтказиш;
  • жамият учун долзарб илмий-ҳуқуқий муаммоларни муҳокама қилиш ва тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилган республика ва жаҳон миқёсидаги илмий тадбирлар, хусусан, конференциялар, симпозиумлар, семинарлар ўтказиш лойиҳасига таклиф бериш;
  • юридик ва бошқа туташ соҳаларда илмий-тадқиқотларни амалга оширувчи олимлар, изланувчилар, аспирантлар ва докторантларни илмий-тадқиқот ишларига жалб қилиш каби ишлар киради.

Ўтган қисқа даврда қуйидаги бирламчи вазифалар Мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзоларининг диққат марказида бўлди:

биринчидан – Давлат ва ҳуқуқ институти бўлимлари, секторлари ва бошқа илмий тузилмаларининг илмий фаолияти билан боғлиқ инновацион йўналишларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш;

иккинчидан – илмий ишланмаларни давлат органлари, нодавлат ташкилотлари амалиётига, шунингдек юридик олий таълим муассасаларининг ўқув жараёнида татбиқ этишга ёрдам бериш;

учинчидан – ривожланган хорижий давлатларнинг етакчи таълим ва илмий муассасалари билан ҳамкорликни, қўшма ҳуқуқий тадқиқотларни, профессор-ўқитувчилар ва талабалар ўзаро алмашинувини фаоллаштириш;

тўртинчидан – давлат ва ҳуқуқ соҳасида илмий ва инновацион тадқиқотлар йўналиши ва рўйхатини шакллантириш;

бешинчидан олий таълим ва илмий муассасаларга кадрлар тайёрлашга юридик соҳада чоп этилаётган адабиётлар ва дарсликлар билан кўмаклашиш.

Ҳозирги кунда Давлат ва ҳуқуқ институти ҳузуридаги Мувофиқлаштирувчи кенгаш илмий тадқиқотларни ўтказиш, илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлашни такомиллаштириш, илмий тадқиқотларнинг асосий йўналишларини шакллантириш ва амалга оширишнинг долзарб муаммолари бўйича тавсиялар бериш ҳамда тадқиқот мавзуларини ишлаб чиқиш билан боғлиқ ишларни изчил бажармоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари таълими нима?

 

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим барчанинг инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурматини рағбатлантириш ва унга ҳар томонлама риоя этилишини таъминлашда бирламчи аҳамият касб этади. Бундай таълим демократик жамият қуриш мақсадида ҳуқуқлар, эркинликларни англаб етиш ва улардан фаол фойдаланиш, мажбуриятларга амал қилишни назарда тутувчи инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим инсонларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик жабҳаларда, умуман, ўз ҳаётига дахлдор бўлган қарорларни қабул қилишнинг барча жараёнларида тўлақонли иштирокини таъминлаш, шунингдек ҳуқуқбузарликлар, зўравонлик ва низоларнинг олдини олишда ҳам муҳимдир.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси эълон қилингандан сўнг халқаро ҳамжамият инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини тан олди ва уларга риоя этилишини халқаро инсон ҳуқуқлари нормалари ва механизмлари орқали тарғиб қилишга киришди. Ушбу ҳуқуқлардан бири – таълим олиш ҳуқуқи – инсоннинг барча ҳуқуқларидан фойдаланиш учун бошланғич нуқтадир.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимга ушбу ҳуқуқлар тўғрисида билиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тарғиб қилишнинг усуллари ҳамда воситалари киради. Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия барча ёшларни қамраб оладиган ҳаётий жараёндир.

Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим нормалари кўплаб халқаро ҳужжатларга киритилган. 2011 йил декабрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим тўғрисидаги декларацияси қабул қилинган. Жорий йилда мазкур Декларация қабул қилинганлигининг 10 йиллиги кенг нишонланади.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим тўғрисидаги декларациясида белгиланганидек:

биринчидан, ҳар бир инсон ва жамиятнинг ҳар бир аъзоси таълим олиш ва ўқитиш орқали инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳурмат қилишга кўмаклашиши лозим;

иккинчидан, ҳар бир инсон таълим олиш ҳуқуқига эга ва таълим инсон шахсини ҳар томонлама ривожлантиришга, қадр-қимматини ҳис этишга, барча кишиларга эркин жамиятнинг фойдали иштирокчилари бўлишига, барча миллатлар, ирқий, этник ёки диний гуруҳлар ўртасида ўзаро тушуниш, бағрикенглик ва дўстликни ривожлантиришга йўналтирилган бўлиши керак.

Декларация аъзо давлатларга инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбияни таъминлаш масъулиятини юклайди. Бугунги кунда БМТга аъзо 20 дан ортиқ давлатнинг инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бўйича миллий ҳаракатлар дастурлари қабул қилинган бўлиб, давлатлар бу масалага эътиборини кучайтирмоқда.

 

Жаҳон дастурининг тўртинчи босқичи: Миллий комиссия фаолияти ҳақида

 

Маълумки, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим тўғрисидаги декларацияси қабул қилингунига қадар, яъни 2004 йил 10 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастури эълон қилинган. Бундан мақсад – барча давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бизнес секторида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим дастурларини амалга оширишга кўмаклашишдир.

Ҳозирги вақтгача ушбу Дастурнинг қуйидаги учта босқичи амалга оширилди:

биринчи босқич: 2005-2009 йиллар – мактабларда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим жараёнларини қамради;

 иккинчи босқич: 2010-2014 йиллар – олий таълим тизими, шунингдек ўқитувчи-мураббийлар ва давлат хизматчилари учун инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимга бағишланди;

учинчи босқич: 2015-2019 йиллар – оммавий ахборот воситалари вакилларига инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим берилди.

Ўз навбатида, 2020-2024 йилларда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичи амалга оширилмоқда. Янги босқич инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бериш орқали ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Олий Мажлис томонидан 2019 йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим тўғрисидаги декларацияси қоидаларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури қабул қилинган. Қонунчилик палатаси ва Сенат Кенгашлари томонидан 2019 йил 15 июлда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим тўғрисидаги декларацияси қоидаларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури ижроси юзасидан 2021 йил декабрга қадар таъминлаш назарда тутилган «Йўл харитаси» тасдиқланган.

 Яна бир муҳим қадам: Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 7 июндаги Фармойишига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия ташкил этилди.

Миллий комиссияни тузишдан кўзланган асосий мақсад – барча учун универсал бўлган ҳуқуқни ҳимоя қилиш нормалари ва тамойиллари, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилишнинг халқаро кафолатлари тўғрисидаги хабардорликни, шунингдек ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада оширишдпан иборат.

 

Инсон ҳуқуқлари таълими билан боғлиқ муаммолар ва уларнинг ечимлари

 

2021 йил апрель-май ойларида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан олий ўқув юртларида, лицей ва техникумларда “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари” ва “Бола ҳуқуқлари”га оид ўқув курслари ва дарсликлар жорий этилганлиги ҳолати ҳамда мазкур мавзуларнинг ўқитилиш сифатини ўрганиш мақсадида мониторинг ўтказилди.

Мониторинг Наманган, Хоразм, Самарқанд вилоятлари ва  Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида фаолият олиб бораётган муайян олий ўқув юртлари, ҳамда техникум ва академик лицейларни қамраб олди. Янада аниқ қилиб айтганда, ушбу таълим муассасаларининг 248 нафар профессор-ўқитувчиси ва 456 нафар талаба ўртасида сўров ўтказилди.

Олий ўқув юртларида ўтказилган мониторингда шу ҳолат яққол аён бўлдики,  “Инсон ҳуқуқлари” махсус курсини олий таълим тизимида ҳуқуқшунос мутахассислар эмас, балки асосан тарихчилар ёки фалсафа ўқитувчилари ўқитаётган экан. Мисол учун, Самарқанд давлат чет тиллар институти ўқитувчилари билан суҳбат давомида ҳам мазкур махсус курсни ҳуқуқшунос мутахассислигига эга бўлмаган мутахассислар ўқитиётгани муаммо сифатида кўтарилди.

Шу билан бирга, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан барча олий таълим муассасалари ректорлари ва филиаллар директорларига 2020 йил 24 сентябрда юборилган хатга мувофиқ, Ўзбекистон Миллий университети томонидан ишлаб чиқилган “Инсон ҳуқуқларини ўрганиш бўйича махсус курс” ўқув дастури бўйича 2020/2021 ўқув йилининг 1-семестрида, ўқув машғулотларидан ташқари соатлар доирасида махсус ўқув курси ташкил этилиши керак эди. Шунингдек, расмий хатда ўқув жараёнига тегишли малакага эга профессор-ўқитувчиларни жалб этиш вазифаси берилганди.

Афсуски, олий ўқув юртларининг проректорлари билан бўлиб ўтган суҳбат жараёнида бу ишлар олий таълим муассасаларининг айримларида ҳалигача ташкил этилмаганлиги маълум бўлди. Масалан, Наманган давлат университети, Самарқанд давлат университети, Самарқанд медицина-ветеренария институти, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти, “Ипак йўли” туризм халқаро университети, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети, Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали шулар жумласидандир.

Мазкур олий ўқув юртларида “Инсон ҳуқуқларини ўрганиш бўйича махсус ўқув курси”ни ўқитиш юзасидан молиявий манбалар белгиланмаган. Шу сабабли махсус курсни ўқитиш имконияти бўлмаган.

Бундай салбий ҳолат мониторинг жараёнида яна бир бор исботини топди. Яъни, анкетанинг “Сиз фаолият кўрсатаётган муассасада “Давлат ва ҳуқуқ асослари”, “Ҳуқуқшунослик”, “Ўзбекистон Конституцияси”, инсон ҳуқуқларини ўрганиш бўйича фанлар (курслар) киритилганми?” деган саволига жами 248 нафар респондентдан атиги 50 нафаригина ижобий жавоб берган.

Мониторинг анкетасига киритилган “Аёл ҳуқуқлари” ва “Бола ҳуқуқлари” асосан қайси фанлар (курслар) доирасида ўрганилади?” деган саволга 96 нафар респондент умуман бу мавзулар ўқитилмаслигини маълум қилган.

 Шуни ҳам таъкидлаш керакки, мониторингда иштирок этган профессор-ўқитувчиларнинг 54,8 фоизи, яъни 135 нафари мавжуд дарсликлар, мульти-медиа ресурслари “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёл ҳуқуқлари” ва “Бола ҳуқуқлари” фанлари бўйича таълимни ташкил этиш учун етарли эмаслиги ҳақида фикр билдирган.

Анкетанинг “Малака ошириш курсларида инсон ҳуқуқларига оид мавзулар ўқитилганми?” деган саволига 60,4 фоиз респондент бундай мавзулар ўқитилмаслигини билдирган. Яъни, бундан шундай хулосага келиш мумкинки, педагогик кадрлар малакасини ошириш институтларида ҳам инсон ҳуқуқлари бўйича дарс соатлари ёки курслар ҳалигача ташкил этилмаган.

Шу нуқтаи назардан, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида иш сифатини яхшилашимиз ва кўламини янада кенгайтиришимиз талаб этилади. Зеро, 2020-2024 йилларда давлатлар ва тегишли манфаатдор ташкилотлар ушбу Дастурнинг аввалги уч босқичини амалга оширишга қаратган саъй-ҳаракатларини янада фаоллаштиришга даъват этилаётгани бежиз эмас.

 

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурини амалга оширишнинг янги босқичи доирасида:

 

биринчидан, инклюзив, тинч жамиятни яратишга имкон берадиган тенг ҳуқуқлилик, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва камситмаслик руҳида ёшларни ўқитиш ва тарбиялаш;

иккинчидан, хотин-қизлар ва болаларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда, 2030 йилгача Барқарор ривожланиш кун тартибидаги “ҳеч кимни ёддан чиқармаслик” мақсадига мувофиқ аҳолининг заиф қатламлари билан ўзаро алоқалар ўрнатиш;

учинчидан, педагог кадрлар, шу жумладан, болалар ва ёшлар билан ишловчи тарбиячилар учун инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни ташкил этиш;

тўртинчидан, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида тегишли тадқиқотлар ўтказиш, баҳолаш, илғор тажриба ва олинган сабоқлар билан ўртоқлашиш кўзда тутилган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия – амалда

 

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси экспертлари иштирокида ишлаб чиқилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштириш ва инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришда катта аҳамият касб этмоқда. Ушбу ҳужжатда инсон ҳуқуқлари масаласига тизимли ёндашиш ва мавжуд бўшлиқларни, камчиликларни бартараф этиш зарурлиги очиқ-ойдин кўрсатилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг ижросини таъминлашга қаратилган “Йўл харитаси” 78 та банддан иборат бўлиб, 2020-2025 йилларда амалга оширилиши белгиланган. Миллий стратегия ижроси доирасида, жумладан, олий ўқув юртлари учун инсон ҳуқуқлари бўйича ўқув курслари жорий этиш вазифаси кўзда тутилган.

Миллий стратегия доирасида таълим муассасаларида «Инсон ҳуқуқлари», «Аёллар ҳуқуқлари» ва «Бола ҳуқуқлари» бўйича ўқув курсларини, шунингдек “Инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳуқуқ» мутахассислиги бўйича қўшма магистратура йўналишини (консорциум) жорий қилиш бўйича амалий ишлар қилинмоқда.

Бундан ташқари, 12.00.13 – “Инсон ҳуқуқлари” мутахассислиги очилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузурида «Инсон ҳуқуқлари» ихтисослиги бўйича фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларини олиш учун илмий кенгаш иш бошлади. Марказда, шунингдек Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилиш соҳасида кадрлар малакасини ошириш бўйича ўқув курслари фаолияти йўлга қўйилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг 2020 йилдаги фаолияти ҳисоботида Ўзбекистон билан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлик муносабатлари ижобий баҳоланган. Энг асосийси, ҳисоботда пандемия шароитига қарамай, мамлакатимизда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси билан ҳамкорликда ўтган йилда тегишли хизматлар ходимларининг малака ва салоҳиятини ошириш ишлари изчил давом эттирилгани алоҳида қайд этилган. Хусусан:

биринчидан, 200 та миллий субъект – карантин чоралари амал қилган шароитда одил судлов имкониятларидан фойдаланиш;

иккинчидан, 25 нафар ҳуқуқшунос – эркинлик ҳуқуқи, одил судлов, қийноқлардан холи бўлиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро механизмларидан фойдаланиш ва миллий судларда инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳуқуқ нормаларини қўллаш;

учинчидан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 400 нафар ходими – БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси хабарномалари билан ишлаш тартиб-таомилларини ўрганиш;

тўртинчидан, 44 нафар мутахассис – инсон ҳуқуқлари соҳаси билан шуғулланадиган фуқаролик жамияти ташкилотларининг фаолияти ҳисобдорлиги ва мониторингини амалга ошириш борасида тажриба оширган;

бешинчидан, 180 нафар киши – Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция вА Барқарор ривожланиш мақсадларини амалда татбиқ этиш доирасида ўтказилган семинарларда иштирок этган.

Хулоса қилиб айтганда, кейинги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида, шу жумладан ушбу йўналишдаги таълимни такомиллаштириш борасида салмоқли ишлар қилинди. Зеро, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.

Шу билан бирга, юридик таълим ва фанни ривожлантириш – мамлакатимизда амалга оширилаётган шиддатли ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотлар самарасини таъминлаш, кейинги истиқболларини белгилашнинг ҳал қилувчи омилларидан ҳисобланади. Зеро, давлатчиликнинг бош мезони қонун ва адолат устуворлигидир. Ҳолбуки шундай экан, давлат қонунлар асосида қурилмас ва жамият ҳаётида адолат тамойиллари таъминланмас экан, унинг келажаги ҳам бўлмайди.

 

Акмал Саидов,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик, юридик фанлар доктори

“Куч – адолатда” газетаси

 

 

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech