Француз журналисти, «L'Opinion» газетаси таҳририятининг “Осиё” бўлими мудири ва муҳаррири Клод Лебланc мамлакатимизга сафарининг иккинчи куни Самарқанд шаҳрида бўлди. Хорижлик меҳмоннинг қадимий ва навқирон шаҳримизга сафари 22 декабрь – сайлов кунига тўғри келди.
Клод Лебланcнинг айтишича, у аҳолининг сайловга бефарқ эмаслигига гувоҳ бўлган. Сайловчиларнинг овоз беришда фаол ва кўтаринки кайфиятда иштирок этгани француз журналистини ҳайрон қолдирган.
К.Лебланс менга қўл телефонидаги суратларни кўрсатади: сайлов участкаларидаги ишчан жараёнлар, сайловчиларнинг овоз бериши, сиёсий партиялар ваколатли вакиллари ва халқаро кузатувчиларнинг холис назорати, сайлов жараёнларини ёритаётган оммавий ахборот воситалари журналистларининг фаолияти...
– Ўзим бориб кузатган сайлов участкаларида овоз бериш жараёнлари миллий қонунчилик ва халқаро сайлов стандартларига мувофиқ ҳолда, шаффоф, очиқ ва ошкора ташкил этилганини кўрдим, – деди К.Лебланс. – Давлат сайлаш ва сайланиш учун фуқароларга тенг ва кенг шароитлар яратган. Марказий сайлов комиссияси, жойлардаги сайлов комиссиялари мустақил ва ишчан фаолият юритмоқда. Сиёсий партиялар кузатувчилари ҳушёр ва талабчан. Халқаро кузатувчилар ҳам кўп экан. Айниқса, волонтёрларнинг беминнат фаолияти, хусусан, халқаро кузатувчилар ва хорижий журналистларга таржимонлик қилаётгани менга манзур бўлди. Буларнинг барчаси, Ўзбекистонда сайловлар демократик асосда ва замонавий талаблар бўйича ташкил этилганидан далолат беради.
Дарвоқе, Клод Лебланc Самарқанд билан илк бор танишди. Шу боис унинг саёҳатдан олган таассуротлари билан ҳам қизиқдим. “Кўҳна пойтахт шаҳримиз сизга манзур бўлдими?”, деган саволимга: “Ер юзида Самарқандни ёқтириб қолмайдиган одам боласи топилармикан?”, дея жавоб қайтарди француз ҳамкасбим.
Ғулом Мирзо
(К.Лебланс фотосуратларидан фойдаланилди)
- Қўшилди: 23.12.2019
- Кўришлар: 4831
- Чоп этиш