(«Япония Конституцияси – ўзбек юристи нигоҳида» мақоласининг давоми)
Конституциянинг 11-моддасида “Халқ инсоннинг барча асосий ҳуқуқларидан монеликсиз фойдаланади. Ушбу Конституция билан кафолатланадиган инсоннинг асосий ҳуқуқлари ҳозирги ва келажак авлодларга бузилмас мангу ҳуқуқлар сифатида тақдим этилади. Халқ инсоннинг барча асосий ҳуқуқларидан тўсиқсиз фойдаланади”, деб қайд этилган.
Конституциянинг 12-моддасида “Ушбу Конституция билан кафолатланадиган эркинликлар ва ҳуқуқлар халқнинг доимий саъй-ҳаракатлари билан қўллаб-қувватланиб турилиши керак. Халқ ушбу эркинликлар ва ҳуқуқларни ҳар қандай суиистеъмол қилишдан тийилиб туриши керак ва улардан жамиятнинг тинч-тотувлик манфаатларида фойдаланиш учун доимий масъулдир” деб кўрсатилган.
Конституциянинг 13-моддасида эса шундай дейилади: “Барча одамлар шахс сифатида ҳурмат қилиниши керак. Уларнинг яшаш, эркинлик ва бахт-саодатга эришишга интилиш ҳуқуқи ижтимоий барқарорликни бузмаслиги учун қонунчилик соҳаси ва бошқа давлат ишларида ғамхўрликнинг олий йўналиши ҳисобланади”.
Ушбу моддалар инсон ҳуқуқлари абадул-абад ва бузилмас эканлигини, ўз моҳияти бўйича инсоннинг бир-бирига зид бўлган асосий ҳуқуқларини тартибга солиш мумкинлигини назарда тутади. Масалан, бошқа одамларнинг шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилиш учун жазолаш фикр билдириш эркинлигини чегаралаши мумкин.
Бироқ у бошқа одамларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш учун ҳар қандай ҳолатда зарурдир. Бундай чегаралашлар “жамият фаровонлиги” концепцияси доирасида тушунтирилиши мумкин.
Шундай қилиб, “жамият фаровонлиги” концепцияси доирасида инсоннинг барча ана шундай ҳуқуқлари бошқа одамлар ҳуқуқларига зид келмаса, уларни чегаралаш учун асос йўқ. Масалан, фикрлаш ва виждон эркинлиги (19-модда) мутлақ қоида сифатида англанади ва бу масалада чегаралашларга йўл қўйилмайди.
“Жамият хавфсизлиги” нуқтаи назарини ҳисобга олган инсон ҳуқуқларини чегаралайдиган қонунлар ва норматив ҳужжатлар қоидаларини асослаш имкониятига келганда, суд ишлари тадбиркорлик фаолиятининг эркинлиги каби иқтисодий эркинликларни чегаралайдиган қонунлар ва норматив ҳужжатлар қабул қилишда қонунчилик ҳокимиятига иш кўришнинг нисбатан кенг эркинлигига йўл қўяди. Бошқа томондан, фикрлаш эркинлигини чегаралайдиган қонунларни талқин этадиган қатъий мезонлардан фойдаланилади.
Шу муносабат билан қонунчилик ҳокимиятининг иш кўришлари чегараланади. Шундай қилиб, “жамият фаровонлиги” концепцияси суд ишлари билан белгиланган ва ҳар бир ҳуқуқ моҳиятига боғлиқдир, чунки Конституцияда жамият фаровонлиги тушунчасига аниқлик киритадиган қоидалар мавжуд эмас. Давлат томонидан “жамият фаровонлиги” тушунчасини ихтиёрий талқин қилиш имконияти мавжуд бўлмаслиги керак.
10-боб – Конституциянинг миллий ҳуқуқ тизимида устунлигини ўрнатади. Бу, жумладан, бошқа ҳеч қандай қонунлар унга зид бўлмаслигини англатади. Қонунлар ва бошқа давлат ҳужжатлари контитуциявий нормаларга зид келса, “қонуний кучга эга бўлмайди”.
Конституциянинг 98-моддаси 2-бандида кўзда тутилган қоида – “Япония томонидан имзоланган шартномалар ва ўрнатилган халқаро ҳуқуқий нормаларга сидқидилдан амал этилиши керак”. Япония томонидан ратификация қилинган ва эълон қилинган шартномалар, шу жумладан инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги шартномалар ички давлат ҳуқуқининг қисми сифатида қонуний кучга эгадир.
Шартномаларнинг қоидалари тўғридан-тўғри амал қиладиган нормалар бўлиши тўғрисидаги масала тегишли қоидаларнинг мақсади, аҳамияти ва таърифи ҳисобга олинган ҳар бир аниқ ҳолатда ҳал этилиши лозим.
Японияда конституциявий ислоҳот истиқболлари
Япония Конституцияси ҳуқуқий “умри”нинг ўзига хос хусусияти - у амал қилиб келаётган бутун давр давомида бирорта конституциявий тузатишлар киритилмаганлиги билан ажралиб туради. Ҳолбуки Конституция қабул қилинганидан буён 70 йилдан кўпроқ вақт ўтди. Бу ҳолат, шу жумладан Конституцияга ўзгартириш киритиш тартиби ниҳоятда қатъий эканлиги билан изоҳланади (9-боб).
96-моддага мувофиқ, Конституцияга ўзгартиришлар парламентнинг ташаббуси бўйича киритилиши мумкин. Бунда ана шу ўзгартиришлар ҳар бир палата аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми кўпчилиги томонидан қўллаб-қувватланиши керак.
Шундан кейин ана шу ўзгартиришлар умумхалқ референдумида кўпчиликнинг овоз бериши орқали маъқулланиши керак ёки бу парламент қарори томонидан белгиланадиган бошқача сайлов ўтказиш орқали маъқулланиши талаб қилинади.
Фақат шундан кейингина Император ўзгартиришларни “халқ номидан Конституциянинг ажралмас қисми сифатида” промульгация қилади. Конституцияни қайта кўриб чиқишнинг юқорида қайд этилган тартиби мустаҳкамлаб қўйилганига қармасдан уни ўзгартириш юзасидан умумхалқ овоз бериш тартиби тўғрисидаги қонун шу пайтгача қабул қилинмаган.
1950-1980-йилларда Конституцияни қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги масала у қадар кўп кўтарилмаган. Шундан кейинги даврда уни ўзгартириш тўғрисидаги таклифлар вақти-вақти билан Парламент, партиялар, жамоатчилик томонидан муҳокама қилинган.
Бунда энг мунозарали масала 9-моддада мустаҳкамлаб қўйилган уруш олиб бориш ҳамда қуролли кучларни халқаро можароларни ҳал этиш воситаси сифатида қўллаш тўғрисидаги масала бўлган.
2005 йил августида Япониянинг Бош вазири Юниширо Коицуми Бош вазир назорати остида қуролли кучлардан “миллатни ҳимоя қилиш” мақсадида фойдаланишга ҳамда уларнинг халқаро операцияларда иштирок этишига рухсат берадиган ўзгартиришни илгари сурган. Ушбу тузатиш жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинди.
Императорнинг ролини кучайтириш, хотин-қизларнинг мақоми, таълим тизими тўғрисидаги конституциявий нормаларни киритиш, диний ташкилотлар ҳуқуқий ҳолатини ўзгартириш, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимчалар киритиш ва қатор бошқа таклифлар ҳам киритилди. Шунингдек, сайланадиган Бош вазир мансабини киритиш, сайлов тизимини такомиллаштириш имкониятлари муҳокама этилди.
Конституцияни ислоҳ этиш бўйича таклифларда уни ўзгартириш тартиби нормаларини соддалаштириш масаласи кўтарилди. Бунда Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган учдан икки кўпчиликнинг ёқлаши тўғрисидаги нормани парламентда овоз беришда оддий кўпчилик билан соддалаштириш таклифи ҳам киритилди.
Халқ томонидан овоз бериш тўғрисидаги қоидага келганда, бирорта сиёсий гуруҳ уни ўзгартириш масаласини кўтармади. Эҳтимол, бунга ушбу қоида ҳозирга қадар фойдаланилмай келинганлиги сабаб бўлгандир.
Турли сиёсий кучларнинг фаол мунозара ўтказишлари, шунингдек 2000 йилдан бошлаб Парламентнинг ҳар икки палатасидаги Конституцияни ўзгартириш бўйича қўмиталар фаолиятига, ушбу масала бўйича қатор эшитишлар ўтказилганига қарамасдан Конституцияни ўзгартиришга якдил ёндашувни шакллантириб бўлмади.
Энг барқарор замонавий Конституция
Япониянинг 1947 йилги Конституцияси энг барқарор замонавий Конституция ҳисобланади. Зеро, у қабул қилинган 72 йилдан бери Конституцияга ҳеч бир тузатиш киритилмаган.
Худди ана шу ҳолат Япониянинг 1947 йилги Конституцияси сифати ва барқарорлигининг яққол далолатидир. Япония Конституциясининг бундай барқарорлиги, энг аввало, баҳс талаб қилмайдиган афзалликлари: мазмунининг мукаммаллиги, қоидаларнинг аниқлиги ва конституциявий нормаларнинг маҳоратли шакллантирилганлиги билан изоҳланади.
Ҳақиқатан ҳам, япон халқи Конституциясининг нуфузини жуда юқори баҳолайди. Японияда Конституция у кучга кирганлигининг биринчи йили – 1948 йилдан бошлаб нишонлаб келинади ва мамлакатда давлат байрами ҳисобланади. Японлар ушбу санани севишади, чунки у байрамларнинг “олтин ҳафталиги”га киради.
Ана шу “олтин ҳафта” 29 апрелдаги Сёва кунини, 3 майдаги Конституция кунини, 4 майдаги Кўкатлар кунини ва 5 майдаги Болалар кунини қамраб олади. Бу кунларда Япония парламенти биноси одамлар учун очиқ бўлади.
Шунингдек, мактаблар, университетлар ва бошқа муассасаларда Конституциянинг Японияни тараққий эттиришдаги аҳамияти тўғрисида маърузалар қилинади. Буларнинг ҳаммаси япон халқида конституциявий ватанпарварликни шакллантиришга йўналтирилгандир.
Акмал Саидов,
академик
- Қўшилди: 17.12.2019
- Кўришлар: 6124
- Чоп этиш