Қарор ва ижро
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 21 апрелда “Давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.
Қарорда давлат органлари ва ташкилотлари, устав фонди давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятларидаги коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларининг устувор вазифалари белгиланди.
Жумладан, ушбу тузилма коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаб, унинг олдини олади, уларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этади.
Давлат хизматларини кўрсатишда коррупциявий омилларни бартараф этади. Маиший коррупциянинг олдини олиш, шу жумладан, рақамлаштириш, бюрократияни қисқартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.
Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш ва якунлари бўйича аниқланган коррупциявий нормаларни бекор қилиш бўйича таклиф киритади.
Давлат харидларини амалга оширишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик чораларини кўради. Давлат харидлари бўйича превентив ўрганишларни амалга оширади.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан мунтазам равишда Коррупцияга қарши курашиш агентлигига электрон ҳисобот тақдим этиб боради.
Тегишли соҳа ва тармоқда коррупциявий хавф-хатарлар рўйхатини шакллантириш, уларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиб, тасдиқланишини таъминлайди.
Давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши ички назоратни амалга ошириш ва коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш имконини берувчи ситуацион марказлар фаолиятини йўлга қўйиш бўйича таклифлар киритади.
Меҳнат жамоасида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ва одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб боради.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича ижобий тажрибаларни оммалаштириш ва жорий этиш юзасидан таклифлар киритади.
Кўриниб турибдики, тузилманинг вазифалари жуда ҳам масъулиятли. Шу боис, бу ишни олиб борадаги мутахассис ҳар томонлама малакали бўлиши керак.
Шу мақсадда мамлакатимизда Коррупцияга қарши ички назорат тизими самарадорлигини ошириш бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказилмоқда.
Юқорида қайд этилган қарорда 2027 йил 1 январгача ҳуқуқий эксперимент тариқасида Соғлиқни сақлаш, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Сув хўжалиги вазирликларида, «Ўзбекнефтгаз», «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамиятлари эксперимент ўтказиладиган ташкилотлар этиб белгиланди.
Мазкур ташкилотлар коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари раҳбари лавозимига Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари тайинланиши керак эди.
Шундан келиб чиқиб, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг тегишли буйруқлари билан Сардоржон Маманов – Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаси бошлиғи лавозимига, Ойбек Абдуғаниев – Сув хўжалиги вазирлигининг Коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаси бошлиғи лавозимига, Фарҳод Бойтўраев – «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамиятининг Коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаси бошлиғи лавозимига, Алишер Давланов – «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятининг Коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаси бошлиғи лавозимига тайинланди.
Айтиб ўтиш керакки, эксперимент ўтказиладиган ташкилотларнинг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари раҳбарлари бевосита Коррупцияга қарши курашиш агентлигига бўйсунади.
Эксперимент ўтказиладиган ташкилотларнинг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари фаолиятини ташкил этиш, мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш Агентлик ҳамда эксперимент ўтказиладиган ташкилотлар томонидан биргаликда амалга оширилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 24.06.2025
- Кўришлар: 128
- Чоп этиш