“Янгиланаётган Конституция бизники, биз референдумда овоз берамиз!”

5 апрель куни Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш Наманган вилояти бошқармасида шу мавзуда маданий-маънавий форум ўтказилди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Фанлар  академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти билан ҳамқорликда ташкил этилди.

Тадбирда Наманган вилояти Нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси И.Нажмиддинов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази масъул ходими Ҳ.Мўминов, Давлат ва ҳуқуқ институти директори М.Турғунов, ушбу институт бўлим бошлиғи А.Худойбердиев, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятининг вилояти бўлими раиси К.Шералиев, Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳудудий бўлинмаси раҳбари И.Каримов сўзга чиқди.  

Иштирокчиларга Конституциямиздан ўрин олаётган янги демократик қоидалар, уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида ахборот берилди. Шунингдек, давлат ва жамият аҳамиятига молик масалаларни ҳал қилишда халқнинг бевосита иштирокини ифодалайдиган референдумнинг аҳамияти ҳақида фикрлар юритилди.

Референдум – демократиянинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланиши эътироф этилди. Ўз навбатида, конституциявий ислоҳотлар “Аввал инсон, кейин – жамият ва давлат” деган ғоя асосида эркин, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлатни шакллантириш ва тараққий этиришга қаратилгани билан аҳамиятли экани таъкидланди.

Тадбир иштирокчилари жорий йил 30 апрель куни бўлиб ўтадиган  Ўзбекистон Республикаси  референдумида  барчани фаол иштирок этишга чақирдилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech