"ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИНИНГ ИШОНЧЛИ ҲИМОЯСИ БОРАСИДА ЎЗАРО ҲАМКОРЛИК"

23 февраль куни Самарқанд шаҳрида шу мавзуда халқаро конференция ўтказилди.  Мамлакатимиз миқёсида ўтказилаётган “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги” доирасида ташкил этилган ушбу тадбир Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институтига асос солинганининг 28 йиллигига бағишланди.

 Тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Конституциявий суд, Олий суд, Бош прокуратура, Ташқи ишлар, Ички ишлар, Адлия вазирликлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда қатор давлат ташкилотлари вакиллари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳузуридаги комиссия аъзолари, фуқаролик жамияти институти вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Конференциянинг очилиш маросимида Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаева, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Ханс-Ульрих Им сўзга чиқиб, бугунги кунда дунё миқёсида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш энг долзарб масалалардан бири эканлигини таъкидладилар. Бу борада БМТ, бошқа халқаро ташкилотлар ҳамда давлатлар томонидан олиб борилаётган ибратли ишлар, қабул қилинаётган ҳужжатлар ва уларнинг ижросига эътибор қаратилди.

Халқаро конференция ўз ишини сессияларга бўлинган ҳолда олиб борди. Унда хотин-қизлар ва ёшлар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг миллий ва халқаро механизмлари, Омбудсманнинг давлат идоралари ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари билан ўзаро ҳамкорлиги масалалари муҳокама қилинди ва ўзаро тажриба алмашилди.

Сўзга чиққанлар томонидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда имкониятлар тенглигини таъминлаш, ногиронлиги бўлган шахсларга етарли шароитлар яратиш долзарб масала эканлиги қайд этилди.

Тадбир доирасида Венгрия ва Сербия давлатлари Омбудсманлари билан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўртасида икки томонлама ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Халқаро конференция якунлари бўйича Самарқанд резолюцияси қабул қилинди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech