Мамлакатимизда 20 февралдан 28 февралга қадар “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги” давом этмоқда. Мазкур ҳафталик доирасида 22 февраль куни Фарғона шаҳрида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги ўқув курси бошланди.
Ўқув курси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилмоқда.
Унда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратураси тизими ходимлари иштирок этмоқда.
Ўқув машғулотлари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 7 февралдаги тегишли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурига асосан ўтказилаётгани алоҳида эътирофга лойиқ.
Машғулотлар аввалида инсонни қийноққа солишдан мақсад унинг шахси ва шаънини оёқости қилиш, ор-номуси ва қадр-қимматини топташ ҳамда хўрлашдан иборат эканига эътибор қаратилди. Шунинг учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланувчи Ўзбекистон ҳам қийноқларни муайян одамлар томонидан бошқаларга нисбатан қўлланадиган энг ғайриинсоний қилмиш сифатида ҳар доим қоралаб келади.
Ўқув курсида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор Мирзатилло Тиллабоев, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори, юридик фанлар доктори Муроджон Турғунов, Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бошлиғи ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор Музаффаржон Мамасидиқов, Ички ишлар Академияси “Жазони ижро этиш фаолияти” кафедраси доценти, подполковник Қувонч Қодиров маърузалари тингланди.
Абдувосит СИДИҚОВ.
- Қўшилди: 27.02.2023
- Кўришлар: 3851
- Чоп этиш