Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба”

Ички ишлар вазирлигининг Фарғона академик лицейида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги” доирасида шу мавзуда ўқув курси ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари Азизбек Икромов видео-мурожаатларида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланувчи Ўзбекистон қийноқларни муайян одамлар томонидан бошқаларга нисбатан қўлланадиган энг ғайриинсоний қилмиш сифатида ҳар доим қоралаб келишини таъкидлаб ўтдилар.

Бу борада қабул қилинган барча ҳужжатлар, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддаси талабига кўра, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа турдаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас.

- Айрим ҳолларда қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайри инсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи шахслар томонидан қўлланилаётганлиги, афсуски, бор ҳақиқат, - дейди Фарғона шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими суриштирувчиси Мавлуда Жалолова. - Шу боис, қийноққа солишга қарши курашиш бўйича ўқув курслари айнан тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун ташкил этилди. Бу эса мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатини янада кучайтиришга жиддий эътибор қаратилаётганини яққол тасдиқламоқда.

Икки кун давом этган ўқувда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари, юридик фанлар доктори Мирзатилло Тиллабоев, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори, юридик фанлар доктори Муроджон Турғунов, Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бошлиғи ўринбосари, юридик фанлар доктори Музаффаржон Мамасидиқов, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар академияси доценти Қувонч Қодиров каби спикерларнинг маърузалари тингланди.

Фарғона ҳақиқати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech