АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси Дональд Лу Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида муваффақиятга эришилганини, айниқса, пахта теримида мажбурий ва болалар меҳнатидан фойдаланишда улкан ўзгаришлар юз берганини таъкидлади.
24-февраль куни АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Дональд Лу ва АҚШ Давлат котибининг иқтисод ва бизнес масалалари бўйича ёрдамчиси Рамин Толуи Давлат котиби Энтони Блинкеннинг Қозоғистон, Ўзбекистон ва Ҳиндистонга бўлажак сафари ҳақида гапирди.
Давлат котиби ёрдамчиси, шунингдек, АҚШ ҳукумати Марказий Осиёда инсон ҳуқуқларини таъминлашга катта эътибор қаратишини ва бу масалани АҚШ учун устувор вазифа деб билишини таъкидлади.
«Марказий Осиёда инсон ҳуқуқларини такомиллаштириш Қўшма Штатлар учун ҳамиша устувор вазифа бўлиб келган», деди АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Дональд Лу журналистлар билан бўлиб ўтган брифинг чоғида.
У Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи ҳақида ҳам гапирди.
«Йиллар давомида инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ жиддий муаммолар мавжуд бўлган Ўзбекистонда ўтган йили пахта теримида мажбурий ва болалар меҳнатидан фойдаланишда катта ўзгаришлар кузатилди. Шундай қилиб, яқинда Халқаро Меҳнат Ташкилоти Ўзбекистонда ислоҳотлар натижасида бу бутунлай йўқ қилинганини кўраётганини айтди – бу бир йилдан сал кўпроқ вақт ичида содир бўлди. Бу ҳақиқатан ҳам ажойиб. Биз бундай жадал тараққиётни дунёнинг бошқа бирор жойида кўрмаганмиз», — дея хулоса қилди АҚШ ташқи сиёсат департаменти вакили.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Тошкентга ташриф буюриши хабар қилинганди. Бундан ташқари, у C5+1 вазирлар йиғилишида иштирок этади, сўнгра G20 ташқи ишлар вазирлари йиғилишида иштирок этиш учун Ню-Деҳлига боради.
tafsilar.info
- Қўшилди: 28.02.2023
- Кўришлар: 3512
- Чоп этиш