Миллий марказда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси вакиллари билан учрашув бўлди

28 февраль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида Марказ директори ўринбосари Дилноза Муратова ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё учун минтақавий бўлинмаси халқаро эксперти Шаҳрибану Таджибахш ўртасида учрашув бўлиб ўтди.    

Учрашувда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё учун минтақавий вакили Ф.Пиана, БМТ Террорга қарши бошқармасининг сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси Д.Дигол, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё учун минтақавий бўлинмаси лойиҳалар ёрдамчиси А.Сайдарипова, Миллий марказнинг Халқаро шартномаларни имплементатсия қилиш бўлими бошлиғи Ў.Очилов, Ахборот-ресурс мултимедиа бўлими бошлиғи К.Олимова, Халқаро ҳамкорлик бўлими етакчи мутахассиси Қ.Обидов ҳам иштирок этди.  

Мулоқот асносида репатриация, реабилитация ва реинтеграция бўйича чора-тадбирларда инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан ёндашувни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. 

Ўзбекистон томони меҳмонлар ташрифини қутлар экан, мамлакат бугунги кунда халқаро терроризмга қарши курашда фаол иштирокчилардан бири эканлигига эътиборни қаратди. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда  амалга оширилаётган кенг кўламли ва суръатбахш демократик ислоҳотлар негизида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ва ҳимоя қилишдан иборат масалалар ҳукумат сиёсатинининг асосий йўналишларидан ҳисобланиши алоҳида таъкидланди.

Хусусан, 2019-2021 йилларда амалга оширилган “Меҳр” операцияси ҳақида фикр юритилди. Бу жабҳада амалга оширилган ишлар юзасидан меҳмонларга атрофлича маълумот тақдим этилди.

Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Меҳмонларга Миллий марказнинг асосий мақсади, ваколати ва вазифаларига доир маълумотлар берилди.

Миллий марказ вакили Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича Махсус маърузачиси  Фионнуала Ни Аолейннинг Ўзбекистонга ташрифи якунлари юзасидан ҳисоботида назарда тутилган тавсияларни амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилганлигини қайд этди. Бу жараёнга миллий ва хорижий экспертлар кенг жалб қилингани эътироф этилди.

Ўз навбатида, Шаҳрибану Таджибахш самимий қабул учун миннатдорчилик билдирди. Ўзбекистоннинг можароли ҳудудлардан ўз фуқароларини репатриация ва реинтеграция қилиш бўйича “Меҳр” операциялари доирасида амалга оширган ишларини юқори баҳолади.

Ш.Таджибахшнинг таъкидлашича, ушбу амалиёт халқаро жамиятга намуна сифатида терроризм ва таҳдидларга қарши курашиш шароитида инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг амалий ифодаси бўлиб хизмат қилади. Унинг сўзларига кўра, репатриация бўйича дастлабки амалиётнинг мавжуд эмаслиги ҳамда мазкур жараён ҳали якунига етмаганлиги туфайли бу борадаги ишларни тизимлаштириш зарурияти бугунги кундаги асосий масалалардан бирига айланди.

Шунингдек, Ш.Таджибахш реабилитация жараёнларида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг ўрни, бу жараёнлар юзасидан мониторинг олиб бориш ҳамда келгусидаги режаларга доир ўзини қизиқтирган саволларга жавоблар олди.

Учрашув якунида сўз юритилган соҳалар бўйича халқаро экспертларнинг қўшимча тавсияларини олишга ва бу борадаги ҳамкорликни кучайтиришга келишилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

 Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech